АҚШ разведкаси Россия Трампни қайта президент қилиш учун ҳаракат бошлаганини маълум қилди

АҚШ разведкаси Россия Трампни қайта президент қилиш учун ҳаракат бошлаганини маълум қилди

АҚШ разведка хизматлари ходимлари Конгресснинг Вакиллар палатаси разведка бўйича қўмитасига Россия Дональд Трампнинг қайта президент этиб сайланишига кўмаклашиш мақсадида Америка сайлов кампаниясига аралаша бошлагани ҳақида маълум қилди. Бу ҳақда 13 февраль, пайшанба куни, бўлиб ўтган ёпиқ брифингда маълум қилинган, дея хабар бермоқда The New York Times ўз манбаларига асосланиб.

Разведка вакилларининг маълум қилишича, Россия Демократик партиянинг праймеризига ҳам ва умуман сайловнинг боришига ҳам аралашмоқчи. Ҳисоботда таъкидланишича, Россия махсус хизматлари ходимлари ижтимоий тармоқларда ўзини худди америкаликдек кўрсатиш ўрнига, америкаликларни ёлғон маълумотларни такрорлашга ундаш устида ишламоқда. Бу ижтимоий тармоқларнинг ёлғон маълумотларни чоп этишга доир қоидаларини четлаб ўтиш мақсадида қилинмоқда.

Разведка хизматлари маълумотига кўра, Америка сайловларига аралашиш учун Россия бошқа мамлакатлардаги эмас, балки айнан АҚШдаги серверлардан фойдаланмоқчи, шунингдек, киберҳужумларни худди Эрондаги хакерлар амалга ошираётгандек кўринадиган қилиб уюштирмоқчи.

The Washington Post’нинг қайд этишича, Россия Трампга ёрдам бериш учун айнан қадамлар ташлаши ҳали тугал маълум эмас. Брифинг давомида АҚШ президентининг тарафдорлари янграган баёнотларга қарши чиқиб, Трамп Москвага фаол қаршилик кўрсатгани, Украинага қурол-яроғ тақдим этгани ва НАТОни мустаҳкамлаш устида ишлаганини таъкидлаган.

Брифингнинг эртасига Дональд Трамп АҚШ миллий разведкаси директори вазифасини бажарувчи Жозеф Магуайрни танқид қилган — брифингни унинг ёрдамчиси Шелби Пирсон ўтказган эди. 19 февраль, чоршанба куни эса Трамп миллий разведка раҳбарлигига Магуайр ўрнига АҚШнинг Германиядаги элчиси Ричард Гренелл тайинланишини маълум қилди.

Америка махсус хизматларининг фикрича, Россия расмийлари 2016 йилда АҚШ президенти сайлови жараёнига аралашув кампаниясини уюштирган. Расмий Москва ушбу айбловни қатъий рад этиб келади. Шунингдек, АҚШда Дональд Трампнинг сайловолди штабининг Россия билан алоқалари бўлган, деб тахмин қилинади, бироқ АҚШ махсус прокурори Роберт Мюллер олиб борган суриштирув бу тахминни тасдиқламади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!