Фарғонада икки яшар қизчанинг оғир аҳволга тушишига сабабчи бўлган энага ушланди
Ижтимоий тармоқ мониторинги доирасида кичик ёшдаги қизнинг энагаси туфайли оғир жароҳат олганлиги ҳақидаги хабар тарқалди.
Мазкур ҳолат Болалар омбудсмани томонидан назоратга олинди.
Аниқланишича, Фарғона шаҳрида яшовчи фуқаро Ғ.М (1988 йилда туғилган аёл) Россия Федерациясига ишлаш учун кетиши сабабли вояга етмаган қизи Ғ.И.(2022 йилда туғилган)ни расмий равишда ишончнома асосида М.Х. (1988 йилда туғилган аёл) нинг қарамоғига топшириб, 2024 йил август ойида жўнаб кетган.
Шунингдек, она энага М.Х га хизмат хаққи ва боланинг кунлик сарф-харажатлари учун пул жўнатиб турган.
2024 йил 15 ноябрь куни вояга етмаган Ғ.И яшаш хонадонидаги зинадан тушаётган вақтда йиқилиб, оғир тан жароҳати олганлигига қарамай, энага аёл боланинг соғлигини хавф остига қўйиб уни шифохонага олиб бормаган.
Оқибатда болага бош мия лат ейиши ва бошқа хаёт учун хавфли бўлган оғир шикастлар ташхиси қўйилган.
2024 йил 1 декабрь куни фуқаро М.Х га нисбатан Фарғона шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан ЖКнинг 117-моддаси 1-қисми (Хавф остида қолдириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Таъкидланганидек, мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар ИИО ФМБ томонидан фуқаро М.Х га нисбатан ЖКнинг 117-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Жорий йилнинг 5 январь куни М.Х. ЖКнинг 117-моддаси 1-қисми ва 104-моддаси 2-қисми "б,в" бандлар билан гумонланувчи сифатида жалб қилиниб, аёл Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланди.
Мазкур жиноят ишига оид дастлабки тергов доирасида боланинг ҳаёти ва соғлиғига қарши содир этилган ҳар қандай ҳаракатларга тўлиқ баҳо берилиши таъминланади.
Болалар омбудсмани ушбу ҳолатда бола манфаатлари нуқтаи назаридан ўз кузатувини давом эттирмоқда.