Наманганда ўқитувчи коллежнинг тартибсиз ўқувчиларини калтаклади: бу сафар ким ҳақ?

Наманганда ўқитувчи коллежнинг тартибсиз ўқувчиларини калтаклади: бу сафар ким ҳақ?

Ёдингизда бўлса, Тошкент вилоятида дарсни ўзлаштирол­маётган бошланғич синф ўқувчиларининг пешанасига ўқитувчининг “2” баҳо қўйгани, Фарғонада эса ўқитувчи аёл юқоридан келган текширув вақтида дарсдаги қониқарсиз иштироки учун танбеҳ эшитиб, ўқувчи қизнинг юзига кундалик дафтар билан ургани каби ҳолатлар кенг жамоатчилик томонидан муҳокама қилиниб, тегишли чоралар кўрилган эди. Яқинда эса худди ана шундай низоли вазият билан Наманган хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи “тарих”га муҳрланди. Интернет тармоқларига жойланган видео ҳаволада Наманган савдо ва маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси бир гуруҳ ўғил болаларни калтаклаётгани ва ҳақоратлаётгани акс этган. Суриштирувларимиздан маълум бўлишича, ўқувчилар такрор-такрор дарс қолдириб келганлар. Бу ўқувчилар калтакланишининг бир сабаби, бошқа тафсилотларни эса суриштирувимиз давомида ойдинлаштиришга ҳаракат қилдик.

Ўқитувчи бироз қизишиб кетганини тан олди, аммо...

Рашид САФАРОВ, 35-гуруҳ раҳбари:

— Гуруҳ билан ишлаш давомида мен барча амалдаги қоидалар бўйича ишлаганман. Ҳатто ота-оналарнинг ҳам бу борада тушунтириш хатларини олганман. Ўқувчилар ҳам ёзма тарзда огоҳлантирилган. Мақсадим уларни тартибга чақириш бўлган. Шу куни тўғриси, бироз қизишиб кетдим ва уларга қўл кўтариб, оғзимдан хунук сўзлар чиқиб кетди…

"Ўқитувчини ­ноодатий "тарбиявий­ соат"га мажбур қилган"

Баҳодир ЭРГАШЕВ, коллежнинг ҳарбий таълим ўқитувчиси:

— Бу гуруҳ ўқувчилари аслида олдиндан дарс соатларини қолдириб келишган. Ҳатто бу ҳолатни яхшилаш мақсадида ҳар куни тонги йиғилишларда ҳам алоҳида таъкидлаб келамиз. Барча ўқитувчилар бунинг олдини олиш учун кўп бора шуғулланганмиз. Аслида тарқалган видеоҳаволани яхшилаб эшитсак, 35-гуруҳ раҳбари Рашид Сафаров ўқувчиларни калтаклаётганда: “Рухсат сўрасанг, беряпмизми? Касал бўлсанг “справка” олиб кел, неча марта таъкидлаш керак сенларга, дарслардан қочиб кетмаларинг...”деган сўзлари бор. Бундан англаш мумкинки, ўқувчиларнинг тартибсизлиги такрорланавергани ўқитувчини ана шу тарзда “тарбиявий соат” ўтказишга мажбур қилган.

Маҳалла томонидан эътироз сабаб...

Аслида ҳам ўрганиш­ларимиз жараёнида кўп йиллардан бери ишлаб келаётган фахрий устозлар ва Рашид Сафаровнинг бошқа ҳамкасблари калтакланган 35-гуруҳ ўғил болалари бироз “эркалиги” ва ички қоидаларга бўйсунмаслиги сабаб коллеждаги энг намунали ва талабчан ўқитувчи бўлган Рашид Сафаровга бириктирилган. Бундай ҳолатлар, яъни ўқувчиларнинг дарс қолдиришлари тез-тез бўлиб турган. Ҳатто ўқувчилар дарсдан қочишда коллеж биносини аҳоли хонадонлари билан ажратиб турувчи қўрғондан ошиб ўтишни одат қилишган. Натижада газ тармоғи қувурига жиддий зарар келтиришган, яъни “труба” узилиб кетган. Шу боис аҳоли вакиллари коллежга ҳолат юзасидан жиддий эътироз билан чиқишган. Ана шу ҳолатларда ҳам ўқитувчи аввалига ота-оналар ва маҳалла фаоллари иштирокида тушунтириш хатлари олган. Бироқ ўқувчилар бу одатларини ташламаганлар.

Коллеж вилоятда энг нуфузли ва бир неча йиллик фаолиятга эга бўлгани сабаб, бу ерда ҳатто 30-40 йиллик малакали тажрибага эга устозлар ўқувчиларга таълим-тарбия бериб келади.

Ҳасанбой НЎЪМОНОВ, ижтимоий фанлар ­кафедраси мудири:

— Коллежи­миз фаолият бошлаганига 80 йилдан ошди, мен эса 40 йилдан бери фаолият юритиб келаман. Аммо шу вақтга қадар бундай кўнгилсиз ҳолатлар кузатилмаган. Ўқитувчилар жамоаси ва ўқувчилар доим ўрнак кўрсатиб келган. 35-гуруҳ ўқувчиларининг ҳам билим олишига кўмак беради, ҳам уларнинг таълим тарбия­сига алоҳида эътибор қаратади, деган мақсадда ёш ўқитувчи Рашид Сафаров бириктирилган эди. Бу ўқитувчи, албатта, ўзининг тўққиз йиллик фаолиятида зиммасидаги вазифаларни бажариб келган. Яъни ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари билан доимо алоқада бўлган. У ҳеч қачон ўқувчиларга ёмон бўлсин, демайди. У ҳам ахири шундай қилишга мажбур бўлган назаримда.

