АҚШ ва Эрон можаросига Германия аралашмоқчи

АҚШ ва Эрон можаросига Германия аралашмоқчи

Бағдодда Америка томонидан Эроннинг энг қудратли ҳарбий қўмондони саналган генерал Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилиши Яқин Шарқдаги вазиятни баттар кескинлаштириб юборди.

Минтақада уруш хавфи вужудга келди. Аҳвол шу даражадаки, гўё битта гугурт чақса ёниб кетадигандек. Таҳдидлар ҳам очиқча янграяпти.

Хусусан, Эрон Сулаймонийнинг ўлими учун ўч олишини билдирди. АҚШ ҳам қараб турмоқчи эмас. Оқ уй раҳбари агар Теҳрон америкаликларга ҳужум қилса, унинг армияси Эроннинг 52 муҳим объектига зарба беришини айтди. Трампнинг сўзларига кўра, ҳужумлар жуда тез ва жуда кучли бўлади.

Хўш, вазиятни кимдир юмшата оладими? Чунки ҳозирги «сан-ман»лар шунчаки оғизда бўлиб қоладиганга ўхшамаяпти... Ўртага Германия тушмоқчи. Гап шундаки, ушбу давлат Яқин Шарқдаги вазият мураккаблашишининг олдини олиш учун барча дипломатик имкониятлардан фойдаланиш ниятида. Бу ҳақда Германия ташқи ишлар вазири Хайко Маас «Bild» нашрига берган интервьюсида айтиб ўтган.

Унинг қайд этишича, яқин кунларда Германия ташқи ишлар вазирлиги Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги можаронинг ривожланишига йўл қўймаслик учун БМТ ва Эрон билан мулоқотда барча имкониятлардан фойдаланади. «Ҳозир ҳар қандай провокация бутун минтақа, шунингдек, Европа хавфсизлиги учун кутилмаган оқибатларга олиб келиши мумкин», дейди у.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!