Шавкат Мирзиёев ва Ражаб Тоййиб Эрдўғон телефон орқали сўзлашди

Шавкат Мирзиёев ва Ражаб Тоййиб Эрдўғон телефон орқали сўзлашди

Шавкат Мирзиёев 11 август куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати маълум қилди.

Давлат раҳбарлари қутлуғ Қурбон ҳайити муносабати билан бир-бирларини ҳамда азалий қардош халқларимизни қизғин қутлаб, энг эзгу ва самимий тилакларини изҳор этди.

Президентлар сўнгги йилларда мамлакатлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва ишонч, биродарлик, стратегик шериклик тамойилларига асосланган алоқалар сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий ҳамда маданий-гуманитар соҳаларда жадал ривожланиб бораётганини катта мамнуният билан таъкидлади.

Мулоқот чоғида жорий йил 5—6 август кунлари Анқарада Ўзбекистон ва Туркия ташқи ишлар вазирлари ҳамраислигида бўлиб ўтган Стратегияни режалаштириш гуруҳининг биринчи йиғилиши натижалари ҳамда Туркиянинг дунёдаги элчиларининг ўн биринчи конференциясида Ўзбекистон делегациясининг фахрий меҳмон сифатидаги иштирокини юқори баҳоланди.

Президентлар раислигида бўлиб ўтадиган олий даражадаги Ўзбекистон—Туркия стратегик ҳамкорлик кенгаши илк йиғилишига ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўриш муҳимлиги алоҳида қайд этилди.

Суҳбатда турли йўналишларда имзоланган битим ва лойиҳалар, эришилган ўзаро манфаатли келишувларни тўлиқ рўёбга чиқариш ва алоқаларни янада мустаҳкамлаш бўйича томонларнинг интилиши қатъий ва муштарак эканлиги таъкидланди.

Дўстона ва очиқ руҳда кечган мулоқотда халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди, шунингдек, бўлажак икки томонлама тадбирлар режаси кўриб чиқилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!