Навоийда ноҳақ айбланган туман ИИБ ўринбосари оқланди

Навоийда ноҳақ айбланган туман ИИБ ўринбосари оқланди

Жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар судининг 2019 йил 4 сентябрдаги ҳукмига кўра, Д.Солиевга (исм-фамилиялар ўзгартирилган ёки шартли ҳарфлар билан белгиланган) Ўзбекистон Республикаси ЖК 206-моддасининг 1-қисми билан ЖКнинг 70-моддасига асосан жазо тайинланмасдан ҳукм чиқарилган.

Суднинг ҳукмига кўра, Д.Солиев 2017 йил 18 апрелдан Учқудуқ тумани Ички ишлар бўлими бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари-ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси бошлиғи лавозимида ишлаб келиб, 2019 йил 06 апрель куни соат 09:30 ларда Учқудуқ туман ИИБ навбатчилик қисмининг фуқаро И.нинг дори ичиб, ўз жонига суиқасд қилганлиги ҳақида туман прокуратурасига берган хабарига кўра, туман прокуратураси терговчиси лавозимида иш ўрганувчи Т.Очилов, туман ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими профилактика инспектори М. ва туман ИИБ Жиноят қидирув бўлими тезкор вакили Л.дан иборат таркибдаги тергов-тезкор гуруҳи фуқаро И.га тиббий ёрдам кўрсатилаётган Навоий кон-металлургия комбинати Шимолий кон бошқармасига қарашли 2-сонли тиббий-санитария қисмига етиб келишиб, ҳодиса тафсилотларига аниқлик киритилаётган вақтида, у ерга туман ИИБ бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари – ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси бошлиғи Д.Солиев етиб келган.

Шундан сўнг, Д.Солиев туман ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими профилактика инспектори М.дан воқеа тафсилотлари ҳақида сўраб суриштириб, фуқаро И. қандай дори ичганлигини сўрайди. Шу вақтда туман прокуратураси терговчиси лавозимида иш ўрганувчи Т.Очилов, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 36-моддасида белгиланган терговчининг ваколатларидан фойдаланиб, М.га шифокор хонасидан И. истеъмол қилган дори идишларини олиб чиқишини ва зудлик билан биргаликда ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечиришга боришлари лозимлигини айтади. Д.Солиев Т.Очиловга бироз кутиб туришини, ходим унга воқеа тафсилотлари ҳақида ахборот бераётгани ҳақида айтади. Т.Очилов эса М.га яна шифокор хонасидан И. истеъмол қилган дори идишларини олиб чиқишини айтади. Шунда Д.Солиевнинг жаҳли чиқиб, Т.Очиловга ходим унга ахборот беришни тугатмагани, дори идишларини олиб чиқиш профилактика инспекторининг ваколатига кирмаслигини, далилий ашёлар ҳодиса содир бўлган жойдан расмийлаштирилиб олиниши лозимлигини, шу сабабли унинг ўзи дори идишларини олиб чиқишини айтади. Шунда Т.Очиловнинг жаҳли чиқиб, Д.Солиевга “кет бу ердан” дея уни шаъни ва қадр қимматини камситувчи сўз билан ҳақорат қилади. Бунга жавобан Д.Солиев ҳам Т.Очиловга қарата “Мени бундай қилиш сенга эмас, сен олдин форма кий, сен прокурор бўлгунга қадар мен пенсияга чиқаман” дея уни шаъни ва қадр қимматини камситувчи сўз билан ҳақорат қилиб, ўнг юзига бир марта шапалоқ билан урган.  

Ўзбекистон Республикаси ЖК 206-моддасининг 1-қисмида, ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш, яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсининг ўзига қонун билан берилган ваколатлар доирасидан четга чиқадиган ҳаракатларни қасддан содир этиши, фуқароларнинг ҳуқуқларига ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёхуд жиддий зиён етказилишига сабаб бўлганлиги учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Дастлабки тергов органи томонидан Д.Солиев Т.Очиловни ҳақорат қилганлиги, бир шапалоқ урганлигини Д.Солиев мансаб ваколати доирасидан четга чиқиб, Т.Очиловнинг қонуний манфаатларига жиддий зиён етказган деб баҳоланган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2000 йил 15 сентябрдаги “Ҳарбий хизматни ўташ тартибига қарши жиноятларга оид ишларни кўриш бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги 23-сонли Қарорининг 4.5-банди талабига кўра, мансабдорлик жиноятига хос жиноий оқибат - жиддий зиён бўлиб, у ўз хусусияти ва кўламига кўра кўп миқдорни ташкил этади. Жиноят тугалланган деб тан олиниши учун зарар амалда етказилган бўлиши шарт.

Жиддий зиён тушунчаси ўз ичига ҳокимият ёки хизмат ваколати доирасидан четга чиқиш жинояти учун хос бўлган жабрланувчининг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарарни ҳам олади.

Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 9-моддасида, шахс қонунда белгиланган тартибда айби исботланган ижтимоий хавфли қилмиши учунгина жавобгар бўлиши белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 22-моддасида, терговчи, прокурор ва суд жиноят юз берганлигини, унинг содир этилишида ким айбдорлигини, шунингдек у билан боғлиқ барча ҳолатларни аниқлаши шартлиги, иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқилиши кераклиги, ишда юзага келадиган ҳар қандай масалани ҳал қилишда айбланувчини ёки судланувчини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган ҳолатлар аниқланиши ва ҳисобга олиниши лозимлиги қайд этилган.

Бироқ, дастлабки тергов органи ва биринчи босқич суди томонидан юқоридаги Қонун ҳамда Пленум қарори талабларига риоя қилинмаган.

Бундан ташқари, дастлабкитергов органи ва биринчи босқич суди томонидан Д.Солиевнинг айби ишончли ҳамда мақбул далиллар билан исботланмаган ҳамда унинг мансаб ваколати доирасидан четга чиқиб, Т.Очиловнинг қонуний манфаатларига жиддий зиён етказганлигини намоён этувчи ишончга сазовор ва мақбул далиллар тўпланмаган.

2019 йил декабрь ойининг 17 куни жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят суди апелляция инстанцияси судлов ҳайъати, юқоридагиларга асосан, суд ҳукмининг Д.Солиевни айбли деб топиш қисмини бекор қилиб, Д.Солиевни Ўзбекистон Республикаси ЖК 206-моддасининг 1-кисмида назарда тутилган жиноятни содир этмаган деб топиб, ЖПК 83-моддасининг 2-бандига асосан оқлашни лозим топди.

 

Азизжон Сафаров,

Жиноят ишлари бўйича

Навоий вилоят суди судьяси


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!