Мусофир ҳасрати: «Бағрингга қайтамиз, Ўзбeкистон!»

Мусофир ҳасрати: «Бағрингга қайтамиз, Ўзбeкистон!»

Ҳамманинг нигоҳи унда. Унинг эса ҳеч ким билан иши йўқ. У йиғлар, хун-хун йиғларди... Мастдир дея ўйладим. Аммо мастга ҳам ўхшамасди, дуппа-дуруст одам. Билсам, узоқ йиллик айрилиқдан сўнг ҳозиргина Ватан тупроғига қадам қўйган... Ич-ичидан оқиб келаётган туйғулар селида қолган Мусофир экан!

Бу воқеага Тошкент вокзалида, тасодифан дуч келиб қолгандим. Унутиб ҳам юборган, ўзимнинг ташвишли дунёмга шўнғиб кетаверган эдим.

Бугун эса орадан йиллар ўтиб ўша етти ёт кишини эслаяпман. Нега экан-а? Чунки...

Чунки, бугун мен ҳам Мусофирман!

Зинҳор ҳолимдан шикоят қилмоқчи эмасман. Юртимни соғиндим, элимни соғиндим, деб айюҳаннос солиш ниятим ҳам йўқ. Шунчаки, гоҳ-гоҳида дардларимни дафтаримга тўкаман, холос:

Киндик қоним тўкилган

Ерлар кирмиш тушимга...

Кунда-кунора онажоним билан гаплашиб тураман. Биламан, мени соғинганлар... Ахир, мени ўқишга кузатаётганда йиғлаб кузатар, кутиб олаётганда ҳам йиғлаб кутиб олар эдилар-ку!..

Мен ҳам, мен ҳам соғинганман онажонимни! Лекин буни ўзларига айтолмайман, хавотир оладилар.

Қалам ва қоғоз. Булар менинг ажралмас дўстларим, уларга ёзиламан:

Онагинам, мен фақат

Сизни кўргим келяпти!

Отам билмаган дардларимни ҳам мана шу дўстларим билади:

Отагинам, мен ҳозир

Сизни кўргим келяпти!

Болаларимга аталган ҳисларимни ҳам дафтаримнинг қатларида сақлайман:

Зерикибми, зориқибми, соғинибми гоҳ

Суратларни титкилайман, тикаман нигоҳ.

Қарашларинг бунча маъсум, бунча бегуноҳ,

Муҳаммадим, отасини соғинган болам...

***

Юртдан кечиб, элдан кечиб, ота-онанг, оиланг, бола-чақангдан, касбингдан айрилиб йироқларда юриш сенга нега зарур, дерсиз?

Ким билади... балки ҳақдирсиз.

Сиздан бошқалар ҳам сўраган буни.

Мен Ватанимда ватаним бўлиши учун Ватанимни тарк этишга мажбур бўлдим.

Очиқ гапирай. Мен Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факультетини битирдим. Маърифат газетасида мухбир, Бошланғич таълим журналида бўлим муҳаррири, Ёш куч журналида мухбир, Педагог минбари журналида масъул котиб бўлиб ишладим. Бақадриҳол иш ўргандим, элга қўшилдим, дўст-ёр орттирдим. Фаолиятим давомида эл-у юртимга қанчалик нафим тегди, билмайман.

Лекин онам, отам, оилам, яқинларимга, атрофимга керакли эътиборни беришга кўпда ожизлик қилар эдим. Биласиз, ҳар йигитнинг бўйнида бир олам бурчлари бор. Ўз бурчларини ўрнига қўймай туриб қилинган ҳар қандай баландпарвоз даъво пучга чиқади. Оила юкини улоқтириб, оламнинг юкини елкалайман деган киши ёлғончидир. Ўттизга кириб-да, ўзгаларнинг оғирини енгил қилиш ўрнига, ўзи юк бўлиб юриш кишини, айниқса, эр кишини эзиб қўяди.

