Наманганда "қаловини топиб, қорни ёндирган" қариндошнинг қилмиши фош бўлди

Наманганда "қаловини топиб, қорни ёндирган" қариндошнинг қилмиши фош бўлди

Халқимизда «Қаловини топсанг, қор ҳам ёнади» деган бир кўҳна мақол бор. Албатта, бу мақол йўқни бор қилиб кўрсатадиган, ўз манфаати йўлида кутилмаган «уддабуронлик»ка «қодир» бўлган  одамлар ҳақида айтилган.

Аммо жамиятимизда бировнинг ишончини суиистеъмол қилиб, яхшиликка ёмонлик билан жавоб бераётган, инсофни унутиб «қорни ёндираётганлар» ҳам учраб туриши жуда ачинарли. Норин туман маъмурий судининг очиқ суд мажлисида кўриб чиқилган бир маъмурий ишда ҳам айнан яхшиликка қайтарилган ёмонлик муҳокамага мавзу бўлди.

Бу ўринда Исмоил Шодиевнинг (исм-шарифлар ўзгартирилган) манфаатдор Норин туман ҳокимлигига нисбатан Норин туман ҳокимининг 2018 йил 12 январдаги қарорининг фуқаро О. Пўлатова номига мулк ҳуқуқини белгилаш тўғрисидаги қисмини ҳақиқий эмас, деб топиш ҳақидаги шикоят аризаси бўйича юритилган иш ҳақида сўз бормоқда.

И. Шодиевнинг судга шикоятидан маълум бўлишича, турмуш ўртоғининг амакиси — тумандаги «Боёвул» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Алимардон Солиев фарзанди бўлмагани учун турмуш ўртоғи вафотидан сўнг ёлғизланиб қолади ва «уйимнинг чироғини сизлар ёқиб туринглар, уй солинглар» деб ҳовли-жойини И. Шодиевга бермоқчи бўлади.

Аммо ўша пайтларда, яъни 1988 йил А. Солиев пулдан қийналганлиги сабабли ҳовли-жойни Қурбон Дўстматовга 3 000 сўмга сотиб юборади.

Бундан хабар топган И. Шодиев зудлик билан Қ. Дўстматовга 3 000 сўмни бериб, ҳовли-жойни қайтариб олади.

Аммо ҳовли-жойни нотариал идора орқали расмийлаштириш жараёнида амакиси А. Солиев вафот этади. Сўнгра И. Шодиев ушбу ҳовли-жойдаги 2 хонали эски, хароб иморатларни бузиб, ўрнига аввал 2 хонали, кейинчалик 4 хонали уй қуради.

Айни шу кезларда И. Шодиевнинг қайнсинглиси Ойдин Пўлатова турмушидан ажрашиб, отасининг уйида яшаб юрганди. 2009 йилда, турмуш ўртоғининг таклифига кўра, у ўзи қурган уйни қайнсинглисига вақтинчалик фойдаланиб туриши учун беради. Яъни одамгарчилик қилади.

Кейинчалик уй-жой ўзларига керак бўлгани учун И. Шодиев қайнсинглиси О. Пўлатовадан уйни бўшатишни сўрайди. О. Пўлатова эса, ушбу ҳовли-жойни аллақачон ўзининг номига ўтказиб олганини айтади. Буни эшитиб, И. Шодиев таажжубдан ёқа ушлаб қолади.

Шундан сўнг И. Шодиев адвокатнинг алоқа хати орқали Норин туман ҳокимининг 2018 йил 12 январдаги қарорига биноан О. Пўлатова номига мулк ҳуқуқи белгиланганини билади.

Шу боис, у ўзи қурган уйга нисбатан қандай қилиб бошқа кишининг номига мулк ҳуқуқи берилган, деган саволга жавоб топиш мақсадида, туман ҳокимлигидаги мавжуд ҳужжатларни ўрганади.

Ўрганиш жараёнида уй-жойлар ким томонидан қурилгани тўғрисидаги маҳалла фуқаролар йиғини берган маълумотнома ҳамда гувоҳларнинг тушунтиришлари нотўғри эканини аниқлайди. Ушбу низоли ҳовли-жойда ҳозирда О. Пўлатова яшаётган бўлса-да, ҳовлидаги уй-жойларни у қурмаганлиги, Норин туман ҳокимлигининг ўрганиш комиссияси томонидан О. Пўлатовага ҳақиқатга тўғри келмайдиган ҳужжатлар асосида, ҳолатни тўлиқ ўрганмай туриб, ушбу қарор чиқарилганлиги маълум бўлади.

Фуқаролик қонунчилигида мулк ҳуқуқи муддатсиз деб кўрсатилган. Мазкур қарор эса, И. Шодиевнинг мулкка бўлган ҳуқуқига зид бўлиб, оқибатда унинг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқлари бузилган эди.

Шу сабабли И. Шодиев «Боёвул» маҳалласида жойлашган ушбу мулкка нисбатан Норин туман ҳокимининг 2018 йил 12 январдаги 112-сонли қарорининг О. Пўлатова номига мулк ҳуқуқини белгилаш тўғрисидаги қисмини ҳақиқий эмас, деб топиш ҳақида суддан ҳал қилув қарори чиқаришни сўради.

Ажабо… Бировнинг бутун бошли ҳовли-жойини осонгина ўз номига ўтказиб олиш, туман ҳокимлиги комиссиясини чалғитиш, алдаш, энг ачинарлиси, бошпанасиз юрган оғир дамларда вақтинча яшаб туришга жой бериб, яхшилик қил¬ган қариндошига нисбатан номардлик қилиш — буларнинг бари ҳеч бир ақлга сиғмайди.

