Тундаги ўғрига суд ҳукми ўқилди
Энг аввало таъкидлаш жоизки, ўғрилик учун жиноят кодексининг 169-моддасида жиноий жавобгарлик назарда тутилган бўлиб, ўғрилик, яъни ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилишда ифодаланади.
27 ёшида бешинчи маротаба судланаётган Хусрав Раимов (исм шарифлар шартли) хавфли рецидивист бўлгани ҳолда ўзганинг мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида, ишнинг унга оид қисми алоҳида иш юритувига ажратилган шахс билан олдиндан тил бириктириб, Бувайда туманидаги МФЙ ҳудудида жойлашган деҳқон бозоридаги "Порлоқ" хусусий корхонасига қарашли Ж. Каримовнинг савдо дўконига эшикларини бузиш орқали ғайриқонуний равишда кириб, 30.000.000 сўм пуллари, 8.000.000 сўмлик тамаки маҳсулотларини яширин равишда талон-торож қилиб, воқеа жойидан яширинган ва тамаки маҳсулотларининг бир қисмини А.Ашуровага жиноий йўл билан қўлга киритилганини айтмасдан берган.
А.Ашуровадан 20 қути "Pallmall" номли, 10 қути "Kent" номли, 20 қути "Pallmall mix" номли, 1 қути "Dunhill" номли сигаретлар ашёвий далил тариқасида олинган.
Бундан ташқари, Х.Раимов жиноий ҳаракатларини давом эттириб, хавфли рецидивист бўлгани ҳолда ўзганинг мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида, ишнинг унга оид қисми алоҳида иш юритувига ажратилган шахс билан олдиндан тил бириктириб, такроран И. Жасуровнинг яшаш хонадонида жойлашган савдо дўконига эшикларини бузиш орқали ғайриқонуний равишда кириб, 500.000 сўмлик озиқ-овқат маҳсулотларини яширин равишда талон-торож қилиб, воқеа жойидан яширинган.
Бундан ташқари, Х.Раимов жиноий ҳаракатларини давом эттириб, хавфли рецидивист бўлгани ҳолда ўзганинг мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида, ишнинг унга оид қисми алоҳида иш юритувига ажратилган шахс билан олдиндан тил бириктириб, такроран А.Ибодовнинг савдо дўконига эшикларини бузиш орқали ғайриқонуний равишда кириб, 12.350.000 сўм пулларини яширин равишда талон-торож қилиб, воқеа жойидан яширинган.
Суд, судланувчининг айбига иқрор бўлиб берган кўрсатувини ҳамда жабрланувчининг қонуний вакили, жабрланувчининг кўрсатувларини, тарафларнинг музокара нутқлари, судланувчининг охирги сўзини тинглаб, жиноят иши материалларини ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқиб судланувчи Х.Раимовни Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” бандида кўрсатилган жиноятни содир этганганликда айбли деб топиб, қонун санкциясида кўрсатилган озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
Абдурасул Миножиддинов,
жиноят ишлари бўйича Бувайда туман судининг раиси