Коронавирус! Хитой дунёни қандай қилиб лақиллатди?

Коронавирус! Хитой дунёни қандай қилиб лақиллатди?

Хитой коронавирусдан деярли қутулди. Ҳа, деярли қутулди. Ва ана шу қутулиши аниқ кўрсатдики, бу мамлакат бошига тушган савдони керагидан ортиқ ваҳима қилиб тарқатди. Қайсидир маънода бутун дунё Хитойнинг сунъий ваҳимасига ишонди.

Ҳаммаси оддий бошланди. Хитой президенти Уханда коронавирус тарқалганида шунақа ачинарли кўринишга кирдики, унинг нутқини эшитган, ташқи кўринишини кўрган одам "Хитой ҳали-бери бу офатдан қутулмайди", деб ўйлаганди. "Биз ожизмиз", "Жуда катта хавфга йўлиқдик", қабилидаги фикрларни билдирган Цзинпин орадан ҳеч қанча ўтмай мамлакат вирусни енгганини айтиб турибди. Ҳа, кўтарилган ваҳима, бечораҳоллик олдида вирусни енггиш учун кетган муддат арзимас, ишонаверинг. Оқибатда бутун дунё хитой халқига хайрихоҳ бўлди.

Хитой қутулди. Қутулганида ҳам молиявий фойда оладиган бўлди. Мамлакатдаги чет эллик акциядорлар акциясини арзон гаровга сотиб кетди. Оқибатда давлат ўзидаги катта фойдаларни ўзида сақлаб қолди. Оддий қоида: Хитойдаги компаниялар чет элликларнинг акциялари, даромадлари эвазига фойда келтирадиган даражага чиқди, фойданинг катта қисми ўз-ўзидан четга кета бошлади, Хитой ҳукумати эса айёр сиёсат билан ана шу фойдани ўзиники қилиб олди. Оддий ва жуда самарали тактика.

Энди коронавирус бутун дунёга тарқалди. Энди бутун дунё Хитойдан ёрдам сўраётгани ҳам бор гап. Ҳозир Хитой халоскор образида. Хитой Америка билан бошланган савдо уруши босимидан ҳам қутулди. Хитой ақлли зарба берди. Ўйлашингиз мумкин, ахир коронавирус туфайли Хитойнинг ўзи ҳам зарар кўрдику деб. Ҳақсиз. Аммо бугун бутун дунё зарар кўряпти. Энг муҳими, бутун дунёда иқтисодий инқироз бошланай деб турган бир пайтда Хитойда ҳаёт жонланяпти.

Биласизми, буни нимага ўхшатдим. Одамларни заҳарламоқчи бўлган шахс воқеа ишончли чиқиши учун ўзи ҳам заҳар ичади, керак бўлса, ҳушини йўқотади. Аммо керак пайтда зиддизаҳар ичишни ҳам унутмайди. Тағин билмадим, аммо Хитой ана шу "шахс"га ўхшаб кетди.

Низомжон ИСЛОМОВ


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!