Ўзбек футболчиларининг ўйиндан кейин қилган иши канадаликларни ҳайратга солди!
2026 йилги жаҳон чемпионатидаги дебютига пухта тайёргарлик кўраётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси жаҳон миқёсида ҳам эътибор ва эътироф қозона бошлади.
Бугун футбол ҳамжамияти Абдуқодир Ҳусанов, Элдор Шомуродов, Аббосбе Файзуллаев каби футболчиларимизни, уларни мундиалга тайёрлаётган бош мураббий Фабио Каннаварони жуда яхши танийди.
Миллий жамоамизнинг мундиал ҳозирлиги дастури доирасида Канадага уюштирган сафари ҳам яна бир бор футбол мухлислари мутахассислар назарини ўзига қаратди.
Эдмонтон шаҳридаги “Commonwealth Stadium” аренасида кучли ёмғир остида ўтказилган Канада ва Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўртасидаги ўртоқлик учрашуви мезбонларнинг 2:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
Бу баҳс Фабио Каннаварога жаҳон чемпионати олдидан терма жамоанинг ҳолатини ва иш жараёнида қайси жиҳатларга эътибор қаратиш лозимлигини кўрсатиб берди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Канада терма жамоалари ўртасидаги ўртоқлик учрашуви нафақат майдондаги воқеалар билан ёдда қолди. Балки ўзбек футболчиларининг этикаси, менталитети, маданияти ва дунёқарашини ҳам намоён этди.
Гап шундаки, финал ҳуштагидан кейин Ўзбекистон миллий жамоаси стадионнинг кийиниш хонасини йиғиштириб, уни тоза ҳолатда тарк этди.
Тозаланган хона акс этган суратлар ижтимоий тармоқларда тарқалди ва қисқа вақт ичида минглаб томошалар эътиборини тортди. Турли мамлакатлар мухлислари ушбу воқеага оид суратлар ва постлар остида юзлаб изоҳлар қолдиришди. Изоҳлар ўзбек, озарбайжон, инглиз ва бошқа тилларда ёзилган.
Фойдаланувчилардан бири бу ҳолатни жаҳон чемпионатларида шундай одати билан машҳур бўлган Япония миллий терма жамоаси билан таққослади.
Канада футбол федерацияси Ўзбекистон терма жамоасига ўртоқлик учрашувида қатнашгани учун миннатдорлик билдириб, яқинлашиб келаётган жаҳон чемпионатида омад тилади.
Ўзбекистонлик мухлислар ҳам жавоб тариқасида Канада жамоасига эзгу тилаклар билдиришди ва миллий жамоа плей-офф босқичида яна қайтишини таъкидлашди.
Энди Ўзбекистон миллий терма жамоаси жаҳон чемпионати олдидан охирги ўртоқлик учрашувини 8 июнь куни Нидерландия футболчиларига қарши ўтказади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий терма жамоаси мундиалнинг “К” гуруҳидан ўрин олган бўлиб, биринчи учрашувини 18 июнь куни Тошкент вақти билан соат 7:00 да Колумбия терма жамоасига қарши Мексикадаги дунёга машҳур “Ацтека” стадионида ўтказади.
Кўпчилик эътиборида турган Ўзбекистон ва Португалия футболчиларининг ўзаро баҳси 23 июнь куни АҚШнинг Хьюстон шаҳрида Тошкент вақти билан 19:00 да бошланади.
Гуруҳдаги охирги учрашув футболчиларимизнинг мундиал вақтидаги қароргоҳи ҳисобланган Атланта шаҳрида 28 июнь куни соат 01:30 да Конго демократик Республикаси терма жамоасига қарши бўлиб ўтади.
