Учинчи рейхнинг бош афсунгари

A A A
Учинчи рейхнинг бош афсунгари

Фашизм дунёга ҳукмронлик қилишнинг барча усулларини қўллаб кўрди

ДУНЁ халқлари Иккинчи жаҳон уруши даврида Фашизмнинг инсоният бошига келтирган чексиз кулфатларини яхши билади. Гитлер ва унинг сафдошлари томонидан содир этилган кўз кўриб, қулоқ эшитмаган қонхўрлик ва ёвузликлардан кўзланган ягона мақсад, дунёга мутлақ ҳукмронлик қилиш, бутун инсониятни манфур манфаатлар қаршисида тиз чўктиришдан иборат эди. Бу йўлда улар, ҳатто илоҳий кучлар ва сеҳру жодулардан ҳам фойдаланишга уриниб кўришди. Мана шундай телба ғоя асосчиси, Гитлернинг энг ишончли ва яқин сафдошларидан бири саналган Генрих Гиммлер номи билан боғлиқ эканлигини кўпчилик ҳам билмаса керак.

Уруш йиллари Совет ва  Иттифоқчи армия орасида СС рейхсфюрери Генрих Гиммлернинг ўта махфий сейфи ҳақида турли гап-сўзлар юрарди. Гитлер армиясининг капитуляцияси олдидан унинг мустаҳкам сейфида сақланаётган махфий ҳужжатлар изсиз ғойиб бўлади. То бугунги кунга қадар Фашизм кирдикорларига бевосита алоқадор бўлган ҳужжатларни излаб топиш борасидаги барча уринишлар ҳеч бир самара бермади.

Нацистлар партиясининг етакчиси ва урушнинг асосий ташкилотчиларидан бири саналган Гиммлер полиция ҳамда хавфсизлик хизмати кучларини бошқарарди. Унинг штаб квартираси турли ёмон номлар билан танилган Вевельсбург қасрида жойлашган эди. Гиммлер 30-йилларнинг ўртасидаёқ қасрни эгаллаб, унинг энг чуқур ертўласига жуда оғир сейф жойлади. Бу ҳақда ҳеч бир кимса, ҳатто қаср комендантлари ҳам хабар топишмади. Бу улкан сейфда рейхсфюрер рейхнинг махфий ҳужжатларини сақлаган, деган тахминлар бор.

Америка армияси Вевельсбург қас­рига биринчи бўлиб киришга шошилар эди, бир неча кундан кейин бу ерга сейфни очиш ва ичидаги барча ҳужжатларни қўлга киритиш учун махсус ҳарбий бўлим етиб келади. Шундан сўнг АҚШ разведкаси томонидан мазкур операция излари бутунлай ўчириб ташланади. Жумладан, унда қатнашган аскарлар рўйхати ва сейфда сақланиб келган барча материаллар буткул йўқ қилинди. Лекин бу ҳодисани тарихдан ўчириб ташлашнинг уддасидан чиқа олишмади. СС рейхсфюрерининг сейфидаги махфий ҳужжатга бўлган қизиқишлар ва унинг атрофидаги турли гап-сўзлар йиллар давомида ошса ошдики, сўнай демади.

Айрим маълумотларга кўра, Гиммлер қадимий Вевельсбург қасрининг ертўласида афсунгарлик илми бўйича тадқиқот олиб борган. Тадқиқот натижаларини эса барчадан сир сақлаган ҳолда темир сейфида сақлаб келган.

