Зеленскийнинг «Ғалаба режаси». Бу қандай ҳужжат ва нега Украина президенти уни АҚШга олиб келди?
Владимир Зеленский Қўшма Штатларга «ғалаба режаси»ни келтираётганини, у ташрифи давомида президент Жо Байденга, шунингдек, Демократик ва Республикачилар партиясидан президентликка номзодлар Камала Харрис ва Дональд Трампга тақдим этишини айтди. Аммо бу қандай ҳужжат ва унда қандай фикрлар борлиги асосий интрига бўлиб қолмоқда.
Ўтган йили Украина президенти БМТ Бош Ассамблеясида Украинанинг жанг майдонида сезиларли натижа бермаган қарши ҳужуми фонида нутқ сўзлаган эди. Шу билан бирга, яна бир муаммо пайдо бўлди - муҳим халқаро ёрдам оқими, биринчи навбатда, АҚШдан секинлашди.
Гарчи бир йил ўтиб, америкаликларнинг фронтида ҳам, сиёсий ҳаётида ҳам кўп нарса ўзгарган бўлсада - мамлакат фаол сайлов жараёнига шўнғиди - Украина президенти яна қўллаб-қувватлаш ва аниқ ёрдам учун америкалик шерикларига мурожаат қилмоқда.
Украина учун вазият оғирлигича қолмоқда: руслар Донбассда муваффақиятли ҳужумларини давом эттирмоқда, мамлакат метр сайин ҳудудини йўқотмоқда.
Украина Қуролли кучлари Бош штаби босиб олинган ҳудуд бўйича маълумотларни эълон қилмаяпти, Россия томони эса август ва сентябр ойи бошида Россия армияси Украина ҳудудининг деярли минг квадрат километрини назоратга олганини расман маълум қилди.
Август ойи бошида Украина Қуролли кучларининг Курск операцияси кутилмаган бўлди. Орадан бир ярим ой ўтди ва 20 сентябрь ҳолатига кўра, Украина қўшинлари, Киевга кўра, Россия ҳудудининг тахминан 1200 квадрат километрини назорат қилмоқда. Бироқ, у ерда ҳам руслар ўз мавжудлигини кучайтира бошладилар ва Украина кучларини сиқиб чиқаришга ҳаракат қилмоқдалар.
Урушнинг қайноқ босқичи давом этмоқда ва Украина учун Ғарб шерикларининг унга ҳарбий ва молиявий ёрдам кўрсатишда давом этиши жуда муҳим.
Шунинг учун Владимир Зеленский Қўшма Штатларга янги ташаббус билан чиқди - Украина президенти идораси буни «ғалаба режаси» деб атади.