Тожикистонда Халқаро тамакига қарши кураш куни нишонланди

Тожикистонда Халқаро тамакига қарши кураш куни нишонланди

ДУШАНБЕ (Тuron24)  – 1977 йилда Америка саратоншунослик жамияти ноябрь ойи учинчи ҳафтасининг пайшанбасини Халқаро тамакига қарши кураш куни дея эълон қилган. Бу йил мазкур сана 15 ноябрга тўғри келди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, ҳар йили тамаки чекиш туфайли 6 миллиондан ортиқ киши ҳаётдан кўз юмади.

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 2018 йилнинг 2 январида “Тамаки маҳсулотларидан фойдаланишни ман қилиш ҳақида”ги қонунни имзолади. Мазкур қонундан мақсад соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва аҳолини тамаки чекиш туфайли келиб чиқадиган касалликлардан асраш бўлиб, мамлакатда тамаки маҳсулотлари экспорти ва импорти, сотувини тартибга солади.

ЖССТ мазкур қонунни инобатга олган ҳолда Эмомали Раҳмонни тамакига қарши курашишга қўшган ҳиссаси учун медал билан мукофотлади.

Мутахассисларнинг аниқлашича, бир дона тамакида 4 мингдан ортиқ кимёвий модда бўлиб, шундан 250 таси зарарли ҳисобланади, шундан 50 таси саратон касаллигини келтириб чиқаради.

Расмий маълумотларга кўра, Тожикистонда 500 мингдан ортиқ киши тамаки чекади, шундан 78 фоизи эркаклар, 10 фоизи аёллар, қолган 12 фоизи ўсмирлардир.

Бундан ташқари, мутахассисларнинг таҳлилига кўра, Тожикистоннинг 97,8 фоиз аҳолиси тамаки маҳсулотлари инсон саломатлиги учун зарарли деб билади. Аҳолининг 92,5 фоизи тамакига қарши олиб борилаётган сиёсатни қўллаб-қувватлайди, 90,3 фоизи эса тамаки чекишни истамайди.

Тожикистоннинг “Тамаки маҳсулотларидан фойдаланишни ман қилиш ҳақида”ги қонунига мувофиқ саломатлик марказлари ичида, маданият, спорт, таълим муассасаларида, маъмурий биноларда, давлат корхоналари, хорижий ташкилотлар, умумий овқатланиш жойларида, меҳмонхона, жамоат транспорти, бекатлар, темирйўл вокзали, аэропорт, болалар майдончалари, кўпқаватлар уйларнинг кириш қисми, лифтлар, ер ости йўллари ва бошқа жамоат жойларида тамаки маҳсулотларидан фойдаланиш қатъиян тақиқланади. Тамаки маҳсулотлари фақатгина махсус белгиланган жойлардагина чекилади.

Manba: turon24.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!