Туман ҳокимлиги комиссияси аъзолари нега масалани бир ёқлама ўрганишди экан? Маҳалла вакиллари қаёққа қарагандилар?

Бу каби саволларнинг барчасига судда ойдинлик киритилди.

Гарчи О. Пўлатова суд мажлисида И. Шодиев ҳақи¬қатан ҳам, опасининг турмуш ўр¬тоғи, яъни поччаси бўлишини, мазкур низоли ҳовлида 2009 йилдан буён яшаб келиши, қурилишда ўзи ҳам иштирок этганини баён қилган бўлса-да, аслида, бу ердаги барча қурилишлар И. Шо¬диев томонидан амалга оширилганлиги гувоҳлар, қўни-қўшнилар ва иморатлар қурилишида ишлаган усталарнинг кўрсатмалари асосида тўлиқ исботланди.

Ҳатто И. Шодиевнинг турмуш ўртоғи орқали синглисига коммунал тўловларни тў¬лаш учун берилган пулларни О. Пўлатова олиб, тўловларни ими-жимида ўзининг номидан амалга оширгани ҳам аён бўлди.

Яна бир муаммо — И. Шодиев мазкур уй-жой ўзига тегишлилигини тасдиқловчи ҳужжатларни расмийлаштириш учун маҳалла фуқаролар йиғинига бир неча марта мурожаат қилган. Маҳалла мутасаддилари эса, у доимий рўйхатдан ўтмаса, ҳужжатларга муҳр босиб бермаслигини айтган.

Оқибатда у ҳовли-жой ҳужжатларини ўз вақтида расмийлаштира олмаган.

О. Пўлатовага эса, ҳужжатлар бир зумда расмийлаштириб берилган. Бу ғалати ҳолатлар кишини ўйлантирмай қўй¬майди.

Судда иштирок этган туман ҳокимлиги вакили эса, ялпи хатлов ўтказилганда тегишли комиссия томонидан ҳеч қандай низоли ҳолат аниқланмаганлиги сабабли О. Пўлатовага мулк ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисида қарор чиқарилганини баён қилди.

Иш юзасидан Норин туман «Ермулккадастр» давлат корхонаси вакили К. Исматов эса, 2016-2017 йилларда туманда ялпи хатлов ўтказилгани, «Боёвул» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи О. Пўлатованинг яшаш хонадони ўрганилганда, у ушбу уй-жой ўзига мерос бўлиб қолганини айтгани, маҳалла фуқаролар йиғинидан ҳам низоли ҳолат мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотнома олингани, шунга асосан, туман ҳокимининг қа¬рори чиқарилиб, кадастр йиғма жилди тайёрланганини билдирди.

Суд тарафлар ва гувоҳларнинг кўрсатмаларини тинглаб, ҳужжатларни атрофлича муҳокама қилиб, юқоридаги манзилда жойлашган би¬но-иншоотлар ким томонидан қурилганлиги тўлиқ ўрганилмасдан аризачининг ҳуқуқ ва манфаатлари бузилган ҳамда туман ҳокимининг қарори ноқонуний қабул қилинган, деган хулосага келди.

Суд Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 154-159-моддаларини қўллаб, фуқаро И. Шодиевнинг шикоят аризасини қаноатлантирди. Норин туман ҳокими қарорининг О. Пўлатова номига мулк ҳуқуқини белгилаш тўғрисидаги қисмини ҳа¬қиқий эмас, деб топди.

Шунингдек, О. Пўлатова томонидан келтирилган апелляция шикояти асосида ушбу низоли масалани Наманган вилоят маъмурий суди апелляция инстанциясида ҳам кўриб чиқилди.

Апелляция суди мажлисида сўралган жавобгар — туман ҳокимлиги ишончли вакили О. Сулаймонов ўз кўрсатмасида қуйидагиларни:

мазкур иш биринчи бос¬қич суди томонидан тўлиқ ўрганиб чиқилгани;

«Боёвул» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ялпи хатлов ўтказилган вақтда О. Пўлатова уй-жойлар ўзига тегишлилигини айтганлиги сабабли унга ишониб, қарор қабул қилиниб, кадастр ҳужжати расмийлаштирилгани;

низоли уй-жой аслида И. Шодиев томонидан қурилганлиги судда ҳам тасдиқлангани;

О. Пўлатованинг уй қуришга имконияти йўқлиги гувоҳлар томонидан судда билдирилгани;

маҳалла фуқаролар йиғини томонидан берилган далолатномага ишониб, туман ҳо¬кимининг қарори қабул қи¬линганини баён қилиб, ишни қонуний ҳал этишни сўради.

Бундай ҳолларда судлов ҳайъати келтирилган апелляция шикоятини қаноатлантиришга асослар мавжуд эмас, деб ҳисоблади.

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 219-моддаси 1-бандига кўра, апелляция инстанция¬си суди шикоятни кўриш натижалари бўйича суднинг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришга ҳақли.

Судлов ҳайъати қонун талабидан келиб чиқиб, биринчи босқич судининг ҳал қилув қа¬рорини ўзгаришсиз, келтирилган апелляция шикоятини қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топди.

Шу тариқа «қаловини топиб, қорни ёндирган» оқибатсиз қа¬риндошнинг ёлғондан иборат пинҳона кирдикорликлари фош бўлди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!