Навоийда хавфли рецидивист ўз қариндошининг мулкига тажовуз қилди

Навоийда хавфли рецидивист ўз қариндошининг мулкига тажовуз қилди

Фарзанд ота-онанинг Аллоҳдан тилаб топган неъмати ҳисобланади. Ушбу норасида гўдак оппоқ қоғозга ўхшаб, ота-онанинг тарбияси, маҳалла кўй эътибори билан ушбу қоғоз тўлиб боради.

О.Рўзиевнинг ҳам қариб қолган онаси фарзандидан не не умидлар қилганди. Афсус...

Жиноят ишлари бўйича Нурота туман  суди девонхона мудири Х.Асомов "ANIQ.UZ"га жиноятлардан бири тафсилотини маълум қилди. 

О.Рўзиев  муқаддам ўғрилик жиноятини содир этганлиги  сабабли икки маротаба озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланган бўлиб, тавба нелигини билмади.

2016 йилда қамоқдан чиқа туриб, қамоқхона бошлиғи ва судга бот-бот тузалиши, қайта жиноят қилмаслиги, давлат ва жамиятга фойдали меҳнат билан шуғулланиши ҳақида ваъда берганди. Онаси шўрлик ўғлини уйлантириб тинчийман деб ўйлаганди.

Бироқ, О.Рўзиев спиртли ичимликка ружу қўйди. Уйда бор нарсани ароққа алмаштириб ичиб бўлгач, ҳеч қаерда ишламасдан, фойдали меҳнат билан шуғулланмасдан, осон бойлик топиш мақсадида 2019 йил 13 ноябрь куни соат тахминан 10:00 ларда спиртли ичимлик таъсирида маст ҳолатда момоси Қодирова Шоҳистанинг яшаш хонадонига бориб, ушбу хонадон меҳмонхонасига вақтинча сақлаш учун қўйилган холаси Қодирова Лобар Хайдаровнага тегишли бўлган, баҳоси 300.000 сўм бўлган бир дона юк сумкаси (чемодан)ни ҳамда мазкур сумка ичида бўлган, умумий баҳоси 1.915.000 сўмлик турли кийим-кечаклар ҳамда матоларни  яширин равишда талон-торож қилиб, ўғирлаган.

О.Рўзиев ўғирлаган нарсаларини очиқ бозорда сотолмаслиги жуда яхши биларди. Шу сабабли, у бир кўча нарида жойлашган дўконга бориб, ўзини худди пули қолмаган Тошкентдан ҳозиргина уйига келган шахс сифатида дўкон сотувчисига кўрсатиб, чемоданни олиб туришини, бунинг эвазига унга 100.000 сўм пул беришини, бу пулларни у йўл ҳақига бериб, уйидан унга 100.000 сўм пулларини қайтаришини ва чемоданни ундан олиб кетишини айтиб, ўзини ночор аҳволда қолган шахс сифатида кўрсатиб, унинг ишончига кириб, 100.000 сўм пулларни сотувчидан олиб, бу пулларга дорихонадан спирт олиб Нурота шаҳрида жойлашган истироҳат боғида маст ҳолатда ухлаб қолган.

Мазкур жиноят иши жиноят ишлари бўйича Нурота туман суди раиси З.Ибрагимов томонидан кўриб чиқилиб, Рўзиев Ойдин Қаҳрамоновичнинг жамиятдан ажратмаган ҳолда ахлоқини тузатишнинг имкони йўқ деб топилиб, унга нисбатан 5 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

О.Рўзиев ёлғиз онаси билан бирга яшарди. Унинг ўғри ва ароққа муккасидан кетганлигини билган турмуш ўртоғи ҳам фарзандини олиб уйига кетган. Ёлғиз она катта ҳовлида бир ўзи қаровсиз қолганида кимни айблаш мумкин?!

Шу ўринда, боболаримизнинг “нима эксанг шуни ўрасан” деган мақоллари нақадар тўғри эканлиги яна бир бор исботини топади.

 

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!