Францияда Марин Ле Пен устидан суд жараёни бошланди

 Францияда Марин Ле Пен устидан суд жараёни бошланди



Ле Пен ва Франциянинг ўта ўнг “Миллий бирдамлик” партиясининг бошқа аъзолари Европа Иттифоқи маблағларини ўзлаштирганликда ҳамда Европарламент депутатларининг ёрдамчиларини сохта ёллаш йўли билан партияни яширинча молиялаштирганликда айбланмоқда. Агар Марин Ле Пен айбдор деб топилса, у 2027 йилги президентлик сайловида қатнаша олмайди.

Айблов хулосасига кўра, “Миллий бирдамлик” партиясидан Европарламент депутатларига ёрдамчи сифатида ёлланган одамлар аслида Европа Иттифоқидаги вакиллари учун эмас, балки шахсан Ле Пен ёки унинг партияси учун ишлаган.

Европа Иттифоқига етказилган зарар деярли 7 миллион еврога баҳоланмоқда. Маълум қилинишича, Марин Ле Пен аллақачон Европарламентга 330 минг еврони қайтариб берган. Ушбу айблов учун энг юқори жазо ўн йилгача озодликдан маҳрум қилишдир.

Марин Ле Пен билан бирга унинг синглиси Жан ва собиқ шериги Луи Алио ҳам суд жараёнига тортилган. Марин Ле Пеннинг отаси, 96 ёшли Жан-Мари Ле Пен ҳам айбланувчилар рўйхатида, бироқ унга соғлиғи сабабли суд мажлисларида қатнашмасликка рухсат берилган. Ишда жами 27 киши иштирок этмоқда, суд мажлислари ноябрь ойининг ўрталарига қадар давом этади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!