Фарғонада илк бор атеросклероз касаллигига чалинган икки нафар беморда мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилди

Фарғонада илк бор атеросклероз касаллигига чалинган икки нафар беморда мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан Фарғона вилоятида бошланган соғломлаштириш акцияси қизғин давом этмоқда. Хусусан, тадбир доирасида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиалида бир қанча оғир беморларда мураккаб операциялар муваффақиятли ўтказилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати ушбу беморлар билан суҳбатлашиб, уларнинг таассуротларини ёзиб олди.

“Сўнгги беш-олти йил жон ҳовучлаб яшадим”

Бемор одамнинг кўнглига ҳеч нима сиғмайди. Ўзидан ўтганини ўзи билади.

Фарғона тумани, Водил қишлоғи, Чимён маҳалласида яшовчи Абдуназар Тўраев ҳам йигирма беш йилдирки, юқори қон босимидан азият чекади. Йиллар давомида қилинган муолажалар эса самара бергани йўқ.

Аксинча, йилдан-йилга аҳволи янада оғирлашди. Касаллик зўрайиб, умумий ҳолатида салбий ўзгаришлар кузатила бошлади. Айниқса, охирги йиллар кучли бош оғриғи, ҳушдан кетиш, қўл-оёқларда ҳолсизлик, нутқ чалкашиши, кўриш қобилиятининг сустлашиши каби асоратлар беморни анча ҳолдан тойдирди.

Шу йил ўтказилган томография текширувларидан сўнг унда атеросклероз касаллиги аниқланиб, бош мия қон томирлари тўсилиб қолгани маълум бўлди.

— Дарднинг яхшиси бўлмайди, — дейди Абдуназар ака. — Инсон касал бўлганида ҳаётнинг қадрини, саломатликнинг ҳақиқий қимматини ҳис қиларкан. Қолаверса, хасталик аниқ бўлса-ю, даволанишга имконинг бўлмаса, бундан ёмони йўқ. Чунки чорасизликдан нима қилишни, қаердан нажот кутишни билмайсан.

Мана шундай оғир пайтда вилоятимизда ўтказилаётган соғломлаштириш акцияси оиламиз жонига оро кирди. Ҳозир ўзимни яхши ҳис қиляпман. Шифокорларнинг айтишича, яқин кунларда яна соғлом ҳаётга қайтарканман.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиали кардиожарроҳи Ҳондамир Мамадалиевнинг айтишича, уйқу артериясини атероскелероздан тозалаш — анчагина мураккаб муолажа. Бунинг учун беморнинг бўйин қисми жарроҳлик йўли билан очилиб, бош мияга кетган артериал қон томирлари холестериндан тозаланади. Шуниси эътиборлики, бундай мураккаб операция Фарғонада илк бор ўтказилди.

“Касалликнинг келиши осон, кетиши қийин экан”
Ана шундай оғир хасталикка чалинганлардан яна бири олтиариқлик Собиржон Раҳмонов бўлиб, 2021 йил январь ойида инсульт хасталигини бошдан кечирган. Шундан сўнг ўша йили май ойида унда кардиожарроҳлик операцияси ўтказилган. Бироқ бемор муолажадан кейин ҳам бутунлай соғайиб кетмади. Сўнгги тиббий текширувлардан кейин унинг уйқу артерияларини атероскелероздан тозалаш кераклиги маълум бўлди.

— Касалликнинг келиши осон, кетиши қийин экан, — дейди бемор. — Буни эса ўз бошимдан ўтказиб билдим. Аммо дард қанчалик оғир бўлмасин, инсон тушкунликка тушмаслиги керак. Айниқса, оилавий шароити даволанишга имкон бермайдиган биз каби беморларга давлатимиз томонидан алоҳида ғамхўрлик кўрсатилаётгани соғайишимизга янада ишонч бағишламоқда.

Операциям муваффақиятли ўтди. Бунинг учун шифокорлардан миннатдорман.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!