Элдор Арипов Сеулда: жамоатчилик дипломатияси барқарор тинчлик сари йўл очмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директори Элдор Арипов 15–16 июнь кунлари Сеул шаҳрида бўлиб ўтаётган Корея яримороли ва Шимолий мамлакатлар маданияти ҳамда стратегиялари бўйича навбатдаги йиллик форумда иштирок этмоқда.
Жорий йилда форум «Тинчлик ва фаровонлик йўлида: йирик давлатлар ўртасидаги глобал рақобат қайта кучайиб бораётган шароитда бирдамлик орқали низоларни бартараф этиш» мавзусига бағишланди.
Ханкук чет тиллар университети Халқаро минтақавий тадқиқотлар маркази (CIAS) томонидан ташкил этилган тадбирда Марказий Осиё, МДҲ, Европа Иттифоқи, АҚШ, Туркия, Осиё–Тинч океани минтақаси ва Жанубий Осиё давлатларининг таҳлилий марказлари ва академик доиралари вакиллари иштирок этмоқда.
Жамоатчилик дипломатияси масалаларига бағишланган сессияда сўзга чиққан Э. Арипов кучайиб бораётган геосиёсий ноаниқлик шароитида давлатлар ва халқлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш механизмлари алоҳида долзарблик касб этаётганини таъкидлади.
Шу ўринда СМТИ раҳбари минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришда юқори натижага эришган Марказий Осиё тажрибасини тақдим этди. У минтақа давлатлари етакчиларининг сиёсий иродаси туфайли тўпланиб қолган аксарият зиддиятларни ҳал этиш, трансчегаравий ҳамкорликни кенгайтириш ва ўзаро ишонч муҳитини яратиш учун шароитлар вужудга келганини алоҳида таъкидлади.
Э. Ариповнинг сўзларига кўра, бугунги кунда минтақа сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликнинг юқори динамикасини намоён этмоқда. Сўнгги йилларда минтақа ичидаги савдо ҳажми қарийб беш баробар, ўзаро инвестициялар эса икки баробардан зиёдга ошди.
Эришилган натижаларни мустаҳкамлашда жамоатчилик дипломатиясига алоҳида эътибор қаратилди. СМТИ директори таъкидлаганидек, маҳаллий жамиятларнинг фаол иштирокисиз барқарор тинчлик ва осойишталикни таъминлаш мумкин эмас. Одамлар ўртасидаги алоқаларнинг кенгайиши, чегараолди савдоси, туризм, таълим ва маданий алмашинувларнинг ривожланиши минтақани янада тараққий эттиришнинг муҳим омили бўлган ишонч муҳитини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари, Марказий Осиё мамлакатлари парламентлараро форуми, Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқоти, Марказий Осиё университетлари ректорлари форуми, Тарихчилар ва минтақашунослар форуми ҳамда Марказий Осиё ёшлар форуми минтақавий боғлиқликни мустаҳкамлашнинг амалий механизмлари сифатида тақдим этилди. Минтақа халқларининг умумий тарихий-маданий меросини тарғиб қилишга қаратилган «Марказий Осиё тарихи ва маданияти: ягона ўтмиш ва умумий келажак» халқаро медиа платформасини яратиш ташаббуси алоҳида қайд этилди.
Ўзбекистон – Корея муносабатлари ҳақида сўз юритар экан, Э. Арипов Корея Республикаси Ўзбекистоннинг Осиёдаги асосий ҳамкорларидан бири эканини таъкидлади. Гуманитар алоқалар 2019 йилда алоҳида стратегик шериклик даражасига кўтарилган икки томонлама ҳамкорликнинг муҳим асоси бўлиб хизмат қилаётганини қайд этди. 2025 йил якунларига кўра, ўзаро савдо ҳажми 2 миллиард долларга яқинлашди.
СМТИ раҳбарининг сўзларига кўра, МДҲ ҳудудидаги энг йирик — 177 минг кишилик Ўзбекистон корейс диаспораси дўстона алоқаларнинг ривожланишига салмоқли ҳисса қўшиб, Ўзбекистон – Корея муносабатларини мустаҳкамлашнинг муҳим омили бўлиб келмоқда.
Э. Арипов, шунингдек, таълим ва фан соҳаларидаги ҳамкорликнинг юқори суръатларини қайд этди. Бугунги кунда Ўзбекистондаги 9 та олий таълим муассасаси ва 24 та мактабда корейс тили ўқитилади. Мамлакатда Жанубий Корея университетларининг 4 та филиали фаолият кўрсатмоқда, мамлакатимиз олий таълим муассасалари Корея Республикасининг 45 дан ортиқ университетлари ва илмий-тадқиқот марказлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган.
Сўзининг якунида СМТИ директори Марказий Осиё тажрибаси яхши қўшничилик, очиқ мулоқот ва ўзаро манфаатларни ҳисобга олиш сиёсати самарадорлигини яққол намоён этишини таъкидлади. Унинг фикрича, жамоатчилик дипломатияси ва гуманитар алоқаларни янада ривожлантириш Марказий Осиёда ҳам, кенгроқ Евроосиё маконида ҳам тинчлик, барқарорлик ва бардавом тараққиётни мустаҳкамлаш вазифаларига тўлиқ жавоб беради.
