Тожикистонда қурилиш матераллари бўйича “Ўзбекистон савдо уйи” очилди
Ўзбекистон ва Тожикистон давлатлари ўртасида қурилиш материаллари экспортини янада ошириш, икки давлат ишбилармон доира вакиллари ўртасида савдо алоқаларини янада ривожлантириш мақсадида “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси томонидан Душанбе шаҳрида навбатдаги “Ўзбекистон савдо уйи” ташкил этилди. Бугун ушбу савдо масканининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда уюшма бошқарув раиси Бахтиёр Бобокулов, Ўзбекистоннинг Тожикистондаги мухтор элчиси, икки давлат тадбиркорлари ва ОАВ вакиллари иштирок этишди. Анжуман иштирокчилари савдо масканида яратилган шароитлар, маҳсулотлар кўргазмаси ва нархлари билан яқиндан танишишди.
Тадбир давомида икки давлат тадбиркорларининг B2B учрашувлари ташкил этилди.
Маълумки, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган қурилиш материалларининг асосий харидори бу қўшни давлатлар саналади. Жумладан, мамлакатимизнинг жанубий-шарқий қисмида жойлашган Тожикистон давлати энг ишончли ҳамкорлардан бири. Бу ерда “Made in Uzbekistan”ёрлиғи остидаги қурилиш маҳсулотларига йилдан-йилга талаб ошиб бормоқда.
Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, Қозоғистон (2024 йилда 188 млн доллар), Қирғизистон (103 млн доллар),Туркманистон (21 млн доллар), Афғонистон (10млн доллар) каби қўшни давлатлар орасида Тожикистон давлатига қурилиш материаллари экспорти бўйича экспорт иккинчи ўринда туради. 2024 йилда Тожикистонга 115 млн долларлик қурилиш материаллари сотилган.
Хусусан, ўтган 2024 йилда 34 млн доллар металл буюмлар етказиб берилган. Шунингдек, 13млн млн долларлик -қуруқ қурилиш қоришмалари ва цемент маҳсулотлари, 12 млн млн долларлик - керамика маҳсулотлари, 23 млн млн долларлик - ПВХ профил, труба ва пластмасса маҳсулотлари, 11млн млн долларлик - ДСП, МДФ плита, 7 млн долларлик – қурилиш ойнаси ва ойна маҳсулотлари каби маҳсулотлар экспорти амалга оширилган.
Ҳозирда Тожикистон давлатига газобетон блоклари, иссиқлик сақловчи плиталар, табиий тошлар, обой каби маҳсулотлар экспортини янада ошириш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.
Маълумот учун, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси томонидан шу кунгача Озарбайжон пойтахти Боку ва Афғонистон пойтахти Қобул шаҳарларида “Ўзбекистон савдо уйи” фаолият кўртсатмоқда.