Венесуэла мухолифати номзоди мамлакатдан қочиб, Испаниядан бошпана сўради

Венесуэла мухолифати номзоди мамлакатдан қочиб, Испаниядан бошпана сўради

Николас Мадуронинг сўнгги президентлик сайловидаги асосий рақиби 75 ёшли Эдмундо Гонсалес Испания ҳарбий самолётида Мадридга йўл олди. Бу ҳақда Испания ташқи ишлар вазири Хосе Мануэл Албарес маълум қилди. Гонсалеснинг адвокати бу маълумотни AFPга тасдиқлади.

Аввалроқ Венесуэла вице-президенти Делси Родригес Х ижтимоий тармоғида Гонсалес Испаниядан сиёсий бошпана сўрагани ҳақида ёзган эди. «Фуқаро Эдмундо Гонсалес Уррутиа бир неча кун олдин Испаниянинг Каракасдаги элчихонасидан бошпана сўраб, мамлакатни тарк этган.» Вице-президентнинг таъкидлашича, Венесуэла расмийлари «мамлакатда осойишталик ва сиёсий муросага эришиш» учун мухолифат етакчисига аралашмаган.

Венесуэлада президентлик сайловлари 28 июль куни бўлиб ўтди. Мамлакат расмийлари овоз беришнинг батафсил натижаларини эълон қилмасдан, амалдаги давлат раҳбари Николас Мадурони ғолиб деб эълон қилди. Мухолифат кенг кўламли сохталаштиришларни эълон қилди ва кўчаларда норозилик намойишлари бошланди. Тўқнашув натижасида 27 киши ҳалок бўлди, 2 мингдан ортиқ киши ҳибсга олинди. Охирги бир ой давомида полициядан қочиб юрган бирлашган мухолифат номзодини ҳибсга олиш учун ордер ҳам чиқарилган.

2 август куни Қўшма Штатлар Эдмундо Гонсалесни сайловнинг қонуний ғолиби деб атаган баёнот эълон қилди. Бразилия, Мексика ва Колумбия етакчилари ҳам Мадуронинг ғалабасига шубҳа билдирди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!