Тошкент ва Минск ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари янада кенгайтирилади

Тошкент ва Минск ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари янада кенгайтирилади

Ўзбекистон элчиси Раҳматулла Назаров Минск шаҳар ижроия қўмитаси раиси Владимир Кухарев билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА.

Мулоқот чоғида томонлар турли соҳалардаги ҳамкорликнинг асосий йўналишларини муҳокама қилдилар.

Владимир Кухарев иқтисодиёт, маданият, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт соҳаларида ҳамкорлик истиқболлари катта эканини таъкидлади. Бу масалалар, жумладан, яқинда Минск шаҳар ижроия қўмитаси делегациясининг Ўзбекистон ва Беларусь ҳудудлараро II форумига ташрифи чоғида муҳокама қилинди ва икки давлат пойтахтлари ўртасида биродарлашган шаҳарлар муносабатларини ўрнатиш ҳамда 2024-2025 йилларга мўлжалланган савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик режаси тўғрисида битим имзоланди.

“Эришилган келишувларнинг амалга оширилиши биродарлашган шаҳарлар ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришга янги суръат бағишлайди. Биз ҳамкасбларимизни қизиқтирадиган йўналишлар бўйича учрашувлар ташкил этишга тайёрмиз”, - деди Владимир Кухарев.

Элчи Раҳматулла Назаров, ўз навбатида, ҳудудлараро ҳамкорлик мамлакатлар ўртасидаги ўзаро алоқаларнинг самарали механизмларидан бири эканини таъкидлади.

“Товар айирбошлаш даражасига эришилгани қисман ҳудудларга ҳам боғлиқ. Биз ҳудудлараро алоқаларнинг ривожланишига кўмаклашамиз. Бир-биримиздан ўрганишимиз керак бўлган нарса кўп. Иқтисодиётларимиз рақобатбардош эмас, балки бир-бирини тўлдиради. Беларусда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар Ўзбекистонда талабга эга. Ва аксинча. Бундан ташқари, Ўзбекистон учинчи мамлакатлар бозорларига чиқиш платформасига айланиши мумкин”, – деди элчи.

Учрашувда саноат кооперацияси, хусусан, ёғочга ишлов бериш ва мебель ишлаб чиқариш, болалар овқатларини етказиб бериш, Минск шаҳрида Ўзбекистон савдо уйини ташкил этиш имкониятларига эътибор қаратилди. Соғлиқни сақлаш, тажриба алмашиш ва малака ошириш учун таълим соҳалари вакилларининг ўзаро ташрифлари, ижодий гуруҳларнинг гастрол сафарларини ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!