Ўзбекистонда доривор ўсимликлар экспорти ортмоқда

Ўзбекистонда доривор ўсимликлар экспорти ортмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитасида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директорининг “Аҳолини сифатли ва арзон дори воситалари, тиббий буюмлар билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.

– Мамлакатимизда фармацевтика саноатини ривожлантириш, аҳолини арзон ва сифатли дори-дармон, тиббий анжомлар билан тўлақонли таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – деди Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Сардор Кариев. – 1990 йилда республикамизда атиги 2 та фармацевтика корхонаси фаолият юритган, улар томонидан 21 номдаги дори воситаси ишлаб чиқарилган бўлса, 2018 йилда бундай корхоналар сони 155 тага, ишлаб чиқарилаётган дори воситалари ва тиббий буюмлар номи 2 минг 836 тага етказилгани ҳам ушбу масалага нечоғли эътибор берилаётганидан далолатдир.

Соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири саналган ушбу соҳани янада ривожлантириш мақсадида давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 7 ноябрдаги “Фармацевтика тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ташкил этилган эди. Мутахассислар қайд этишича, ўтган давр мобайнида ушбу агентлик томонидан фармацевтика тармоғини ривожлантириш йўлида яхши натижаларга эришилди. Хусусан, жорий йилнинг биринчи ярмида қиймати 40,52 миллион долларлик 9 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилди.

Сардор Кариевнинг айтишича, 2018-2019 йилларда фармацевтика йўналишида фаолият олиб борадиган 19 та янги корхона ишга туширилди. Улар қошида дори воситасини ишлаб чиқаришга мўлжалланган 11та цех очилди. Бугунги кунда маҳаллий ишлаб чиқарувчи 27 та корхона 25 та фармакотерапевтик гуруҳга мансуб дори воситалари ва 10 номдаги тиббий буюмларни 14 та давлатга экспорт қилмоқда.

Ўзбекистонда доривор ўсимликларни етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш даражаси ортиб бормоқда. 2018 йилда мойчечак, гулжавҳар, қизилмия илдизи, наъматак ва бошқа доривор ўсимликлар плантациялари ташкил этилди. Қизилмия илдизи, наъматак, каврак, қизил дўлана ва бошқа доривор ўсимликлар Хитой, Афғонистон, Жанубий Корея, Туркия, Ҳиндистон ва Европа мамлакатларига ҳам экспорт қилинмоқда. Айни пайтда Ўзбекистонда доривор ўсимликларни қайта ишловчи корхоналар сони 51 тани ташкил қилади.

– Аҳолини сифатли, арзон дори воситалари ва тиббий буюмлар билан тўла таъминлаш борасида қилинаётган кўламдор ишларга қарамасдан, бу борадаги муаммолар ҳали буткул ечилгани йўқ, – деди Сардор Кариев. – Ана шу муаммоларни ҳал қилиш мақсадида жорий йилнинг 10 апрелида Президентимизнинг “2019-2021 йилларда республиканинг фармацевтика тармоғини янада жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Мазкур ҳужжат билан Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг вазифалари қайта кўриб чиқилди. Жумладан, фармацевтика фаолиятини (чакана реализациядан ташқари) лицензиялаш ва назоратини амалга ошириш вазифалари юклатилди. Шу билан бирга, аҳолини сифатли, безарар ва самарадор дори воситалари билан таъминлаш мақсадида 2022 йилнинг 1 январига қадар барча ишлаб чиқарувчилар, етказиб берувчилар, дори воситаларини клиник синовларини ўтказувчи клиникалар, клиниколди тадқиқотларни амалга оширувчи лабораториялар мажбурий тарзда тегишли халқаро стандартларга ўтиши белгиланди.

Тадбирда қўмита аъзолари Президентимизнинг мазкур фармони агентлик томонидан қай даражада ижро этилаётганига эътибор қаратди. Соҳада амалга оширилаётган ишлар билан бирга, мавжуд муаммо ва камчиликлар ҳам муҳокама қилинди.

Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан фармацевтика соҳасига оид 7 та эркин иқтисодий зона ташкил этилган эди. Ана шу эркин иқтисодий зоналарда соҳага оид лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бироқ эркин иқтисодий зоналарнинг айримларида ҳамон коммунал соҳа билан боғлиқ муаммолар бор ва бу лойиҳаларни амалга оширишда турли қийинчилик туғдирмоқда. Масалан, “Бўстонлиқ-фарм” ЭИЗ электр энергияси, “Паркент-фарм” ЭИЗ газ ва электр энергияси билан таъминланмаган. “Бойсун-фарм” ЭИЗда эса сув билан боғлиқ муаммо яқинда ҳал этилди.

Депутатлар агентлик фаолиятини янада жонлантириш, аҳолини сифатли, арзон дори воситалари, тиббий буюмлар билан таъминлашга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифларини билдирди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!