Фарғонада арзимаган можаро ўлим билан тугади

Фарғонада арзимаган можаро ўлим билан тугади

Ҳаётда узоқни кўра билмаслик, жиззакилик ва гумроҳлик кутилмаган фожиани келтириб чиқариш мумкин. Қуйида ана шундай воқеа тафсилоти баён қилинади.

Аслиддин (исм-шарифлар ўз­гартирилди) ишбилармон, ғайрат-шижоатли бўлиб воя­га ет­ди. Уйлангач, ер май­до­ни сотиб олиб, уй қурди, ои­ласи билан кўчиб чиқди. Яқиндагина яп-янги «Спарк» русумли ав­тома­ши­на ҳам сотиб олганди. Ўша куни эрталаб Аслиддин автомашинасида болаларини мактабга элтиб қўйди, сўнг ота-онасидан хабар олгани борди.

Аммо фалокат оёқ остида деб бежизга айтишмаган экан. У автомашинасини бош­қариб бораётганида муюлишда тў­сатдан қўшниси Бердиназар Ис­матов велосипедда чиқиб қол­ди. Ўртадаги масофа жуда қисқа эди. Аслиддин машина­си­ни, Бердиназар эса, велосипедини тўхтатиб қолишга улгуришмади. Велосипед автомашинанинг олди томонига келиб урилди. Тўқнашув чоғида Б. Исматов ўнг томони билан ерга йиқилди. Хай­рият­ки, унга ҳеч нарса қилмади. Аммо велосипед пачоқланиб кетганди.

Буни кўриб, Б. Исматов Аслиддиндан янги велосипед олиб беришни талаб қилди.

— Тўғри, мен айбдорман, — деди Аслиддин. — Аммо яқинда машина олдим, шунинг учун янги велосипед сотиб олишга ҳо­зирча имконим йўқ. Сиз вақтинча отамнинг велосипедидан фойдаланиб туринг, ке­йинроқ янгисини олиб бераман.

Аслиддининг бу таклифи Б. Исматовга маъқул тушмади. «Отангнинг велосипеди менга керак эмас», — де­ди у зарда билан.

Шу тариқа улар воқеа жойи­дан тар­қалишди. Аслиддин ота уйига келгач, рўй берган кўн­­гилсиз ҳодисани айтиб бер­­­ди. Б. Ис­матов эса, яроқсиз ҳолга келган велосипедини уйи­га олиб кетди.

Ўша куни тушдан сўнг Аслиддин Б. Исматовнинг уйига борди, аммо у ҳа­ли ишдан қайт­ма­ган экан. Шундан сўнг у тоғаси Акромга юз берган воқеани айтиб берди. «Сиз Бердиназар ака­нинг уйи­га бориб, шароитимни тушунтиринг, ян­ги велосипедга пул йиқ­қу­ним­га қа­дар сабр қилиб турсин», — дея у ил­тимос қил­­ди. Аммо тоға­си­ гарчи ваъда берган бўл­са-да, Б. Исматов билан учрашишга вақт тополмади.

Эртаси куни тунда Б. Исматов ширакайф ҳолатда Аслиддиннинг отаси Ф. Рўзиқуловнинг уйига келди. У оиланинг кенжа ўғли Нуриддиндан Аслиддиннинг уяли телефон рақамини сў­­­­ради. Нуриддин акасининг телефон рақамини ёд­дан билмаслигини, қўш­ни ҳовлида яшайдиган акаси Аҳлиддиндан сў­рашни айтди.

Айни дамда ўзини жабрлангандек ҳис этаётган Б. Исматовга Нуриддиннинг бу гапи худди айилдек оғир ботди. Шу боис ик­каласи айтишиб қо­лишди. Уларнинг бақириқ-чақириғини эшитган Аҳлиддин ўр­тага тушиб, уларни тинчлантирди. Шундан сўнг Б. Исматов уйи­га кетди.

Қани эди, шу билан барчаси якун топса… Бироқ бундай бўл­майди, орадан йигирма дақиқа ўтгач, Б. Исматов тажовузкор қиё­фада яна Ф. Рўзиқуловнинг уйига келди ва ҳақо­ратли сўз­ларни ёғдирганча дарвозани очишни талаб қила бошлади.

Бу гал дарвозани Ф. Рўзиқуловнинг турмуш ўртоғи Инобат ая очди:

— Нега ярим тунда бизни безовта қилаяпсан? Янги велосипед олиб берамиз, деб айт­ди-ку?! — деди у жаҳл ара­лаш. Ам­мо жаҳлдан ўзини қаер­га қў­йишни билмай турган Б. Исматовга аёлнинг гапи таъсир қилмади.

