Толиблар миллиардларни қаердан олади?

Толиблар миллиардларни қаердан олади?

Толибон ўзлари назоратга олган ҳудудларга солиқ жорий қилди, транспорт компаниялари ва уяли алоқа операторларидан ўлпон талаб қилишди, шунингдек Покистон ва Форс кўрфази мамлакатларидан пул олиб турардилар. Бу йилига бир ярим миллиард доллардан ошарди. Давлат хазинасини тўлдириш учун бу ерли бўладими-йўқми, РИА Новости материалида ўқинг.
Фақат наркотиклармас
"Наркотиклар ишлаб чиқарилиши ҳам, контрабанда ҳам бўлмайди. Афғонистон бошқа опиум етиштириладиган мамлакат эмас", — деди "Толибон"* ҳаракати вакили Дабихулла Можаҳед. Бунда чет эл кўмаги керак бўлади, деб қўшимча қилди у.
Бундай ваъдалар биринчи бор янграётгани йўқ. 2000-йилда исломчилар халқаро майдонда тан олинишни истаб, опий етиштиришни таъқиқлашган эди. Далалар йўқ қилинарди. Ўшанда наркотрафик чиндан ҳам қисқарган эди. Аммо АҚШ Афғонистонга бостириб кириб, жангарилар ҳокимиятни қўлдан бой бергач, опиум, героин ва метамфетамин савдоси яна гуллаб-яшнай бошлади.

БМТнинг наркотиклар ва жиноятлар устидан назорат бошқармаси Афғонистонни дунёдаги энг йирик опий етиштирувчилардан бири деб ҳисоблайди. Ўтган йили кўкнори ҳосили у ерда 37 фоизга кўпайди. 263 минг гектар майдон ушбу ўсимлик билан қоплаб олинган — бу мутлақ рекорд кўрсаткичдир.
Наркотиклар толибларга, БМТнинг наркотиклар ва жиноятлар устидан назорат қилиш бошқармаси ҳисоб-китобига кўра, йилига 400 миллион доллар даромад келтиради.
Улар учун узоқ вақт асосий даромад манбаи бўлмаган. Аммо сўнгги йилларда вазият ўзгарди - исломчилар ўз иқтисодиётини диверсификация қилишди.
Турфа даромадлар кўплиги
Ҳаракат етакчиларидан бири, гуруҳ асосчиси мулла Умарнинг ўғли мулла Муҳаммад Ёқуб пул топишнинг бошқа йўлларини излашга чақирди. Жангарилар мақсадли равишда минерал ресурсларга бой ҳудудларни эгаллай бошладилар.
Афғонистонда жуда кўп фойдали қазилмалар бор - мис, боксит, темир рудаси, мармар, камёб литий. Олтин ҳам бор. Буларнинг барчаси бир неча триллион долларга баҳоланмоқда. Кўплаб қазилма жойлар ҳали ҳам тегинилмаган. Жангарилар қўлига ўтганлари эса йилига 460 миллион доллардан кўпроқ даромад олиб келади. The Financial Times маълумотларига кўра, харидорлар - бу асосан Хитой, Покистон ва БААдан келган хусусий компаниялардир.

"Май ойида БМТ толибларнинг йиллик даромади — 300 миллиондан 1,6 миллиард долларгача эканлигини маълум қилган эди. Фақат биргина солиқнинг ўзидан улар ўтган йили 160 миллион доллар йиғиб олишган. Провинцияларни босиб олар экан, исломчилар биринчи галда маҳаллий ғазнани ўмарар, қурол ва бронетехникани ўзиники қилиб олар, шунингдек, корхоналар ва аҳолидан пул йиғарди.
Ўн фоизли солиқ ва коммунал тўловлар учун йиғим киритардилар (фақат электр энергиясининг ўзи йилига икки миллион даромад келтирарди), шунингдек, юклар транзити учун ўлпон талаб қилиб, ҳар қандай бизнесга қўл суқишга уринишарди. Ёқилғи, сигарет, озиқ-овқат маҳсулотлари, дорилар, биринчи зарурат предметларини етказиб бериш ҳақидаку алоҳида мақола ёзиш керак.

Боз устига толибларга четдан ёрдам беришади. BBC News журналистларининг аниқлашларича, Форс қўлтиғи мамлакатлари - Саудия Арабистони, БАА ва Қатардаги хусусий ҳомийлардан 500 миллион долларга яқин пул тушиб туради.
Илк қийинчиликлар
"Толиблар молиявий империяни қурдилар, лекин улар ҳукумат тепасига келганида, ҳаммаси дарз кетади", - дея башорат қилди Ғарб матбуоти. Шундай бўлди ҳам. Илгари иқтисодиётнинг соядаги секторидагина хўжайинлик қилган исломчилар ҳозирданоқ биринчи қийинчиликларига дуч келишди.
Янги ҳукумат ваъдаларига ишонмай, аҳоли банкларга ўз жамғармаларини олиш учун югуришди, дейди Қобулда ишлайдиган Bloomberg мухбирлари. Бу иқтисодиётга жиддий зарба берди. Банкоматларда нақд пул қолмаяпти, нархлар шиддат билан осмонга кўтарилмоқда. Жумладан, ун ва ёғ уч баравар қимматлади. Кўчалар кимсасиз, аксарият дорихоналар эса ёпиқ.

"Банк тизими фалаж ҳолатга келган. Афғонистон — импортга тобе бўлган мамлакат. 870 миллион доллар олиб чиқилади, 8,6 миллиард доллар олиб кирилади. Толиблар энди халқни боқиши, давлат аппаратини таъминлаши керак", — дея тушунтирди РИА Новости билан суҳбатда РФА шарқшунослик институти илмий ходими, замонавий Афғонистонни ўрганиш маркази директори Омар Нессар.
Давлат ҳаражатларининг етмиш беш фоизи одатда халқаро ёрдам ҳисобига қопланган. Қобул йилига тўрт миллиард доллардан кўп маблағ олган. Энди эса бунга умид қилиб бўлмайди.
Мамлакатдан қочиб кетган Афғонистон Марказий банки раҳбари Ажмал Аҳмадийнинг сўзларига кўра, олдинги ҳукумат томонидан тўпланган маблағларнинг каттагина қисми республика ташқарисида. Тўққиз миллиард валюта захирасидан етти миллиарди АҚШда сақланмоқда. Байден маъмурияти бу активларни музлатишни режалаштирган.

Афғонистонга инфляция "сакрашлари", миллий пул бирлигининг қадрсизланиши ва қашшоқликнинг кучайиши хавф солмоқда. Агар янги ҳукумат жаҳон ҳамжамиятининг тан олишига эриша олмаса — мамлакат изоляцияда қолиши мумкин. Аммо Омар Нессарни фикрича, минтақа мамлакатлари тез орада толиблар билан музокарага киришади. Демак-ки, толиблар режимида даромад олишнинг янги манбалари пайдо бўлиши мумкин.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!