Беҳзод Ҳошимов: «Агар ҳақиқатан ҳам йилига 8 фоиздан ўсганимизда эди, ҳозир йиллик даромадимиз 1,5 минг эмас, 5800 доллар бўларди»

Беҳзод Ҳошимов: «Агар ҳақиқатан ҳам йилига 8 фоиздан ўсганимизда эди, ҳозир йиллик даромадимиз 1,5 минг эмас, 5800 доллар бўларди»

Таниқли иқтисодий таҳлилчи Беҳзод Ҳошимов Telegram’даги каналида Ўзбекистон, Хитой, Қозоғистон ва Вьетнамнинг 1991 йилги ва ҳозирги иқтисодиёти ҳажмини таққослади.

Охирги 28 йилга қарасак, иқтисодиётимиз жуда суст ўсган. Конвертнинг орқасида ҳисоб қилсак: агар 1991 йилда бизда бугунги доллар ҳисобида киши бошига даромад 652 доллар бўлган бўлса, Хитойда бу рақам 333 доллар бўлган. Ҳозир Хитой биздан олти баробар бойроқ. Бизда 1500 доллар, уларда эса 9800 доллар.

1991 йилда Қозоғистон биздан сал кам икки баробар бой бўлган бўлса, бугунга келиб, улар ҳам олти баробар бойиб кетди. Вьетнамда 1991 йили бу кўрсаткич 138 доллар бўлган, яъни ўша пайтда Ўзбекистон улардан беш баробар бойроқ эди. Ҳозир Вьетнамда киши бошига кўрсаткич 2563 доллар. Яъни — биздан бойроқ.

Оддий қилиб айтсак, биз йилига киши бошига 3,4 фоиздан ўсиб келдик (ҳамкасбларим кечиришади, лекин бу рақам деярли тўғри). Бунақа кичкина база (600 доллар)дан шунчалик секин ўсиш ниҳоятда ғайритабиий. Бундай ёмон ўсиш сабаби нима деган савол устида фикрлаб кўринг.

ПС. Агар биз охирги 28 йилда йилига 8 фоизга ўсганимизда эди, ҳозир йиллик даромадимиз 1500 доллар эмас, 5800 доллар бўлар эди.

Беҳзод Ҳошимов


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!