“Ўзбекистон – 2030” стратегияси янги таҳрирда ишлаб чиқилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йил 26 декабрь куни Олий Мажлисга Мурожаатномасида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини қайта кўриб чиқиш вазифасини белгилаб берди.
2023 йилда қабул қилинган мазкур стратегик ҳужжат қисқа вақт ичида барча соҳаларда сезиларли натижаларни таъминлади. Хусусан, камбағаллик даражаси 11 фоиздан 6,8 фоизга, ишсизлик 6,8 фоиздан 4,9 фоизга камайди. Ялпи ички маҳсулот ҳажми 103 млрд доллардан 145 млрд долларга, экспорт 25 млрд доллардан 33,4 млрд долларга, хорижий инвестициялар 17 млрд доллардан 43 млрд долларга етди. Хорижий сайёҳлар сони 6,6 млн нафардан 8,6 млн нафарга ошди. Мактабгача таълим қамрови 78 фоизга, олий таълим қамрови 42 фоизга етди. Ўзбекистон билан дипломатик муносабат ўрнатган давлатлар сони эса 164 тага етди.
Сўнгги икки йилда Президент томонидан 650 дан ортиқ фармон ва қарорлар қабул қилинди, 500 дан зиёд йиғилиш ва учрашувларда барча соҳалар бўйича янги вазифалар белгиланди.
Аввал 2030 йилгача ЯИМни 160 млрд долларга етказиш мақсад қилинган бўлса, бу кўрсаткичга 2026 йилнинг ўзида эришиш кутилмоқда. Келгуси беш йилда иқтисодиёт ҳажмини 240 млрд доллардан ошириш имконияти мавжудлиги таъкидланди.
Аҳоли сони 2030 йилга бориб 41 млн нафарга етиши прогноз қилинаётгани, шунингдек, жаҳон иқтисодиётидаги ўзгаришлар, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект ривожи стратегияни янгилашни тақозо этмоқда.
Шу асосда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг такомиллаштирилган лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унда 350 дан ортиқ мутасадди идора ва илмий марказ вакиллари иштирокида 444 та самарадорлик кўрсаткичи қайта кўриб чиқилди.
Янгиланган стратегиянинг асосий жиҳатлари қуйидагилардан иборат:
-
барча мақсад ва кўрсаткичлар янги белгиланган марраларга мослаштирилди;
-
кўрсаткичлар фақат ўлчанадиган (сонли) шаклда белгиланди, умумий ва баҳолаб бўлмайдиган 130 та банд чиқариб ташланди;
-
барча кўрсаткичлар 2030 йилгача йилма-йил режалаштирилди;
-
60 га яқин давлат органларининг аниқ масъулияти белгилаб қўйилди;
-
ҳар бир кўрсаткич бўйича молиявий манбалар аниқ кўрсатилди;
-
соҳавий ва ҳудудий ривожланиш стратегиялари “Ўзбекистон – 2030” стратегиясига мос ҳолда ишлаб чиқилади.
Стратегия лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилиб, аҳоли фикрлари асосида янада такомиллаштирилади.
Шунга мувофиқ, лойиҳа uzbekistan2030.uz ва regulation.gov.uz платформаларида жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилди.
Қўшимча таклиф ва саволлар учун колл-марказ:
📞 (71) 239-49-38
📞 (71) 239-49-44
