Энергетика тизимини оёққа турғизиш учун бозор иқтисодиётига ўтказиш керак

Энергетика тизимини оёққа турғизиш учун бозор иқтисодиётига ўтказиш керак

Электр энергияси ва табиий газ билан таъминлаш тизимига субсидияларнинг ажратилиши ҳамда катта имтиёзларнинг берилиши мамлакатда молиявий юкнинг ортиши ва бюджет тақчиллигини юзага келтиради.

Электр энергияси ва табиий газ ишлаб чиқариш ҳамда етказиб бериш харажатларидан паст нархда сотилади. Ушбу харажатларни қоплаш учун бюджет маблағлари йўналтирилади. Бу маблағлар етмаса, соҳа компаниялари банкдан қарз ҳисобига молиялаштирилади. Шу орқали истеъмолчилар учун давлат томонидан субсидия ажратилади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигидан олинган маълумотларга қараганда, 2021 ва 2022 молия йилларида ушбу мақсадларга 6 триллион сўмдан ортиқроқ маблағ ажратилган. 2023 йилда эса аҳолига электр энергияси ва табиий газ учун 14 триллион сўмдан ортиқроқ субсидия берилиши кўзда тутилган.

Мазкур маблағлар ишлаб чиқарувчининг харажатларини қоплашга йўналтирилади. Давлат эса аҳолига арзон нархда электр энергияси ва табиий газ етказиб беради. Ўртадаги фарқ бюджет маблағлари ҳамда тизим ташкилотлари ҳисобидан қопланади. Айни ҳолат туфайли тизим ташкилотларининг аксарияти молиявий йилни катта миқдордаги зиён билан якунлашади.

Бундай вазиятда, табиийки, соҳада тегишли модернизация ишларини амалга оширишнинг мутлақо имкони йўқ. Ҳатто куйган ёки синган ускуналарни алмаштириш, узилган электр тармоқларини янгилаш ҳам қийин бўлиб қолади.

Жараён шу тарзда тўхтовсиз давом этаверса, ажратилаётган субсидиялар аянчли иқтисодий оқибатларга олиб келади. Шунинг учун электр энергияси ва табиий газ нархларини эркинлаштириш билан боғлиқ ислоҳотларни зудлик бошлаш керак. Буни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.

Электр энергиясини ҳамда табиий газ ишлаб чиқариш ва етказиб бериш харажатларини қоплаш мақсадида нархларни мақбуллаштириш лозим. Натижада:

– субсидияларнинг асосий қисмини ажратиш тўхтилади;

– бюджет тақчиллиги кескин қисқаради;

– тармоққа бозор иқтисодиёти механизмлари жорий этилади;

– истеъмолчиларга энергия ресурсларини етказишда узилишларга барҳам берилади;

– энергетика тизимида хусусий секторнинг иштирокини таъминлашга қаратилган институционал ислоҳотлар ўтказилади;

– энергия тақсимотини хусусийлаштириш эса тизимдаги йўқотишларнинг олдини олади;

– мавжуд сервис ва техник имкониятлар модернизация қилинади;

– электр энергияси ишлаб чиқариш ва табиий газ қазиб чиқариш ҳажми кўпаяди;

– электр энергияси ва табиий газ етказиб беришнинг сифати яхшиланади;

– юқори самарадорлик кўрсаткичлари қайд этилади;

– муваффақиятли макроиқтисодий барқарорлашув натижасида нархларнинг инфляцияга таъсири юмшатилади.

Шунингдек, ўз-ўзидан аҳоли ва жамият аъзолари ўртасида электр энергиясини сарфлашда шахсий “компас” пайдо бўлади – ким қанча фойдаланди, қандай йўл тутилса тежамкорликка эришилади – бировнинг олдида эмас, аввало, ўзи учун ҳисобдорлик кўникмаси шаклланади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!