“Иқтисодий ривожланиш ва рақобатбардошликни оширишда кичик ва ўрта бизнесни кенг қўллаб-қувватлаш“ мавзусидаги халқаро конференция бошланди

Жорий йилнинг 27 май куни Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани Мираки туристик марказида “Иқтисодий ривожланиш ва рақобатбардошликни оширишда кичик ва ўрта бизнесни кенг қўллаб-қувватлаш” мавзусида халқаро конференцияси ўз ишини бошлади. Конференция Осиё тараққиёт банки (ОТБ), Жаҳон банки, БМТ Тараққиёт дастури каби халқаро ҳамкорлар билан биргаликда ташкил этилмоқда.Конференция ишида 40 дан ортиқ халқаро молия ташкилотлари экспертлари, вазирлик, идоралар ва хокимликларнинг масъул раҳбар ходимлари, мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган 100 га яқин фаол тадбиркорлар иштирок этишмоқда.
Конференция Ўзбекистоннинг 2025–2030 йилларда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш стратегиясининг навбатдаги босқичидаги амалий ҳамкорлик ишларини йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этади.
Конференция тадбиркорликни ривожлантириш орқали барқарор иқтисодий ўсиш, иш ўринлари яратиш ва маҳаллий тадбиркорларга истиқболдаги ҳамкорлик учун қулай имкониятлар майдони ҳисобланади.
Тадбирнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов, Қашқадарё вилояти ҳокими Муроджон Азимов ҳамда Бизнес-омбудсман ўринбосари Жамшид Урунов билан бир қаторда Осиё Тараққиёт Банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Канокпан Лао Арая, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фужии, Халқаро молия корпорациясининг Ўзбекистондаги бошқарувчиси Нил Маккейн каби нуфузли халқаро молия ташкилотлари раҳбарлари сўзга чиқишди.
Сўзга чиққанлар кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришнинг устувор вазифаларини муҳокама қилиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жорий йилнинг 19 март куни кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан учрашувда қайд этилган долзарб масалалар ҳақида сўз юритди.
Хусусан, 2025 йилда кичик ва ўрта бизнеснингялпи ички маҳсулотдаги улушини 55 фоизгача,саноатда 34 фоизга, аҳоли бандлигинитаъминлашдаги ҳиссасини 75 фоизга етказиш режалаштирилганлиги, соҳани ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқишда ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш зарурлиги қайд этилди.
Шунингдек сўзга чиққанлар кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш стратегиясида белгилаб берилган йўналишларни амалга оширилишида бизнес экотизимини мустаҳкамлаш, молиявий имкониятларни янада кенгайтириш, солиқ енгилликлари, рақамли хизматлар ва янги иш ўринлари яратиш каби муҳим масалалар ҳал этилиши долзарб эканини таъкидлади.
Халқаро ташкилотлар вакиллари ўз чиқишларида Ўзбекистонда тадбиркорликни ривожлантириш борасида қабул қилинаётган стратегик ёндашувларни олқишлади. Улар бу борада қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш, техник кўмак бериш ва билимлар алмашинувини давом эттиришга тайёрликларини билдирди.
Қайд этиш лозимки, кейинги беш йилда кичик ва ўрта корхоналар сони икки бараварга кўпайиб, улардаги бандлар сони 10,5 миллионга етди, бу жами меҳнатга лаёқатли аҳолининг 74 фоизини ташкил этмоқда. Иқтисодиётнинг ярмидан кўпи, саноат ва экспортнинг учдан бир қисми шу тармоққа тўғри келмоқда.
Тадбир иштирокчилари учун стратегиянинг рақамли версияси QR-кодлар орқали тақдим этилди. Шунингдек, кичик бизнес вакилларининг муваффақиятли лойиҳалари ҳақида видеоролик намойиш қилинди.