Ўзбекистонда Ҳайдар Aлиев таваллудининг 100 йиллигига бағишланган концерт дастури ўтказилди

Ўзбекистонда Ҳайдар Aлиев таваллудининг  100 йиллигига бағишланган концерт дастури ўтказилди

Ўзбекистондаги Ҳайдар Aлиев номидаги Озарбайжон Маданият маркази, Озарбайжон Республикаси Диаспора билан ишлаш Давлат қўмитаси ҳамкорлигида Озарбайжон Маданият Марказида Озарбайжон халқининг Умуммиллий Лидери Ҳайдар Aлийев таваллудининг 100 йиллигига бағишланган тадбир ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон ҳукумати вакиллари, маданият, санъат ходимлари, зиёлилар, талаба ва ёшлар қатнашди.

Тадбир иштирокчилари аввало Маданият марказидаги Умуммиллий Лидери Ҳайдар Aлиев бюсти ҳамда шаҳидлар ёдгорлик мажмуасига гул қўйишди. Шундан сўнг тадбир иштирокчилари Марказда Ҳайдар Aлийевга бағишланган кўргазма билан танишдилар.

Маданият марказининг катта концерт залида давом этган тадбирни Ўзбекистондаги Ҳайдар Aлиев номидаги Озарбайжон Маданият маркази директори Самир Aббасов кириш сўзи билан очар экан, Озарбайжон халқининг буюк ўғлони, мустақил Озарбайжон давлати ҳамда Озарбайжон мафкураси асосчиси, Умуммиллий Лидер Ҳайдар Aлийевнинг хизматлари ҳақида тўхталиб, унинг Озарбайжон давлатчилиги тарихига улкан ҳисса қўшгани, катта муваффақиятларга эришгани, Умуммиллий Лидернинг бу беқиёс хизматларини нафақат Озарбайжонда, балки бутун дунёда кенг тарғиб қилиш зарурлигини таъкидлади.

Самир Aббасов Ҳайдар Aлиевнинг шахсияти, унинг Туркий дунё ҳақидаги қарашлари, Ўзбекистон билан давлатлараро алоқалар ва ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантиришдаги хизматлари ҳақида сўзлаб, унинг номидаги Озарбайжон Маданият Марказининг мамлакатларимиз ўртасидаги маданий алоқаларни ривожлантириш йўлидаги лойиҳалари ҳақида ҳам гапирди.

Озарбайжон Республикаси Диаспора билан ишлаш Давлат Қўмитаси раиси Фуад Муродов Озарбайжон халқининг Умуммиллий Лидери Ҳайдар Aлиевнинг ижтимоий-сиёсий фаолияти, унинг Озарбайжон давлатчилиги тарихидаги ўрни ҳақида сўз юритар экан, Ҳайдар Aлиевнинг хорижда яшовчи озарбайжонларга алоҳида эътибор қаратгани ва Озарбайжон диаспораси Умуммиллий Лидер даврида шаклланганлиги, диаспора фаолиятининг давлат даражасида йўлга қўйилишида Умуммиллий Лидернинг хизматлари беқиёс эканини қайд этди.

Фуад Муродов Озарбайжон давлатининг диаспора фаолияти ҳақида гапирар экан, қардош Ўзбекистонда ҳам кўплаб юртдошларимиз яшаётгани, озарбайжонлар мамлакат ижтимоий-маданий ҳаётида доимий равишда фаол иштирок этаётганини таъкидлади. Фуад Муродов Ўзбекистонда озарбайжонларнинг ўзлари доимий яшайдиган ва фуқаро бўлган мамлакат манфаати учун ишлаши, бундан ташқари, Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик ва биродарликни янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшиши муҳимлигига урғу қаратди.

Ўзбекистоннинг Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари Қўмитаси раиси Рустамбек Қурбонов Озарбайжон халқининг Умуммиллий Лидери Ҳайдар Aлиевнинг Совет Иттифоқи даврида ҳам, мустақилликдан кейин ҳам қардош республикалар ўртасидаги муносабатларни ўрнатиш ва ривожлантиришдаги ижтимоий-сиёсий фаолиятидаги тарихий роли ҳақида сўзлади. Ҳайдар Aлиевнинг 100 йиллиги Ўзбекистонда ҳам кенг нишонланаётгани, шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамаси томонидан махсус буйруқлар ва ҳаракатлар режаси тасдиқланганини қайд этди.

Чиқишлардан сўнг Озарбайжон Республикаси Диаспора билан ишлаш Давлат Қўмитасининг лойиҳасига кўра тайёрланган ва Ҳайдар Aлиевга бағишланган ҳужжатли фильм намойиш этилди.

Тадбир доирасида Ўзбекистон Халқ чолғулари камер оркестри томонидан Умуммиллий Лидерга бағишланган Дўстлик концерти бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист, профессор Феруза Aбдураҳимова бадиий раҳбарлигидаги “Сўғдиёна” халқ чолғулари камер оркестри томонидан озарбайжон бастакорларининг Озарбайжонга, Ҳайдар Aлийевга бағишланган асарлари, шунингдек, халқ қўшиқлари ижро этилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!