Февралнинг 20 кунида 22 кг «таблетка» савдоси аниқланди − ИИВ

Февралнинг 20 кунида 22 кг «таблетка» савдоси аниқланди − ИИВ

2019 йил давомида гиёҳвандлик билан боғлиқ 4611та жиноят аниқланган. Шундан 22 фоизини ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар ташкил этади. Жиноятларнинг аксарияти гиёҳванд моддаларни истеъмол учун сақлаш ва тарқатиш билан боғлиқ. Бу ҳақида ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Азиз Тошпўлатов Сенатнинг иккинчи ялпи мажлисида берган ҳисоботида маълум қилди.

“Лирика”, “Трамадол” сингари кучли таъсир этувчи дорилар ва гиёҳвандликнинг ўрнини босувчи синтетик моддалар олди-бердиси охирги пайтда кўпайиши сезилмоқда.

Мисол учун,  2016 йилда 200 грамм “таблетка” савдоси аниқланган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 18,4 кг.га етган. Февраль ойининг ўтган 20 куни давомида 22 кг “таблетка” савдоси аниқланган”, дея ахборот берди Азиз Тошпўлатов.

Вазир биринчи ўринбосарининг қайд этишича, бундай савдо асосан, дорихоналарда кузатилгани боис, мазкур субъектлар устидан назорат механизми йўлга қўйилади.

“Бундай дорилар асосан тиббий дорихоналарда тарқатиларди. Аммо улар тадбиркорлик субъектлари бўлгани учун ички ишлар ходимлари текшириши, уларга нисбатан тадбир ўтказиши имконияти йўқ эди.

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан, психотроп моддаларнинг савдосини назорат қилиш учун тиббий дорихоналарни текшириш мумкин бўлади.

Бунинг учун бутун республика бўйича ходимлар бир ой давомида ўқитилди. Бу иш Савдо-саноат палатаси, Бизнес-омбудсман билан ҳамкорликда ўтказилмоқда. Ходимларга дорихона назоратини ўтказиш учун лицензия берилади”, дейди Азиз Тошпўлатов.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!