Ўзбекистонда паррандачиликнинг ривожланиши ва соҳанинг унумдорлиги тенденциялари таҳлил қилинди

Ўзбекистонда паррандачиликнинг ривожланиши ва соҳанинг унумдорлиги тенденциялари таҳлил қилинди

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертлари Ўзбекистонда паррандачиликнинг ривожланиши ва соҳанинг унумдорлиги тенденцияларини таҳлил қилди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда паррандачилик, шунингдек, тухум ишлаб чиқариш фаол ривожланмоқда. 2022-йилнинг январ-декабрь ойларида республикада 8 129,3 миллион дона тухум ишлаб чиқарилган. Бу 2021-йилнинг шу давридагига нисбатан 4,4 фоиз кўп. 2016-2022 йиллар давомида тухум ишлаб чиқариш 32,1% га ошди.

Тухумнинг асосий қисми, яъни 61,9 фоизи деҳқон ва шахсий ёрдамчи хўжаликларда, 23,3 фоизи қишлоқ хўжалиги фаолияти билан шуғулланувчи ташкилотлар томонидан етиштирилмоқда.

Тухум етиштиришдаги бу ўсиш паррандалар сонининг кўпайиши билан боғлиқ бўлиб, ишлаб чиқариш самарадорлиги (битта товуқнинг йиллик сертухумлилиги) пасаймоқда. 2016-2022 йиллар давомида паррандалар сони 45,2 фоизга ошди. Шу билан бирга, товуқларнинг йиллик сертухумлилиги 2018-йилдаги 244 донадан 2021-йилда 215 донага ёки деярли 12% га камайди.

Таққослайдиган бўлсак, Чилида битта товуқнинг йиллик сертухумлилиги 350 дона (1,6 баравар кўп), Россияда – 296 дона (1,4 баравар кўп), Мисрда – 294 дона (1,4 баравар кўп), Исроилда – 254 дона (1,2 баравар кўп), БААда – 238 дона (1,1 баравар кўп).

Маҳсулдорликнинг етарли даражада юқори эмаслигига паррандаларни нотўғри озиқлантириш ва парвариш қилиш, шунингдек, илғор технологияларни жорий этишнинг паст даражаси, кўпчилик фермер хўжаликларининг кичиклиги ва тижоратлаштиришнинг паст даражаси сабаб бўлиши мумкин.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!