Кечинмаларимни бирор манфаат илинжида ёки қандайдир аламзадаликдан ёзаётганим йўқ. Айни дамда ҳам айни ташвишлар аламини чекаётган ҳамкасб, ҳаммаслакларим бор. Яқин-яқинларгача ва ҳатто ҳамон ҳуррият тақчиллиги ва иқтисодий танглик кўнгил аҳлининг, қалам аҳлининг, умуман, давлат ташкилотларида ишлайдиган ҳамюртларимизнинг руҳини туширди, жамоатчилик олдида эътиборини зада қилди. Тили қисиқ, қўли калта бўлиб қолди. Алалоқибат, ҳар ким ўзига ўзича йўл қидира бошлади. Ҳамма ҳам маслагига содиқ қолиб бир умр тош тишлаб сабр билан, матонат билан ўтолмайди. Буни уддалаган, бир умр элнинг эртаси учун курашган мард-у майдон кимсаларни эса, кўрсангиз, кўзингизга суртинг, бошингизга кўтаринг, саломимизни етказинг!..

Маслагига содиқ яна шундай серғайрат кишилар бор. Улар бир пайтнинг ўзида бир неча ишнинг бошини тутдилар. Аммо, биласиз, Бир вақтнинг ўзида ҳамма жойда бўлиш ҳеч жойда бўлмасликдир деган ҳаёт қонуни ҳам бор. Бундай тутим кўпгина иқтидор ва илм эгаси бўлган шахсиятларнинг парчаланишига сабаб бўлиши мумкин. Агар улар бутун диққатларини бир мақсадга йўналтирсалар, яхшироқ самара берармиди, ким билсин.

Энди иш бошлаган пайтларим эди. Давлат ташкилотларидан бирида ишлайдиган яқин қариндошим айтганди: Гоҳида айрим ҳамкасбларингиз идорамизга келиб туради, на уятни билади, на номусни. Лўли ҳам улардан яхшироқ... Ер ёрилса-ю, ерга кириб кетсам, дегандим.

Афсуски, мана шундай тоифалар ҳам йўқ эмас. Виждонини сотиб, инсофини ҳам ҳаром топган нонига қўшиб еб кун кўради. Тамагирлик, товламачилик, порахўрликдан ор-номус қилмайди. Кимнинг қўлида парча суяк кўрса, бориб думини ликиллатади, каламуш каби элнинг ризқига чанг солади. Халқ орасидан хайр-у баракани кеткизади. Худойим бундай кишиларнинг инсофини берсин!

Айрим дўстларимиз эса қалам-қоғозини улоқтириб, ўзларини бозорга урдилар. Барака топсин улар ҳам. Аммо элдан гапирмас, фақатгина пулдан гапирар бўлдилар.

Кимларимизга эса йўл кўринди. Ҳар томонга ризқ қидириб сочилиб кетдик. Эл-у юртимиздан ҳам, китоб-дафтаримиздан ҳам узоқлашганча узоқлашдик.

Кадр етиштиришни билган халқ, давлат кадрларига эга чиқишни ҳам билиши керак.

Давлат дунё муҳорабасида ҳаёт учун, ҳуррият учун курашаётган қўшинга ўхшайди. Ҳар бир ходими, ҳар бир фуқароси унинг аскари. Заиф, қўрқоқ, руҳи тушкун, истиқболдан умидсиз аскардан ҳеч қандай фойда йўқ. Давлат мутахассис кадрларининг қадр-қийматини билиши, уларни ҳам моддий, ҳам маънавий қўллаши, тарбиялаши ва халқнинг кўзида ҳам, ҳақиқатда ҳам қаҳрамонларга айлантириши лозим. Ғалабани қаҳрамонларсиз, курашсиз қўлга киритиб бўлмайди.

Хориждан истиқбол қидиришнинг омиллари талай. Шулардан яна бири таълим тизимимиздаги оқсоқликлар. Аввало, мамлакатимизда таълим-тарбия ишларимиз, оғзимиз кўпириб мақтаниб келганимиз билан, мақтагулик эмаслиги очиқ-ойдин кўз ўнгимизда. Олий таълим муассасаларига танлов чоғида ўқийман, ўрганаман деган кўплаб умидларимиз ноҳақлик, адолатсизлик бўронларида қолиб, чанг-тўзонда йўлларини йўқотиб қўйяптилар!

