Z-патриотлар ва кавказлик мусулмонлар низолашмоқда
Аввалроқ, Россиянинг Владимир вилоятида мактабларда ниқоб ва ҳижоб кийишга тақиқ киритилгани ҳақида хабар бергандик. Бунга “ишбилармонлик муҳитини” яратиш ҳамда “миллий ва диний асосдаги низоларнинг олдини олиш" сабаб қилиб келтирилган.
Deutsche Welle нашрининг ёзишича, мазкур қарор низоларнинг олдини олишга эмас, аксинча Россиядаги мусулмонлар ва бошқа тоифага мансуб шахслар ўртасидаги зиддиятнинг кучайишига хизмат қилган. Қайд этилишича, ушбу масала федерал даражадаги баҳсга айланган.
Владимир вилояти аллақачон бундай чекловлар жорий этилган Россиядаги учинчи минтақадир: худди шундай тақиқ Ханти-Мансийск ва Ямало-Ненец автоном округларида ҳам киритилган. Масалан, ушбу тақиқ туфайли, 2022 йил сентябрь ойида Ямало-Ненец автоном округидаги мактаб ўқувчиси ўзининг мактабдан ҳайдалганини билдирди, аммо кейинчалик, маҳаллий ҳокимият уни истисно қилди. Натижада юзага келган жанжалга тезда барҳам берилган. Аммо Владимир вилоятида ушбу айирмачилик тезда федерал аҳамиятга эга муаммога айланди.
Гап шундаки, бир неча кун ичида Россияда икки лагер – Z-патриотлар ва Шимолий Кавказ республикалари сиёсатчилари ўзаро жанжаллашди.
Россия Давлат Думаси депутати, Доғистонлик Бийсултон Ҳамзаев Владимир вилоятидаги амалдорларни “аҳмоқлар” деб атаган. Чеченистондан унинг ҳамкасби Адам Делимханов Telegram каналида Рамзан Қодиров номидан Владимир вилояти маҳаллий амалдорлари билан “музокаралар” ўтказилаётганини маълум қилган.
Делимхановнинг баёнотлари Z-патриотларининг норозилигини уйғотди. “Икки майор” Telegram-канали мазкур ҳолатни “чечен депутатларининг бошқа ҳудудларга таъсирини кенгайтириши” деб атади. Шунингдек, “военкор” Роман Сапонков “бундай ҳаракатлар федерал марказни заифлаштиришини қўшимча қилган.
"Владимир вилояти ҳокимиятининг ҳаракатлари қанчалик қонуний эканини баҳолаш қийин, улар мусулмонлар учун жуда нозик масалани кўтаришди", деган исломшунос Аҳмад Ярликапов немис нашрига.
Ярликаповнинг таъкидлашича, Шимолий Кавказ мусулмонлари орасида ҳижобга алоҳида муносабат бор: уни тақиқлаш мумкин эмас. Бундай чекловлар Россияда жиддий қарама-қаршиликни юзага келтириши мумкин.