АҚШ–Ўзбекистон бизнес-форуми: инвестициялар ва стратегик ҳамкорликнинг янги босқичи
АҚШ–Ўзбекистон бизнес-форуми: инвестициялар ва стратегик ҳамкорликнинг янги босқичи
16 июнь куни V Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида АҚШ–Ўзбекистон бизнес-форуми бўлиб ўтди. Мазкур тадбир икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш ва янги иш ўринлари яратишга қаратилган муҳим мулоқот майдонига айланди.
Форумнинг энг эътиборли жиҳатларидан бири АҚШнинг 193 та компанияси иштирок этгани бўлди. Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов таъкидлаганидек, бу икки мамлакат муносабатлари тарихидаги энг йирик Америка бизнес делегацияси ҳисобланади. Унинг сўзларига кўра, мазкур кўрсаткич Америка бизнес доиралари Ўзбекистонни нафақат истиқболли бозор, балки узоқ муддатли стратегик сармоявий ҳамкор сифатида кўраётганини намоён этади.
Форум доирасида ўтказилган юқори даражадаги панель сессиясида инновациялар, инвестициялар ва янги иш ўринлари яратиш масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистон ҳукумати ва АҚШнинг етакчи молиявий институтлари ҳамда йирик компаниялари вакиллари ўртасида амалий мулоқот ташкил этилди.
АҚШ Халқаро тараққиёт молия корпорацияси (DFC) бош директори Бен Блэк Марказий Осиёнинг жадал ривожланаётган ва 100 миллиондан ортиқ аҳолига эга улкан бозор эканини таъкидлаб, Вашингтон минтақа билан фаол ва узоқ муддатли ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.
АҚШ Экспорт-импорт банки (EXIM) президенти Жон Йованович эса Америка технологиялари, ускуналари ва хизматларини Ўзбекистон иқтисодиётига кенг жорий этиш учун ҳозирги давр муҳим имкониятлар яратаётганини қайд этди. У Тошкент инвестиция форумида Америка компанияларининг юқори даражадаги иштирокини икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий муносабатларнинг янги босқичга кўтарилаётганининг ёрқин белгиси сифатида баҳолади.
Форумнинг алоҳида сессияси муҳим фойдали қазилмалар ва илғор технологияларга бағишланди. Унда тоғ-кон саноати, юқори технологиялар, молиявий хизматлар, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги ва авиация соҳаларидаги етакчи халқаро корпорациялар раҳбарлари иштирок этиб, Ўзбекистонда янги лойиҳаларни амалга ошириш ва замонавий технологияларни жорий этиш имкониятларини муҳокама қилди.
FLSmidth компаниясининг катта вице-президенти Питер Фланаган Ўзбекистоннинг тоғ-кон саноати мамлакат иқтисодиёти ўсишининг асосий драйверларидан бирига айланаётганини таъкидлади. У, хусусан, Олмалиқ кон-металлургия комбинатида МОF-3 мис бойитиш мажмуасининг ишга туширилиши каби йирик саноат лойиҳалари халқаро инвесторлар учун янги имкониятлар очаётганини қайд этди.
Тадбир якунида саноат, нефть-газ соҳаси, молия, авиация, геология-қидирув ишлари, сунъий йўлдош алоқаси ва рақамли инфратузилмани ривожлантиришга оид қатор келишув ва меморандумлар имзоланди. Бу ҳужжатлар Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ҳамда мамлакат иқтисодиётига замонавий технологиялар ва йирик сармояларни жалб қилишга хизмат қилиши кутилмоқда.