Ҳазрат Навоийнинг Гавҳарни имтиҳон учун тошга урмайди деган ўгитларига зид равишда ким билади қанчадан-қанча инжуларимизни синдириб келяпмиз! Бечора йиллар давомида ўқишга тайёрланади, юқори балларни тўплайди, лекин имтиҳондан йиқилади. Кўз ўнгида не бир ўйинлар ўйналади. Китоб юзини кўрмаган танишлари талаба бўлиб кетаверади. Яна кейинги имтиҳонга тайёрланай деса, яримта нонга қаноат қилиб боласини ўқитиб келаётган ота-онасининг ҳам силласи қуриган, ўзининг руҳий олами ҳам абгор... Нима қилади кейин? Бор-е! деб, Россияга ишлагани кетади. Қайтиб келганда кўрасиз-ки, унда ундан ҳеч вақо қолмаган...

Минг амаллаб ўқишга кирган, ўқиб битирган кадрларнинг аҳволи билан ҳам юқорида озгина танишдик. Кадр тайёрлашнинг заҳмати бизга, роҳати бировларга! Биз 10-20 йил маблағ, куч, умримизни сарфлаб етиштирган мутахассисларимизни кўзга сурта-сурта энг оғир, энг тубан ишларга соляптилар!

Ҳозирда Жанубий Кореяда ишлаётган бўлсам, бу ерда танишган кишиларимнинг бири шифокор, бири педагог, журналист, ҳисобчи, муҳандис, уста, ҳунарманд ва ҳоказо. Қизиғи, бу ерда сиздан ҳеч ким Касбинг нима эди, юртингда нима иш қилардинг, кимсан, нимасан? , деб суриштириб ўтирмайди. Қўлингдан иш келадими, марҳамат, ишлайвер. Мана пул, мана уй, мана кийим-кечак, мана озиқ-овқат, мана сув, мана ҳаво... Ишласанг бўлгани. Бу энг қора ишчиларга кўрсатиладиган эътибор.

Шу жойда кичкина қиёс. Эсингизда бўлса, диёримиздаги энг нуфузли, адади нисбатан юқори нашрларимиздан бири Маърифат газетасида ишлаганимни айтдим. Ўша пайтда оилам, икки ўғлим билан икки хоналик ижара уйда турар, ҳар ой 100 доллар ижара ҳақи ва баъзи коммунал тўловлар тўлаб турар эдим (Худо ярлақасин, уйнинг эгаси кўп меҳр-оқибатли киши. Аҳволимизни билиб, ижара ҳақини фалон муҳлатда берасан демас, гоҳ-гоҳида ҳақ олмас, ҳатто бир гал чўнтагимизга мажбурлаб пул солиб қўйган эди. Қандай одамларимиз бор-а!). Ҳар куни ишга ва иш юзасидан транспортда қатнаш, ҳамкасблар билан тушлик қилиш учун ҳам маошимизнинг каттагина қисми сарфланиб кетар эди. Иссиқ жонмиз, кийим-кечак, болаларнинг оғриб қолиши, меҳмонга бор, меҳмон кут, хуллас, қатордан қолмай одамдек яшаш каби эҳтиёжлар ҳар биримизга таниш. Оладиган маошимиз эса, бошқа кўпгина таҳририятларга нисбатан яхши дейилса-да, ҳаёт билан таққослаганда... очга урвоқдек эди. Илтимос, дардимизни дастурхон қилишдан мақсадимизни тўғри англанг!

Бундай шароитда сиз қандай қилиб ўз устингизда ишлашингиз, ўз ғамингиздан ортиб халқ қайғуси билан оғришингиз мумкин?

