Коинот захиралар қайси давлатга тегишли?

Коинот захиралар қайси давлатга тегишли?

АҚШ президенти Дональд Трамп космик захираларга америкаликларнинг ҳуқуқини мустаҳкамлаб қўядиган фармонга имзо чекди ва ярим йил давомида бошқа мамлакатлар билан шунга тегишли келишувни муҳокама қилишга кўрсатма берди.

“Америкаликларда қонун асосида чексиз коинот бағрида тадқиқот ишларини олиб бориш, захираларини ўзлаштириш ва фойдаланишга бўлган ҳуқуқи бўлиши лозим. Космос қонунан ва жисмонан инсонлар фаолияти учун ўзига хос кенглик ҳисобланади“, — дейилади Оқ уйдан эълон қилинган ҳужжатда.

Фармонда айтилишича, АҚШ ушбу йўналишда халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланиши лозим. Ҳужжатга биноан, давлат департаменти ва бошқа вазирлик ва муассасалар ойда ва бошқа коинот жисмларида захираларни ўзлаштириш, улардан фойдаланиш бўйича икки томонлама ва кўп томонлама битимларни имзолаш учун хусусий ва ҳамма биладиган компаниялар билан халқаро даражада музокаралар олиб бориши лозим. Шунингдек, мазкур фармонда 180 кун давомида давлат котибининг ушбу йўналишда қилинган ишлар бўйича ҳисобот топшириши белгилаб қўйилди.

Трамп маъмуриятининг ушбу масалага изоҳ беришича, АҚШ бу борада янги халқаро ҳужжат қабул қилиш шарт деб ҳисобламайди, аммо ушбу мавзуда ҳамкорлар билан муҳокама қилишни режалаштирган. Фармонда таъкидланадики, АҚШ 1967 йилда қабул қилинган космос ҳақидаги шартномани қўллаб-қувватлайди, аммо 1979 йилги давлатларнинг Ойда ва бошқа осмон жисмларида фаолият олиб бориши тўғрисидаги ҳозиргача 20 та давлат имзолаган битимни маъқулламайди.

Оқ уй маъмуриятининг таъкидлашича, фармон АҚШ сиёсатида ҳеч қандай ўзгартириш киритмайди, фақат амалдаги позициясини мустаҳкамлайди. Қолаверса, ушбу ҳужжат конгресс томонидан америкаликларга ва америка компанияларига космосни ўзлаштириш ва космик захираларини, жумладан сув ва минералларни олишга рухсат берувчи 2015 йилда қабул қилинган қонунни яна бир бор тасдиқлайди.

Трамп маъмурияти бундан аввал ой дастурини ҳаётга жорий қилишни бошлагани ҳақида ҳам эълон қилган эди. Дастурга “Артемис“, деб ном ҳам берилганди. Ушбу дастур доирасида инсоннинг ойга қайтиши ва ҳар доим у ерда бўлиши режалаштирилмоқда. Бу эса, Марсга парвоз қилиш йўлида муҳим босқич бўлади, дейилади хабарда. НАСАнинг ушбу янги ой дастури доирасида ой атрофида Gateway станциясини барпо қилиш ғояси ҳам ишлаб чиқилмоқда. Бундан кўзланган мақсад, келажакда инсоннинг кўпмарталик учиб-қўнадиган аппаратларда ой юзасига парвоз қилиши ва қайтиб келиш имконига эга бўлишдир. Қолаверса, АҚШ “Артемис“ дастурини ҳаётга жорий қилишда халқаро ҳамкорликка умид қилаётганини кўп бор таъкидлаган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!