Ана холос! 19 августда ҳам тест синовлари ўтказилган?!

Ана холос! 19 августда ҳам тест синовлари ўтказилган?!

14.05.2019 йилдаги Президент қарори бўйича, тест синовларининг жавобларини эълон қилишнинг охирги муддати - 22 август. Қонун ҳужжатларида тест синовлари натижаларини ортга суриш ҳақида бирорта қоида йўқ.

Бугун соат 15:00 да Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ДТМ вакили билан брифинг бўлар экан. Агентлик хабарида айтилишича, брифингда 21 августда эълон қилиниши мўлжалланган мандат натижалари маълум кунлар орқага сурилиши юзасидан ҳам ахборот берилар экан. Айтганча, айтишларича, брифингни тўғридан-тўғри «Ўзбекистон24» телеканали орқали эфирга узатиш режалаштирилаётган экан.

Шу эълондан кейин деярли барча «мандат кечикар экан», дея ёзишмоқда. Билмадим, балки кечикмас, чунки эртага ҳам вақт борку ҳали.

Кўпчиликни бир савол қизиқтирмоқда: нима учун жорий йилда мандат кечикмоқда? Чунки якуний натижаларни ҳисоблаш техник томондан қийин эмаску, компьютер осонгина чиқариб беради, охирги кунни кутиш шартми, дейишмоқда.

Ҳа, тўғри, компьютерга барчаси жуда осон. Аммо шахсий фикримча, гап бошқа жойда. Менимча, бунга қуйидаги омиллар сабаб бўлмоқда:

Биринчидан, олинган маълумотларга кўра, 19 август куни ҳам операторларнинг айби туфайли, техник хатолик билан тестга кира олмаган айрим абитуриентлар учун тест синовлари ўтказилган. Аммо бу ҳақида ҳеч қаерда расман эълон қилинмади. Бу жуда ва жуда ёмон. Чунки бу турли шубҳа ва гумонларни кўпайтиради. Бундай маълумотлар олдиндан, очиқ-ошкора эълон қилиниши керак эди.

Изоҳ: мутасаддиларга ҳам ҳайрон қоламан-да. Тестни адолатли ўтказиш учун қай даражада катта ҳажмли ишлар қилиняпти, буни кўриб турибмиз. Аммо юқоридаги каби элементар ҳолатларда маълумотларни ошкор қилмасдан, ишончсизликни ошириб юборишяпти. Нима учун алоҳида тест бўлди, унга кимлар кирди, шунчаки тасодифмиди ёки олдиндан ўйланган режамиди, деган саволларни кўпайтирмаслик учун ҳам, шаффофлик керак.

Иккинчидан, ҳалигача айрим имтиёзларни учта йўналишда қўллаш тартиби расман маълум эмас. Масалан, ҳарбий тавсияномаси борларнинг имтиёзи учта йўналишда қай тартибда ўтиши, 19 августга келибгина эълон қилинди. Ҳали мақсадли қабул, ногиронлар, ҳарбийларнинг фарзандларига берилган имтиёзларнинг ҳисобланиши борасида ҳам бирорта расмий ҳужжат йўқ.

Шунингдек, Фарғонадаги «Темурбеклар мактаби» битирувчилари алоҳида квотада қабул қилинадими ёки асосий квота ичидами, бу ҳам аниқ эмас. Бундай ҳолатда якуний натижаларни чиқариш имконсиз.

Изоҳ: 2019 йилги қабул жараёнлари ҳужжатлар кечикиши ва айрим тартибларни ҳеч қандай ҳужжатларсиз ўтказилганлиги билан алоҳида тарихга кирди. Ўтган йилларда ҳужжатлар бу каби кечикмаганди. ИМҲО.

Учинчидан, якуний натижаларни фақат Давлат қабул комиссияси раиси, яъни Бош вазир тасдиқлаб имзолаши керак. Шундан кейин у кучга эга бўлади. Балки имзолатиш жараёни мандатни ортга сураётган бўлиши мумкин.

Маълумот учун: кеча Бош вазир хизмат сафари билан Наманган вилоятида бўлганди.

Ҳар не бўлганда ҳам, мандатни 22 августдан кечиктирмасдан эълон қилишларига умид қилиб қоламиз. Барчага сабр ва омад тилайман. Оз қолди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!