Энди Жанубий Корея ҳаётига бир таҳлил назаримизни ташлаб кўрайлик. Кореянинг бугунги илғорлигининг сири нимада? Бу борада кўрган-кечирганларимдан айрим хулосаларга келяпман.

Агар кекса кореяликлар билан гаплашсангиз улар ҳам яқин-яқингача зориқиб яшаган экан. Хорижда ишлаб, гуручини амаллаб топиб еган халқ экан. Энди эса дунёнинг турли бурчакларидан бу заминга ишчилар ёпирилиб келяпти. Нега?

Иш кўп, ишлаб чиқариш кўп, шунга яраша маош, шароит.

Корея ҳукумати аҳолининг турмуш даражасини кўтариш, бехавотир яшаш, бемалол ишлаш, ўсиш учун кенг имкониятлар яратиб берганини кўряпмиз. Хизмат кўрсатиш соҳалари ҳақиқатда халқнинг дастёри. Транспорт дейсизми, почтами, тиббий хизматми, хуллас, ҳамма-ҳаммаси инсон учун. Дейлик, банкка ишингиз тушди, ишингиз енгиллик ва зудлик билан ҳал қилинади. Ёки қўриқлаш хизматларини олайлик. Улар керакли пайтда, жойда ва вазиятда ҳозир бўлишади. Бошқа пайт аҳолининг тинчини бузмайди. Ишларини ақл ва тадбир, техника билан олиб боради.

Жанубий Кореяда пиёда юрган полиция ходимини учратмадим. Бировни йўлдан, ишдан қўйиб ҳужжат сўраганларни кўрмадим. Шунинг баробарида жиноятларга ҳам дуч келмайсиз. Ашёларингизни бемалол кўчада қолдириб кетаверинг, биров тегмайди. Йўл қоидаларини ҳам асосан биз хорижликлар бузамиз.

Бир дўстим айтиб берганди: Дам олиш куни шеригим билан кабоб пиширмоқчи бўлдик. Ўтин ёриш керак эди. Завод ичида болта бор эди, эшикни амаллаб очдик-да болтани олиб чиқдик. Енг шимариб энди ишга киришган ҳам эдик, махсус машина ҳовлиқиб кириб келдида, қўриқлаш хизмати ходимлари бизни сўроққа тута кетди. Вазиятни тушунтирдик, завод директорига хабар қилишди. У келиб вазиятни ойдинлатди...

Бизнинг халқимизга ҳам меҳнаткашлик борасида етадигани кам. Лекин биз ҳали-ҳануз билагимизга, буйруқбозликка зўр бериб ишлаяпмиз. Иш қуролинг соз бўлса, машаққатинг оз бўлур , деган ҳам бизнинг донишманд халқимиз. Аммо замоннинг кайфияти, имкониятлари, техникаси, илми-ҳунарини ҳаётимизга етарлича олиб киролганимиз йўқ ҳали, афсус. Тўй-ҳашамларга сарфлайдиган пулимизни рўзғор учун, қишлоқ хўжалиги, чорва ва бошқа қўлимиздаги имкониятларни ишга солиш учун керак бўладиган техника ва асбоб-ускуналар сотиб олишга сарфласак, оз меҳнат билан кўп натижага шубҳасиз эришган бўлардик. 10 йил йиққан пулимизни бир кечада ҳавога совурмай, бирор майдароқ техника олсак, камида 10-15 йил хизматимизни қилади. Четдан, масалан, Хитойдан кириб келадиган маҳсулотларни ўзимизда ҳам ишлаб чиқаришни йўлга қўядиган одамлар нима билан машғул? Дабдабали тўй қилиш, уйини ҳар йили бузиб-қуриш билан. Кореяда ишлаб юрган аксар йигитларимиз ҳам топган пулини ҳашаматли уй қуришга сарфлашади. Сўнг унинг расмини корейс ҳамкасбларига кўрсатиб мақтанади. Корейс бечора бошини чангаллайди, Шунча йил ишлаб топган пулингни битта уй қуришга сарфладингми?! , ҳайрон бўлади, баъзан очиқчасига аҳмоқ экансан , деб қўяди.

