Андижонда фалсафа доктори ишга тикланди

Андижонда фалсафа доктори ишга тикланди

Бугунги кунда мамлакатимиз тараққиёти ва келажаги ёшларнинг қўлида эканлигини, таълим соҳаси жамият тараққиётига эришишдек асрий орзуларимиз учун зарур маконлигини жуда яхши биламиз. Бироқ таълим соҳаси намояндалари бўлмиш ўқитувчи ва мураббийлар, уларнинг меҳнат ва машаққатларини етарлича қадрламаслик ҳоллари ҳам учраб турибди.

К.О. йиллар давомида таълим соҳасида фаолият юритиб, ҳамкасблари орасида тиришқоқлиги ва меҳнатсеварлиги боис алоҳида эътиборга, фалсафа докторидек илмий унвонга ҳақли равишда эга бўлди. Андижондаги олий ўқув юртларидан бирида кафедра мудири вазифасида ишлаб келаётган эди. Меҳнат шартномасининг амал қилиш муддати бир йил, яъни 2021 йилнинг 1 июлига қадар эди. Бироқ ўқув юрти ректори уни июль, август ойларида сайлов бўйича ташкилотлар ходимларининг билим ва кўникмаларини ошириш учун хизмат сафарига юборди.

К.О. ректорнинг топшириқларини аъло даражада уддалаб қайтди. Аммо бир куни мажлисда билдирган фикри ректорга ёқмадию, қилган меҳнатлари ҳавога учгандек бўлди. Уни меҳнат шартномасининг муддати 2021 йил 31 августда тугаганлигини маълум қилиб, 1 сентябрдан ишдан бўшатишди. Раҳбариятга қилган мурожаатлари эса фойда бермади. Шунда у ҳақиқат учун курашиш кераклигини тушуниб етди ва қонуний ҳуқуқларини тиклаш учун судга мурожаат қилди.

Суд унинг арз ва тушунтиришларини эшитиб, иш ҳужжатларини ўрганиб, ходим муддатли меҳнат шартномасининг муддати тугаганидан сўнг иш берувчи томонидан яна ишга жалб қилинганлиги ва у аввалги лавозимида ишни давом эттирганлиги сабабли меҳнат шартномаси номуайян муддатга узайтирилган, шундай бўлса-да, у қонунга зид равишда ишдан бўшатилган, деган хулосага келди.

К.О. суднинг ҳал қилув қарори билан ишга тикланиб, аризаси қаноатлантирилди. Ўзини ҳақ деб ҳисоблаган олий ўқув юрти маъмурияти эса апелляция шикояти ёзди, бироқ вилоят суди апелляция инстанцияси ходимни ҳақ деб ҳисоблаб, шикоятни қаноатлантирмасдан қолдирди.

Акмалжон Алижонов,

Андижон вилояти суди судьяси


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!