Аксинча, у баттар ҳақорат қи­лишга тушди. Унинг бақириб ҳа­қоратлашини эшитиб, Аҳлиддин уйидан чиқиб келди. Бир пасдан сўнг оиланинг кенжа ўғ­ли Нуриддин ҳам таш­қарига чиқди.

— Сен кимни сўкаяпсан? — дея Нуриддин Б. Исматовга ўдағайлаётганда, уни отаси ва акаси Аҳлиддин тўх­татиб қо­­ли­ш­­­ди­. Аммо бу билан жанжал тинчимади. Ф. Рўзиқулов Б. Исматовни тинчлантиришга уринаётганда, Нуриддин унинг ёқасидан тутиб, итариб юборди. Оқибатда Б. Исматов сувсиз ариқ­қа йиқилиб тушди. Шундан сўнг у баттар қаҳрга тўлиб, ўрнидан отилиб турди ва чўн­тагидан ошхона пичоғини олиб Аҳлиддиннинг қор­ни ва чап қўлига санчди…

Қўни-қўшнилар жароҳат олган Аҳлиддинни касалхонага жўнаётган паллада бундан ҳам оғир фожиа рўй берди. Гап шундаки, буткул ақл-ҳушини йў­­қотган Б. Исматов Ф. Рўзиқуловнинг бў­йин қисмига пичоқ санчди. Ке­йин эса, янада қутуриб, унинг чап биқинига икки марта пичоқ урди.

Афсуски, оғир жароҳат олган Ф. Рў­зиқулов воқеа жойида ҳаётдан бевақт кўз юмди.

Биринчи босқич суди суд­ла­нувчи Б. Исматовнинг мар­ҳум­ Ф. Рўзиқулов ва А. Рўзиқуловни ўлдириш мақсади бўл­магани тўғ­­­рисидаги кўрсат­ма­­ларини ўрганиб чиқди. Аммо унинг бу кўр­сатмаларини асоссиз ва жа­вобгарликдан қутулиб қолиш ёки жавобгарликни енгиллаштириш мақсадида ўй­лаб топилган важлар деб баҳолади. Чунки Ф. Рў­зиқулов ва унинг ўғил­ла­ри кейинроқ ян­ги велосипедни олиб беришни ёки шикастланган велосипедини тузатиб беришни айтишганда, Б. Исматов бунга рози бўлган. Бироқ 2021 йил 14 апрель куни Ф. Рўзиқуловнинг уйи­га спиртли ичимлик таъсирида маст ҳо­лда бориб, жанжал кўтарган. Уни тинчлантиришга уриниб, уйига жўнатишганига қарамай у йўлда кетаётиб, Ф. Рўзиқулов ва унинг оила аъ­золарига қа­раб «ҳозир қайтиб келиб ҳаммангни ўлдираман» дея таҳдид қилган. Айни шу ҳо­лат унинг одам ўлдириш жиноя­тини содир қилишни кўз­ла­га­ни­ни анг­латади. Бу ҳо­лат жабр­ланувчи ва гувоҳларнинг кўр­сатмалари билан ҳам тў­лиқ тасдиқланди.

Қисқаси, суд ҳукми билан судланувчи Б. Исматов Жиноят­ кодексининг 97-моддаси 1-қисми ҳамда 25,97-моддаси 2-қисми «а» бандида кўрсатилган жиноятларни содир этганликда айб­дор деб топилди. Судланувчига нисбатан айбланган ҳар бир модда бў­йича алоҳида-алоҳида озодликдан маҳрум қи­лиш жазоси тайинланиб, Жи­ноят­ кодексининг 59-моддасига кўра, тайинланган жазоларни қисман қўшиш йў­ли билан жиноятлар мажмуи бў­йича Б. Исматовга 17 йил муддатга озодликдан маҳрум қи­лиш жазоси тайинланди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, гумроҳлик туфайли оғир фожиа рўй берди. Жазавага тушиш, ақл билан иш тутмаслик бир одамнинг умрига зомин бўл­­­ди. Б. Исматов қилмиши учун та­йин­ланган муқаррар жазо муддатини ўта­ши та­йин. Аммо виждон азобидан қу­тулиш имкони бормикан? Ма­саланинг энг оғ­риқли жиҳати шунда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!