Айтишларича, Генрих Гиммлер ашаддий нацистлардан бўлиб, унинг фикру хаёлини СС аскарларини сеҳр-жоду воситасида “Енгиб бўлмас куч”га айлантиришдек телбанома мақсад бутунлай эгаллаб олган эди. Шу сабабли кўҳна қасрни турли афсунгарлик тадқиқотлари ва маросимлари ўтказиладиган ўзининг ғоявий мактабига айлантиради. Шунингдек, Фашистлар етакчисининг ақлдан озган сафдошида Вевельсбургни дунёнинг марказига айлантириш орзуси ҳам йўқ эмас эди. СС раҳбарига унинг сароб орзу-хаёллари ҳақида бирор бир маълумот етказишга ҳеч кимнинг ҳадди сиғмасди. Гитлернинг шотирларидан ҳеч қайсиси “Вевельсбург жодугари” билан муносабатларини бузишни ҳам истамас эди-да. Гиммлернинг телбалиги эса борган сари ортиб борарди. Жумладан, у тез-тез қўл остидаги бош офицерларни махсус мажлислар залига йиғар ва сўроқ қилинаётган асирлар руҳиятига таъсир ўтказиш учун медитация билан шуғулланишга мажбур қиларди. Америкаликлар томонидан йўқ қилинган Рейхсфюрернинг махфий сейфида нацистларнинг афсун дуолари ва ўтказилган “Ўлим маросимлари” сценарийси ҳам сақланган бўлиши мумкин, деган тахминлар йўқ эмас.

Яна бир бошқа тахминларга кўра, Гиммлер бежизга ўзининг жодугарлик мактаби учун Вевельсбург қасрини танламаган. Чунки маҳаллий халқ оғзаки ривоятида айтилишича, Вевельсбург ўрнида қачонлардир Рим ҳукмронлигига қарши қўзғолон кўтарган ва озчилик аскарлар билан мутлақ ғалабага эришган қадимий Саксан империя­си жойлашган экан. Қўлга киритилган ғалабада ерлик афсунгарларнинг дуоси алоҳида аҳамият касб этган эмиш.

Умуман олганда, нацистлар қадимий герман тарихини ўзлари истаганича ясашга ва диний эътиқодиларини янгича тиклашга ҳаракат қилишарди. Вевельсбург маҳзабпарастлари ўзлари яратган Ғарб ва Шарқ ўртасидаги азалий буюк кураш ҳақидаги уйдирмаларини немис аскарларининг миясига қуйишган эди.

Гиммлер ўз агентларини дунёнинг турли бурчакларига қадимий сеҳргарлик артефактларини қидириб топиш учун сафарбар қиларди. Шунингдек, СС армияси енгилмас қудратли бўлиши учун турли махсус маросимлар ташкиллаштирар ва қўл остидаги кишиларга қуёшга топиниш байрамларини нишонлашга буйруқ берарди. Рейхсфюрер учун оташпарастликми, бутпарстликми ёки бошқа диний қарашми фарқи йўқ, асосийси унинг мақсадига хизмат қилса бўлди эди.

Ўзининг қимматли сейфини олишга ҳам улгурмай қочишга уринган Генрих Гиммлер Британия армияси томонидан асир олинади. Америка армияси эса унинг сирли сейфини қўлга киритади. Гиммлер қамоқхонада ўз жонига қасд қилиб, ўлим топади. Унинг Вевельсбург­ни дунёнинг марказига айлантириш ҳақидаги орзуси ва Гитлер армиясини “Енгилмас армия” қилиш каби уринишлари хом хаёллигича қолиб кетди. Вевельсбург қасрига келсак, у бугунги кунда ўлкашунослик музейи сифатида дунёнинг турли бурчагидан келган сайёҳларга хизмат қилмоқда.

Шу ўринда Гитлернинг шахсан ўзи бутун дунёга ҳукмронлик қилиш орзусини амалга оширишда сеҳр-жоду ва илоҳий кучларга алоҳида умид боғлаганини айтиб ўтиш жоиз, деб ўйлайман. Жумладан, унинг афсонавий Шамбалани топиш борасидаги саъй-ҳаракатлари ва Тибетга сафарбар қилинган экспедицияси туб замирида айнан мана шу ғараз мақсад бор эди. Гитлер ва Гиммлер Тибет астрологлари билан маслаҳатлашмай туриб, бирорта муҳим ҳарбий ёки сиёсий қарор қабул қилмаганлиги ҳам уларнинг сеҳр-жодуга ўзгача эҳтиромидан далолат беради.

Рус тилидан “Инсон ва қонун” мухбири Фарида ҚОРАҚУЛОВА таржимаси.

Манба АиФ


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!