"El Mundo Financiero": Ўзбекистоннинг Оролбўйида экологик вазиятни барқарорлаштириш борасидаги саъй-ҳаракатлари ўз самарасини бермоқда

"El Mundo Financiero": Ўзбекистоннинг Оролбўйида экологик вазиятни барқарорлаштириш борасидаги саъй-ҳаракатлари ўз самарасини бермоқда

Испаниянинг етакчи "El Mundo Financiero" электрон нашрида "Ўзбекистон Орол денгизининг қуриган тубида "яшил қоплама" барпо этмоқда" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда қайд этилишича, Орол денгизининг қуриши замонавий дунёнинг энг йирик экологик инқирозларидан бири ҳисобланади. Денгизнинг бутунлай чекиниши Оролбўйининг ўсимлик, ҳайвонот дунёси, ландшафти ва иқлимига тизимли равишда салбий таъсир кўрсатди. Кўлнинг қуриган қисмида сув юзаси ўрнига 5,5 миллион гектар майдонда Оролқум чўли пайдо бўлди.

"Мутахассисларнинг фикрича, бугунги кунда Орол денгизини аввалги ҳолатига қайтаришнинг иложи йўқ, – дейилади мақолада. – Ўзбекистон ҳукумати Оролбўйи ва Орол денгизи муаммоларига миллий ҳамда жаҳон миқёсида катта эътибор қаратяпти. 2018 йилдан буён Орол денгизининг қуриб қолган ҳудудида ҳар йили 1 миллион 730 минг гектар ўрмон барпо этилмоқда. Бугунги кунга қадар 17 минг квадрат километр майдон кўкаламзорлаштирилди".

Маълум қилинишича, Оролбўйи ва қуриб қолган денгиз ҳудудида яратилган "яшил қоплама"нинг катта қисми саксовулдан иборат. Ушбу чора ҳам тоза ҳавони таъминлашга ёрдам беради. Тўрт йиллик саксовул ўсимлиги бир гектар майдонга 1158 кубометр кислород чиқаради.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон ташаббуси билан Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик траст жамғармаси ташкил этилди, шунингдек БМТнинг "Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида"ги махсус резолюцияси қабул қилинди.

"Ўзбекистоннинг Оролбўйида экологик вазиятни барқарорлаштириш борасидаги саъй-ҳаракатлари ўз самарасини бермоқда. Мутахассисларга кўра, кўрилган чора-тадбирлар натижасида иқлим таъсирини юмшатиш кузатилмоқда. Бу ҳудудда қазилган ўнлаб артезиан қудуқларидан сув кўтарилиши туфайли сунъий кўллар пайдо бўлди. Атрофда қамишзорлар, дарахтлар ва буталар ўсган", – деб ёзилган мақола якунида.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!