Мен заводимиз бошлиғининг уйига боргандим. Ҳамма қатори кўп қаватли уйда яшайди... Келинг, у ҳақда гапни танишган кунимдан бошлай қолай.

Ёз ойларида заводда иш камайиб тоққа чиқиб кетамиз. Биринчи борган куним эсимдан чиқмайди. Бир киши бизга иш буюриб, иш ўргатиб, ўзи ҳам тенгма-тенг ишлаб юрди. Чангга беланиш керак бўлса чангга, лойга беланиш керак бўлса лойга беланди. Кечга яқин билдим унинг кимлигини. У биз ишлайдиган бетон маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган завод ва худди шундай яна учта заводнинг, дам олиш маскани, ресторан, кафеларнинг эгаси экан. Кўринишидан эллик ёшдан нари-бери ошганга ўхшайди, аммо ғайрати ёш йигитларда йўқ. Ўзи 70 ёшдан ошган экан. Деярли ҳар куни ишнинг бошида, тинмай меҳнат қилади (Ҳайрон қоламан, бошлиқ деган одам мажлисма-мажлис, тўйма-тўй юриши керак эмасми?). Тушликни ҳам кўпинча ишчилар билан биргаликда қилади. Эрта саҳардан келиб қоронғи тушгач кетади. Баъзан талабчанлиги боис ёмон кўриб кетсакда, ора-сира илтифот қилишни ҳам қойиллатади. Ажабланган жиҳатларимдан бири, қўлидан келмайдиган иш, ишлатолмайдиган асбоб-ускуна йўқ. Икир-чикир юмушларни ҳам миридан сиригача билади. Фантазияга бой, дам олиш маскани унинг ижоди билан йил сайин янгиланиб боряпти. У шахсан менга билмайман дейишни тақиқлаб қўйган, билсам-билмасам буйурилган ишни уддалашим шарт. Хато қилишдан қўрқмасликка, уриниб кўриш, бузилса тузатиш, натижага эришишга ўргатади. Ишчилар фикри билан қизиқади, яхши фикр, ғоя берадиганларни яхши кўради. Хуллас, ундан ўрнак олса бўладиган жиҳатлар кўп.

Жанубий Кореянинг ривожланиш сабаблари талай. Шулардан бири халқининг меҳнатсеварлиги, ишини пухта қилиши ва тартиб-қоидаларга риоя этишларида. Масалан, мен ишлаган бир корхонада кеча-ю кундуз иш тўхтамайди. Кундузи ишлайдиганлар қатъий тартибда эрталаб 08:00 дан кечқурун 19:00 гача, тунги ишчилар 19:00 дан 07:00 гача бир дунё маҳсулот ишлаб чиқаришади. Иш вақти тугагач ҳеч ким мажбурлаб ишга олиб ўтирилмайди.

Яна бир ўрганса бўладиган жиҳат, бу ерда аҳолининг ҳар турли заруратлари ҳисобга олинган. Халқдан стресс олиб қўйилган. Ишлаб чиқарувчилар одамларнинг энг митти эҳтиёжларини ҳам ҳисобга олишади. Масалан, оддийгина тирноқ олгичда тирноқлар ҳар ёққа тўзиб кетмаслигининг ҳам чораси кўрилган.

Энг арзон маҳсулотлари ҳам сифатли. Бунга ишлаб чиқаришнинг кўплиги, рақобат боисдир балки. Кийим-кечак, авто-улов каби нарсалар бу ерда арзимас ашёлар ( масалан, бир ойлик маошингизга дурустгина машина олиб минишингиз мумкин), одамларнинг диққат марказида экани кўзга ташланмайди.

Ҳукумат идоралари, қонунлар, қонунлар ижроси халқ манфаатларига қаратилган давлатда халқ нима билан машғул бўлади, айтинг-чи?

