Лавров: Украинанинг ЕИга қўшилиши Иттифоқ парчаланишига олиб келиши мумкин
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилиши ЕИ учун жиддий ички муаммолар келтириб чиқариши ва ҳатто унинг парчаланишига сабаб бўлиши мумкинлигини билдирди.
Туркия ташқи ишлар вазири Ҳақан Фидан билан музокаралардан кейин ўтказилган матбуот анжуманида Лавров шундай деди:
«Европа Иттифоқининг ички муаммолари нуқтаи назаридан қараганда, Украинанинг қўшилиши яхши ғоя бўлмаслиги мумкин. Акс ҳолда, Иттифоқ шунчаки парчаланиб кетиши мумкин. Бу масала бўйича турли қарама-қарши тенденциялар мавжуд», — деди у.
Лавровнинг фикрича, агар Европа Иттифоқи ўзининг иқтисодий ҳамкорликка асосланган тузилмасидан воз кечиб, ҳарбий блокка айланиш йўлидан борса, бу катта муаммоларни келтириб чиқаради.
«Агар улар иқтисодиётни унутиб, бошқа йўлни танламоқчи бўлса, унда Зеленскийни таклиф қилишлари керак», — дея қўшимча қилди Россия ташқи ишлар вазири.
Унинг таъкидлашича, Европа Иттифоқи Россияга қарши хавфсизлик тизимини кучайтиришга ҳаракат қилмоқда ва Украинанинг Иттифоққа қўшилиши мазкур жараённи янада ҳарбийлаштириш учун ишлатилиши мумкин.
Маълумот учун, 15 июнь куни Люксембургда Европа Иттифоқи ва Украина ўртасида аъзолик бўйича расмий музокаралар бошланган. Молдова ҳам ЕИга қўшилиш бўйича номзод давлат сифатида жараёнда иштирок этмоқда.
2025 йил декабрь ойида Украина ва Европа комиссияси Киевнинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиши учун бажариши лозим бўлган 10 бандли ислоҳотлар режаси бўйича келишувга эришган эди. Бу режанинг асосий қисми коррупцияга қарши кураш чораларини ўз ичига олади. Европа расмийлари маълумотларига кўра, Украина ҳозирга қадар ушбу мажбуриятларнинг тахминан 15 фоизини амалга оширган.