"Бу хатти-ҳаракати педагогик одоб-ахлоқ меъёрларга зид"

Жавлон ҲАКИМОВ, маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари:

— Аслида ўқувчиларнинг тартиб-қоидалари, яъни таълим муассасига ки­йиниб келиш, уяли алоқа воситаларидан фойдаланиш, бурч ва мажбуриятлари билан боғлиқ тегишли фармойишлар мавжуд. Бу бўйича деярли ҳар доим ишлар олиб борилади. Бироқ Рашид Сафаровнинг бу хатти-ҳаракати педагогик одоб-ахлоқ меъё­рларга зид. Ана шу сабаб 27 октябрь куни турли интернет сайтларида тарқалиб кетган видео юзасидан жамоанинг йиғилиши ўтказилди. Рашид Сафаров йўл қўйган хатоси юзасидан тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Ўқувчилар "оппоқ"ми?

Ушбу видеоҳавола “ўргимчак тўри” орқали тарқалгач, фойдаланувчилар томонидан турлича муносабат билдирилди. Кимдир ўқитувчининг “тарбиявий соати”ни педагогнинг одоб-ахлоқ қоидаларига тўғри келмайди, унинг ўзини ҳам худди шундай калтаклаб, ҳақоратлаш кераклигини билдирган бўлса, аксарият фойдаланувчилар ўқитувчини бундай тартибга чақиришига сабаб бўлган “қаҳрамон”лар ҳам бегуноҳ эмас, яъни уларнинг ҳам таълим муассасаларидаги тартиб-қоидага риоя қилмаганини ҳам оқлаб бўлмаслигини ифода этишган. Тўғри, уйдами, кўчадами, таълим-тарбия масканидами, хуллас, қаерда бўлмасин, вояга етмаганларга нисбатан зўрлик ишлатишни оқлаб бўлмайди. Бу бўйича Ўзбекистон Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги халқаро конвенцияни ратификация қилганини унутмаслик керак. Аммо халқ орасида бир нақл бор: қарс икки қўлдан чиқади. Хўш, унда ким айбдор: ота-она, маҳалла фуқаролар йиғини аралашуви билан ҳам ўқувчини тартибга чақиролмагач, калтаклашгача мажбур бўлиб, педагогик одоб-ахлоқ қоидаларини “бузган” ўқитувчими ёки уни шунга мажбурлаган тартибсиз ўқувчилар?

Ота-оналарнинг ­жавобгарлиги қандай?

Маълумки, сўнгги пайтларда фарзандининг таълим олишини талаб даражасида таъминлай олмаётган ота-оналар учун ҳам қонунчиликда белгиланган меъёрлар амалда ижро этиб келинмоқда. Уларнинг ҳам бу борада жавобгарлигини кучайтириш учун жарима жазоси тайинланган.

Назокат ТУРҒУНОВА, ҳуқуқшунос:

— Агар ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахс­лар вояга етмаган болаларнинг юртимизда белгиланган мажбурий таълим олишига тўсқинлик қилса, яъни бу борада бепарволик, масъулиятсизликка йўл қўйса, уларга нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланади. Бундай ҳолатларда нафақат ўқитувчилар жавобгар бўлади, балки ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахсларга нисбатан ҳам Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс­нинг 47-моддаси 2-қисми талабларига кўра, энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима чораси қўлланилишига сабаб бўлади. Ҳуқуқий нуқтаи назардан ўқитувчи таълим муассасаси қоидаларига бўйсунмаган, дарслардан қочиб юрган, мунтазам дарс қолдирган ёки кечикишни одат қилиб, тартибсизликни юзага келтирган ўқувчиларнинг ота-оналарига нисбатан ана шундай қонуний жазо чоралари қўлланилишини ўз вақтида таъминлаганида мақсадга мувофиқ бўларди.

Қарс икки қўлдан чиқишининг исботи

Айни вақтда юқоридаги саволларга жавоб топиш учун ижтимоий тармоқ орқали кичик сўровнома ўтказишга ҳам тўғри келди. Натижаларга кўра, сўровномага муносабат билдирган 216 нафар фойдаланувчиларнинг 107 нафари “Ҳар қандай ҳолатда ҳам ўқитувчининг бундай ҳаракати педагогика этикасига тўғри келмайди”, деб ҳисоблади. Қолган 109 нафар фойдаланувчи эса “Ўқитувчи ҳақ, агар ҳатто маҳалла фуқаролар йиғини ва ота-она аралашуви ҳам ўқувчининг тартибсизлигига чек қўя олмаса”, деган фикрда.

Бу натижа билан кифояланмай, суриштирувимиз давомида гувоҳи бўлган айрим ҳолатлар билан ҳам вазиятни таққослашга уриндик. Масалан, коллежнинг бошқа гуруҳдаги талабалари, уларнинг кийиниш маданияти, дарс жараёнларига қатнашувларини кўриб, 35-гуруҳ билан боғлиқ бундай кўнгилсизликда танганинг иккинчи томонини ҳам кўриш муҳим эканлигини англадик. Демак, айб фақат ўқитувчида эмас, балки...

Manba: darakchi.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!