Ўзбекистонда энди ходим пенсияга ажратиладиган маблағ миқдорини ўзи белгилайди

Ўзбекистонда энди ходим пенсияга ажратиладиган маблағ миқдорини ўзи белгилайди

Ўзбекистонда пенсия тизими ислоҳ қилинади. Ходим пенсия жамғармасига ажратиладиган маблағ миқдорини ўзи белгилаши мумкин бўлади

Президент Шавкат Мирзиёев 21 ноябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда ижтимоий суғурта тизимини ислоҳ қилиш, шунингдек, уч даражали пенсия таъминоти тизимига ўтиш орқали пенсия бадалини тўлашдан манфаатдорликни ошириш зарурлигини таъкидлади. 

Бунда, биринчи даражада давлат минимал пенсия миқдорини белгилайди. Иккинчи даражада ходимнинг иш ҳақидан муайян сумма ушланиб, унинг шахсий ҳисоб-варағида тўпланади ва Марказий банк қайта молиялаштириш ставкасидан кам бўлмаган фоиз ҳисоблаб борилади. Учинчи даражада ходим пенсия жамғармасига ажратиладиган маблағ миқдорини ўзи белгилайди.

«Бу тизим қўлланилса, фуқаро кафолатли давлат пенсиясини олиш билан бирга ўз хоҳишига қараб, пенсия ёшида қанча пенсия олишини ўзи белгилаш имконига эга бўлади», — дейилади Президент матбуот хизмати ахборотида.

Шу боис Молия вазирлигига Жаҳон банки ва нуфузли молия ташкилотлари экспертлари билан ҳамкорликда пенсия тизимини ислоҳ қилиш концепциясини ишлаб чиқиш, шунингдек, ижтимоий суғурта турларини қайта кўриб чиқиш бўйича топшириқлар берилди. 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!