Божхоначилар тадбиркор ҳузурида

Божхоначилар тадбиркор ҳузурида

Бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири - экспорт салоҳиятини ошириш, барча соҳаларда тадбиркорлар учун қулайлик яратиш орқали уларга амалий ёрдам беришдир.

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси томонидан ҳам ушбу йўналишда тизимли ишлар амалга оширилиб, ишлаб чиқарилаётан товарларнинг чет элга экспорт қилинишида тадбиркорларга тезкор ва замонавий божхона хизматлари кўрсатиб келинмоқда.

Бу борада “Тошкент-товар” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида тадбиркорлар билан мулоқотнинг самарали тизими жорий этилган. Пост ходимлари тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Тошкент шаҳридаги “BAKAN TEX” масъулияти чекланган жамиятга ташриф буюришди.

Корхона 2017 йилда иш фаолиятини йўлга қўйган бўлиб, корхонанинг йилиги 20 минг тонна пахта толасини қайта ишлаш қувватига эга.

Бу ерда бир кунда ўртача 38 тонна ип калава ишлаб чиқарилади.

Эътиборлиси, бугунги кунда ушбу текстил корхонасида 500 дан ортиқ аҳоли иш билан таъминланган. Корхона нафақат ички бозорга балки, Эрон, Туркия, Полша ва Россия давлатларига маҳсулотларини экспорт қилади.

Жорий йилнинг ўтган 8 ойи давомида корхона томонидан 16,2 млн. долларлик товарлар хориж бозорларига йўналтирилган.

Тадбиркорга яқиндан кўмакчи бўлиш, уларга сифатли божхона хизматини кўрсатиш, қолаверса, олиб кирилган маҳсулот ёки асбоб-ускуналарга божхона тўловларидан имтиёзлар бериш экспорт кўрсаткичи янада ошишига муҳим омил бўлади. Шу боис, корхона томонидан 1,1 млн. доллар қийматидаги хом ашё ва асбоб-ускуналар импорт қилинган.

Ташриф давомида пост ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ташқи иқтисодий фаолият жараёнларини амалга оширишдаги муаммолари ўрганилди, шунингдек, уларга божхона соҳасида янги қабул қилинган меъёрий ҳужжатлар талаблари етказилди.

Учрашувда пост ходимлари тадбиркорларга доимо кўмак беришга тайёрлигини айтиб ўтишди.

Зеро, бугун тадбиркорларга барча соҳаларда кўрсатилаётган амалий ёрдамлар натижасида маҳаллий ишлаб чиқариш, экспорт кўрсаткичлари тобора юқорилаб бораверади. Бу эса юртимиз иқтисодиётининг янада ривожланишига ва аҳоли фаровонлигига хизмат қилади.

Бобур Юнусов,

“Тошкент-товар” божхона пости катта инспектори


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!