Ёмон хулқли иммигрантлар мамлакатдан чиқариб юборилади
Швеция парламенти 15 июнь куни янги қонунни маъқуллади. Унга кўра, эндиликда расмийлар иммигрантларнинг яшаш гувоҳномасини уларнинг ёмон хулқ-атвори сабабли бекор қилиши мумкин. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Ёмон хулқ-атвор тоифасига тўланмаган қарзлар, солиқ тўламасдан ишлаш (яширин меҳнат) ёки экстремистик ташкилотлар билан алоқадорлик кабилар киради. Янги қонун ҳозир кўриб чиқилаётган ҳужжатларга ҳам, аввалроқ бериб бўлинган яшаш гувоҳномаларига ҳам тегишли бўлади.
Ушбу чора мамлакатдаги ўнг қанот ҳукумати ва уни қўллаб-қувватлаётган миллатчи “Швеция демократлари” партиясининг иммиграция қоидаларини қатъийлаштириш сиёсатининг бир қисмидир. Сентябрь ойида Швецияда парламент сайловлари бўлиб ўтади.
Мухолифат ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари ушбу қонунни кескин танқид қилди. Уларнинг фикрича, қонун асоссиздир, чунки одамлар жиноят деб ҳисобланмаган ҳаракатлари учун ҳам жазоланиши мумкин.
“Яхши хулқ-атвор тўғрисидаги қонун одамларни мавҳумликда қолдиради. Улар қайси ҳаракатлари ёки сўзлари ўзларига қарши ишлатилишини билмайди. Бу қонун ҳуқуқ устуворлиги ва қонун олдида тенглик тамойилларига зиён етказади”, дейилади Стокгольмдаги Civil Rights Defenders ташкилоти баёнотида.
Амалдаги ҳукумат 2022 йилги сайловларда иммиграцияни камайтириш ва жиноятчиликка қарши курашиш ваъдаси билан ғалаба қозонган эди. Ҳукумат вакилларининг билдиришича, тартиббузар ва жиноятчи шахсларга Швецияда жой йўқ.
Қонунда айнан қайси ҳаракатлар номақбул деб ҳисобланиши аниқ кўрсатилмаган. Бироқ ҳукумат қарзлар, солиқлардан қочиш ва экстремистлар билан алоқаларни тилга олган. Эндиликда Миграция агентлиги муҳожирларнинг ҳужжатларини қайта текшириб чиқади. Қарор устидан миграция судига шикоят қилиш имконияти мавжуд.
“Тўғри йўлни танлашга ҳаракат қилмайдиган ҳар қандай одам Швецияда қолишдан умид қилмаслиги керак”, деган эди мамлакат миграция вазири Ёҳан Форсселл март ойида ушбу қонун лойиҳасини таклиф қилар экан.
