ТИВ: Карантин ҳудудда қолган ўзбекларни эвакуация қилиш учун рад жавоби берилмоқда

ТИВ: Карантин ҳудудда қолган ўзбекларни эвакуация қилиш учун рад жавоби берилмоқда

Хитой ҳудудида бўлиб турган ёки ушбу мамлакатга боришни режалаштираётган Ўзбекистон фуқароларини ТИВ яна бир марта огоҳлантирмоқда. 

Ўзбекистоннинг Хитойдаги Элчихонаси ва Шанхай шаҳридаги Бош консулхонаси тақдим этган маълумотга кўра 2020 йил 25 январь ҳолатига кўра коронавирусли пневмониядан вафот этганлар сони 56 нафарга, касалланганлар еса 1587 нафарга етди, яна 1965 киши касалланган деган гумон билан шифокорлар назоратида. Улар орасида Ўзбекистон фуқаролари қайд этилмаган.

Ушбу вируснинг янада тарқалишини олдини олиш мақсадида Хубей провинсиясининг Ухань шаҳри ва бошқа 12 та шаҳри карантин учун ёпилди. Маҳаллий ҳокимият гавжум жойларда вирус юқиши хавфининг юқорилигини инобатга олиб санитария тадбирлари давомида ташқарига чиқмасликни маслаҳат бермоқда.

Карантин эълон қилиниши муносабати билан тегишли ҳокимият органлари Хитойда аккредитация қилинган хорижий мамлакатларнинг барча дипломатик ваколатхоналарига чет эл фуқароларини карантин эълон қилинган шаҳарлардан эвакуация қилиш бўйича рад жавобини бермоқда. Карантин киритилганидан сўнг бошқа давлатнинг элчихоналари ўз фуқароларини эвакуация қилгани тўғрисидаги хабар ҳақиқатга тўғри келмайди.

Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистоннинг Хитойдаги дипломатик ваколатхоналари вазиятни назоратга олган ҳамда барча масалаларни, жумладан зарурат туғилганда Ўзбекистон фуқароларини эвакуация қилиш масаларини ҳал қилиш учун тегишли ҳокимият органлари билан доимий алоқада бўлиб турибди.

Элчихона ва Бош консулхона вакиллари Ўзбекистон фуқаролари билан доимий мулоқот ўрнатган, жумладан “WeChat” ижтимоий тармоғида “Uxan 2020 O‘zbekiston” ва “Uzbeks in Wuhan” гуруҳлари ишлаб турибди.

Aйни пайтда мазкур вазиятни мониторинг қилиш ва вируснинг Ўзбекистон ҳудудида тарқалишининг олдини олиш бўйича тегишли чоралар кўриш учун Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осийишталик агентлиги қошида штаб ташкил этилди. Хавфли ҳудудлардан келадиган барча фуқаролар кузатувга олинади.

Юқоридагиларни инобатга олиб ТИВ Хитой ҳудудидаги Ўзбекистон фуқароларига зарур ҳолатларда исталган вақтда мамлакатимизнинг Пекин шаҳридаги Элчихонасига (тел.: +86 135-1102-4242, Бобур Яхяйев, +86 139 1175-4476, Шухрат Умиров) ҳамда Шанхай шаҳридаги Бош консулхонасига (тел.:+86 131-2255-5772, Aзиз Улуғбеков) мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!