Жорий йилнинг 9 ойида хорижий инвестиция ва кредитлар ҳажми 1,6 баробар ошди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари 2024-йилнинг январь-сентябрь ойларида ҳудудларда асосий капиталга инвестициялар ҳамда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитларни жалб қилиш самарадорлигини таҳлил қилди.
Таҳлил давомида IPI (Investment Performance Index - Инвестицияларни жалб қилиш самарадорлиги индекси) индексидан фойдаланилди. Ушбу индекснинг меъёрдаги кўрсаткичи 1,00 га тенг бўлиб, у инвестицияларни жалб қилиш сиёсати яхши йўлга қўйилганини билдиради. Индекс қийматининг меъёрдан юқорилиги жалб қилинаётган инвестициялардан самарали фойдаланиш имкониятлари мавжудлигини, аксинча паст қийматлар ҳудудга қўшимча инвестицияларни жалб қилишга эътибор қаратиш зарурлигини англатади.
2024-йилнинг январь-сентябрь ойларида республика бўйича асосий капиталга инвестициялар ҳажми 343,1 трлн. сўмга етган. Бу 2023-йилнинг мос давридагига нисбатан 1,3 маротаба кўп. Хорижий инвестиция ва кредитлар ҳажми 1,6 баробар ошган ва 233,0 трлн. сўмга тенг бўлган.
2024-йилнинг дастлабки тўққиз ойи маълумотлари асосида ҳисобланган IPI индексига кўра, қуйидагилар аниқланди:
Аксарият ҳудудларда асосий капиталга инвестициялар бўйича меъёр кўрсаткичга қараганда юқори қийматлар сақланиб қолмоқда. Бу борада Бухоро (2,15), Наманган (1,91) ва Жиззах (1,70) вилоятлари бошқаларга нисбатан ажралиб турибди. Сурхондарё (1,06) ва Андижон (0,93) вилоятларида меъёрдаги кўрсаткичга яқин қийматлар қайд этилди.
Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар бўйича Бухоро (2,92) ва Наманган (2,06) вилоятларида меъёрдагидан анча юқори натижалар кузатилди. Андижон (1,08) ва Навоий (0,99) вилоятларида меъёр кўрсаткичига яқин қиймат қайд этилди. Тошкент шаҳрида (0,54) индекс 1 дан анча паст бўлди.
Шунингдек, тадқиқот даврида қайд этилган кўрсаткичларни аввалги уч чорак натижалари билан таққослаш асосида қуйидагилар аниқланди:
Сўнгги йилларда асосий капиталга инвестициялар таркибида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларининг ҳажми ортиб бориши IPI индекси қийматларининг тебранишига кучли таъсир сақланиб қолмоқда.
Хусусан, Бухоро ва Наманган вилоятларида хорижий инвестициялар ҳисобига амалга оширилган лойиҳалар юқори индекс қийматларининг шаклланишига сабаб бўлган.
Кристиан Лессманн 1980-2009 йилларда дунёнинг 55 та мамлакати бўйича олиб борган тадқиқоти давомида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг нотекис тақсимланиши ҳудудлар миқёсида номутаносибликка олиб келиши мумкинлигини аниқланган.
Шунингдек, аҳолининг ҳудудлар орасида юқори мобиллиги ва давлатларнинг ресурсларни самарали қайта тақсимлаш сиёсати каби омиллар юқоридаги салбий таъсирни камайтириши мумкинлиги қайд этилган.
Таъкидлаш керакки, IPI индекси ҳудудлар миқёсида инвестицияларнинг миқдор кўрсаткичлари асосида таҳлил қилинган бўлиб, уларнинг сифат кўрсаткичларини англатмайди.