Ноқонуний бойлик орттирмоқчи бўлган ака-укаларнинг режаси иш бермади
Фуқаро Ҳ.Қ. укаси А.Қ. билан ноқонуний равишда бойлик орттириш учун МЧЖ ташкил этдилар. Уларнинг тузган жиноий режасига кўра, “Асакабанк” АЖ Қарши филиалидан мазкур МЧЖнинг айланма маблағларини тўлдириш ниқоби остида 1 йил муддатга 990 млн. сўм миқдорида кредит расмийлаштирилган.
Аммо мазкур кредит маблағларидан 600 млн. сўмини жамият фаолияти учун эмас балки ўзларининг шахсий манфаатлари йўлида мақсадсиз сарфлаб, жуда кўп миқдордаги кредит маблағини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилишган.
Бундан ташқари, ака-укалар гаровдаги 1.2 млрд. сўмга баҳоланиб гаровга қўйилган иссиқхона биносининг аксарият жиҳозларини, насос ва ўчоқларини, шунингдек, 304,3 млн. сўмлик метал қувурларини кесиб олиб, сотиб юборган. Бу ҳаракати билан улар банд солинган мулкка шикаст етказиб, қонунга хилоф равишда тасарруф қилган.
Шу сабабли, Ҳ.Қ. Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 167-моддаси ( Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди ва 233-моддаси (Банд солинган мулкни қонунга хилоф равишда тасарруф этиш) 1-қисми билан айбли деб топилди.
Унга нисбатан, 8 йил 9 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Укаси А.Қ.га эса базавий ҳисоблаш миқдорининг 120 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.
Мазкур жиноий жаримани ундириш юзасидан Мажбурий ижро бюроси Яккабоғ туман бўлими томонидан олиб борилган ижро ҳаракатлари натижасида 28 млн. 98 минг сўм миқдоридаги қарздорлик тўлиқ ундирилди ва ижро ҳужжати ижроси тамомланди.