Иш билан. Ҳамманинг диққат-эътибори ишга қаратилган. Экин майдонларига чиқсангиз, бу мамлакат зироатга; завод-фабрикаларига кирсангиз, саноатга; савдо-сотиқни кўриб тижоратга ихтисослашган деб ўйлайсиз. Ҳамма ўз иши билан банд. Ҳар ким ўз ишининг устаси. Ҳа, бир мисол. Заводимизга тез-тез текширувчилар келиб туради. Ишчилар иш формасидами, техник хавфсизлик анжомлари жойидами, уларга риоя қилиняптими... текшириб туришади. Назоратчиларнинг атрофида биров парвона бўлмайди, уларга хушомад қилинаётганини кўрмайсиз. Келади, кўради, кетади...

Хуллас, бу ўлканинг ҳар бир қарич ерида иш қизғин. Натижада...

Натижада давлат кун сайин тараққий этяпти, кундан кунга бойияпти. Давлат ҳам ўзи, ҳам халқи учун ишлаяпти. Халқ ҳам. Иккиси бир бутун. Эт билан тирноқ.

Қизиғи, бизга ўхшаган хорижлик ишчилар ҳам меҳнатимиз эвазига 10 сўм фойда кўрсак, бу меҳнатдан Корея мамлакати камида 90 вон фойда қозоняпти. Ҳозир минг-минглаб забардаст ҳамюртларимиз дунёнинг турли минтақаларида кучи, ақли, илми, ҳунари, умрини сарфлаб юрибди (Шундай ўзбек йигитларини кўрдим, узлуксиз, дам олмасдан 24, 36, 48 ҳатто 60 соатгача ишлайди). Ва бу сафарбарлик эвазига ўз мамлакатимизга бир сўм, оиламиз учун 9 сўмлик наф келтираётган бўлсак, ҳузуримизни ўзга, бегона давлатлар кўряпти. Кошки эди, пешона терларимиз киндик қонимиз тўкилган бой тупроқларга сочилганида!

Қани эди, ўз Ватанимиз биздан бир сўм эмас, 91 сўм фойда кўриб барака топганида!

Аммо айни натижага эришиш учун мусофир йигит-қизларимизнинг қулоғига лағмон, бўйнига арқон билан қайтариб келиш-ла иш битиб, чигал ечилиб қолмайди.

Нима қилиш керак?

Эт билан тирноқ бўлиш керак!

Бир бутун бўлиш керак!

Курашиш керак!

Эришиш керак!

********

Кореяни кўкларга кўтариб кимнингдир ҳавасини ошириб, кимнингдир энсасини қотириб қўйгандирман. Мақсадим фақат ва фақат яроқли хулоса чиқариш. Мен улардан ўрганса бўладиган ўринларнигина қисман ёздим, холос. Ҳафсалани пир қиладиган одат ва ҳаёт тарзларини битсангиз ҳам битмас китоб бўлади. Лекин бундан кимга нима наф?

Ўн йил илгари Миср Араб Республикасининг Қоҳира университетининг тил ва адабиёт факультетида тингловчи сифатида бироз муддат таҳсил олган эдим. Шу даврда ҳам кўпгина миллатлар билан танишган эдик. Кореяда ҳам турли туман кишиларнинг дунёси билан юзлашяпман.

Аммо ўзимиздаги меҳр-у оқибат тафтини, ўзгалар хафа бўлмасинлар ва муболағага йўймасинлар-ку, ҳеч қаердан, ҳеч кимдан топа олганим йўқ!

Оҳ! Ана шу соф юракли халқнинг бир қучоқ авлодлари бугун дунёда сарсон-саргардон бўлиб юрибди! Тирик кетиб, ўлик қайтганлари; бутун кетиб, ярим қайтганлари; қайтмаганлари... бор!

Фарзандларингга эга чиқ халқим!

Халқингга эга чиққин, Давлатим!

Ўзбекистон! Биз қаерда бўлмайлик, Сенинг тупроғингга талпинаверамиз! Кун санаймиз, соат санаймиз...

Ин шаа Аллоҳ, бир куни бағрингга қайтамиз!..

Manba: azon.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!