Тўққиз ойда 620 млрд сўмлик авторақамлар сотилди
Жорий йилнинг тўққиз ой давомида товар-хомашё биржаси орқали 152 мингдан ортиқ автомобиль рақамлари сотилди. Бу ҳақда ЎзРТХБ матбуот хизмати хабар берди.
Хусусан, сотилган автомобиль рақамларининг жами қиймати 620 млрд сўмни ташкил этди. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан савдо ҳажми ҳам миқдор, ҳам пул ифодасида 2,6 баробарга ошган.
Қайд этилишича, ушбу сотилган авторақамлардан 97%и жисмоний шахсларга қолган 3%и эса юридик шахсларга тўғри келган.
Сотилган рақамнинг максимал нархи ўзгаришсиз қолди — 517,1 млн сўм ёки бошланғич нархдан учдан икки қисм ошди, харидор юридик шахс бўлди.
Иккинчи ўринда 10 июль куни 508 млн сўмга сотилган «чиройли» автомобиль рақами туради. Бундан ташқари, центабр ойида яна бир рақам кимошди савдосида 351,9 млн сўмга сотилган.
Республика товар-хом ашё биржасида 2023 йилда онлайн-аукционлар орқали 87 мингдан зиёд авторақамлар сотилганди. Хусусан, сотилган автомобиль рақамларининг жами қиймати 396,1 млрд сўмни ташкил этган.
Энг қиммат «чиройли» авторақам юридик шахсга 450 млн сўмга сотилган.
Ундан кейинги иккинчи ўринда юридик шахс томонидан харид қилинган 439,56 млн сўмлик авторақами турибди. Энг қиммат бешликка жисмоний шахслар томонидан сотиб олинган 399,6 млн сўм, 395 млн сўм ҳамда 378,18 млн сўмлик автомобиль рақамлари кирди.