Қандли диабетга чалинган беморлар спорт билан шуғулланиши мумкинми?

Қандли диабетга чалинган беморлар спорт билан шуғулланиши мумкинми?

— Қандли диабет билан оғриган беморлар учун жисмоний фаоллик жуда муҳим, — дейди мутахассис. — Сабаби спорт билан шуғулланиш қонда қанд миқдорини меъёрлаштириб, умумий саломатликни яхшилашга ёрдам беради.

🟢 — Аммо, ҳар қандай жисмоний машқларни бошлашдан аввал, албатта, шифокор билан маслаҳатлашиш керак. Чунки спорт тури ва унинг интенсивлиги ҳар бир бемор учун индивидуал танланиши лозим.

🚶🏻‍♂️Диабетга чалинганлар учун бир неча спорт тури тавсия этилиб, уларнинг ҳар бири турли даражада фойдали. Айниқса, пиёда юриш улар орасида энг оммабоп ва қулайидир.

⏰ Жумладан, кунига 30 дақиқа яёв ҳаракатланиш қонда қанд миқдорини пасайтириб, юрак фаолиятини яхшилайди. Энг муҳими, бу машғулот барча ёшдаги инсонлар учун мос келади.

🚴‍♂️ Югуриш ва велосипед ҳайдаш ҳам қандли диабетга чалинган беморлар учун фойдали. Сабаби бу машқлар юрак фаолиятини мустаҳкамлаш ва ортиқча вазндан халос бўлишга ёрдам беради. Аммо ушбу машғулотлар юқори интенсивликка эга бўлгани боис, шифокор билан маслаҳатлашиш ва аста-секинлик билан бошлаш мақсадга мувофиқ.

🏊 Шунингдек, сузиш ҳам ушбу беморлар учун айни муддао. Чунки у бўғимлар учун ёқимли машғулот ҳисобланиб, юрак-қон томир тизими фаолиятини мустаҳкамлайди. Шу билан бирга, мазкур спорт тури тананинг барча мушакларини ҳаракатга келтириб, организмнинг умумий фаоллигини оширади.

🧘🏻‍♂️ Йога ҳам диабет билан оғриётганлар учун фойдали машғулот. Сабаби у стрессни камайтириб, мушакларни мустаҳкамлайди. Қолаверса, ушбу спорт тури нафас олишни яхшилаб, ортиқча асабийликни кетказади. Бу эса қонда қанд миқдорининг барқарор бўлишини таъминлайди.

🩺 Албатта спорт билан шуғулланишда бир нечта муҳим жиҳатларга эътибор қаратиш зарур. Биринчидан, жисмоний фаоллик пайти ва ундан кейин қонда қанд миқдорини текшириб бориш лозим. Сабаби бу — гипогликемия ҳолатларининг олдини олиш учун муҳим.

🫙 Иккинчидан, жисмоний машқлардан аввал ва кейин етарли миқдорда сув ичиш керак. Учинчидан, жисмоний машқларни доимий ва бир хил вақтда бажариш мақсадга мувофиқ.

‼️ Қонда қанд миқдорининг ўзгарувчанлиги, гипергликемия (юқори қанд миқдори) ёки гипогликемия (қанд миқдорининг пастлаши) ҳолатлари, инсулин ёки бошқа дори воситаларини қабул қилиш пайти, шунингдек, юқори қон босими, юрак касалликлари, вирусли инфекциялар ва ўпка хасталиклари хуруж қилганда бу беморлар спорт билан шуғулланиши мумкин эмас.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!