Буюк Британия бош вазирига тегишли мулкларга ўт қўйишда икки нафар Украинада туғилган эркак айбдор деб топилди
Лондондаги Олд Бейли суди ҳайъати Буюк Британия бош вазири Кейр Стармер билан боғлиқ уйлар ва автомашинага ўт қўйиш бўйича ишда икки нафар айбланувчини айбдор деб топди.
Суд қарорига кўра, 22 ёшли Украина фуқароси Роман Лавринович ва 27 ёшли румин фуқароси, миллатан украин бўлган Станислав Карпюк ушбу жиноятни содир этиш учун тил бириктирган.
Ҳодисалар 2025 йил май ойида Лондоннинг шимолий қисмида содир бўлган. Аввалига бош вазир Кейр Стармерга аввал тегишли бўлган Toyota автомобили ёқиб юборилган. Орадан бир неча кун ўтиб, Стармер билан боғлиқ яна икки турар жойда ёнғин чиққан. Маълум қилинишича, бош вазир улардан бирида аввал яшаган бўлса, иккинчиси ҳозир ҳам унинг мулки ҳисобланади ва қариндошига ижарага берилган.
Прокуратура маълумотига кўра, Роман Лавринович рус тилида сўзлашувчи Telegram фойдаланувчиси томонидан мукофот эвазига ёлланган. Тергов версиясига кўра, айнан шу шахс унга ўт қўйиш ҳаракатларини амалга ошириш бўйича кўрсатмалар берган.
Суд Лавриновични 2025 йил 11 ва 12 май кунлари икки уйга ҳаёт учун хавф туғдирувчи тарзда қасддан ўт қўйиш орқали мулкка зарар етказишда айбдор деб топди. Шунингдек, у инсонлар ҳаёти хавф остида қолиши мумкинлигини билган ҳолда мулкни қасддан йўқ қилишда ҳам айбдор деб эътироф этилди.
Иш бўйича учинчи айбланувчи — 35 ёшли Пётр Починок эса ўт қўйиш учун тил бириктириш айблови бўйича оқланди.
Тергов давомида учала шахс ҳам бир-бири билан ёки бошқа кимсалар билан жиноий келишувга киришганини рад этган эди.
Бу воқеа Буюк Британияда катта резонанс уйғотган бўлиб, ҳуқуқ-тартибот органлари ҳодисанинг эҳтимолий буюртмачилари ва ташқи таъсир омилларини ҳам ўрганмоқда.
