Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов бир-бирига мактуб йўлладилар

Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов бир-бирига мактуб йўлладилар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов бир-бирига мактуб йўлладилар. Уларда икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги даражаси ҳамда Самарқандда бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти саммити якунлари юксак баҳоланган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Шавкат Мирзиёев

Жаноби Олийларига

Муҳтарам Шавкат Миромонович!

Энг аввало, Самарқанддаги Туркий давлатлар ташкилоти саммити давомида Туркманистон делегациясига кўрсатилган самимий меҳмондўстлик ва алоҳида эътиборингиз учун чуқур миннатдорлик билдираман.

Саммит доирасида Сиз билан ғоят мазмундор, самимий ва ишонч руҳида ўтган учрашувимиз туркман ва ўзбек халқлари ўртасидаги кўп асрлик қардошлик ва яхши қўшничилик ришталарини яна бир бор тасдиқлади. Биз ушбу қадриятларни нафақат сақлаб қолдик, балки бугунги кунгача етказиб, давлатлараро муносабатларнинг пойдеворига айлантирдик.

Туркийлар ва умуман жаҳон цивилизациясининг бешикларидан бири бўлган айнан Самарқандда қардош халқаримизнинг муштараклиги тасдиқлангани, дўстлик ва барча йўналишлардаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга суръат бағишлангани, глобал тараққиётнинг бугунги жуда мураккаб шароитларида туркий давлатларнинг бирлиги, жипслиги, ҳамкорлигининг сиёсий ва мафкуравий асослари мустаҳкамлангани чуқур рамзий маънога эга.

Сиз саммитда ўзгача меҳмондўстлик, ўзаро ишонч ва очиқлик муҳитини яратганингизни алоҳида таъкидламоқчиман. Тадбирнинг муваффақиятли ўтгани, айтилган мақсадларга эришилгани кўп жиҳатдан шу туфайлидир. 

Иштирокчи давлатлар туркий дунё ғояларига, ўзига хос тарихий йўлига, анъана ва урф-одатларнинг бардавомлигига, аждодларимиз мероси ва умумий илдизларимизга қатъий содиқлигини тасдиқлагани Самарқанд учрашувининг энг муҳим натижаси бўлди.

Бу тушунчалар давлатларимиз ўртасидаги икки томонлама муносабатларни тўлиқ ифода этади. Сизнинг Туркманистонга, унинг халқига бўлган ҳурматингиз, дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга тайёрлигингиз туфайли мамлакатимизда Сизга юксак эҳтиром билан қарайдилар.

Туркман ва ўзбеклар шунчаки қўшни эмас. Биз тили, маданияти, дини билан боғланган, ўтмиш, бугун ва келажакдаги ягона тақдирини ҳис этаётган қардошлармиз. Бу ҳақда сўз юритганда, учта қадим нақлни келтирмоқчиман:

- қўшни келди – кўмак келди;

- меҳмон отангдан улуғ;

- қиёмат куни - қўшнидан.

Ўзбек биродарларимизга нисбатан ҳис-туйғуларимизнинг асл моҳияти, биргаликда барпо этиш, ривожланиш, ўзаро ҳамкорлик қилишга доир тасаввурларимиз айнан шу мақолларда мужассам.

Яқинда Туркманистонда амалга оширган расмий ташрифингиз чоғида Сиз билан ўтган учрашувимизда, Самарқанддаги саммит доирасидаги маросимда қўлларингиздан “Туркий дунёнинг олий ордени”ни олаётганимда шу ҳақда кўп ўйладим. Биламан, Сиз, қардошим қўллаб-қувватлагани учун ушбу юксак мукофотга сазовор бўлдим. Бунинг учун чуқур миннатдорлигимни қабул қилинг.

Ҳурматли Шавкат Миромонович,

Туркманистон-Ўзбекистон муносабатларини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш йўлида қилаётган барча саъй-ҳаракатларингиз учун ташаккур. Сизнинг Ўзбекистонга раҳбарлигингиз давомида сиёсий, иқтисодий, маданий ҳамкорлигимиз сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди.

Бир қатор йирик қўшма инфратузилмавий лойиҳалар амалга оширилди, ташқи сиёсий соҳада, минтақавий ва глобал барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш бўйича ҳамкорлик механизмлари амалда ишлай бошлади. Ўзбекистон Туркманистоннинг бетарафлиги ва халқаро ташаббусларини қўллаб-қувватлаётганини кўриб турибмиз ва юксак қадрлаймиз. Мен буни Сиз билан, Сизнинг икки томонлама алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътиборингиз ва иштирокингиз, икки халқ ва давлат ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликка садоқатингиз билан боғлайман.

Яна бир бор Туркий давлатлар ташкилоти саммитининг муваффақиятли ўтказилгани билан табриклашга ҳамда Туркманистон доим Ўзбекистон ёнида туришини, муносабатларимиз замиридаги бунёдкорлик мақсадларига қатъий амал қилишини ишонтириб айтишга ижозат бергайсиз.

Сизга, ҳурматли Шавкат Миромонович, мустаҳкам соғлик, оилавий бахт ва фаровонлик, Ўзбекистон етакчилигида, кўп қиррали давлат ва сиёсий фаолиятингизда катта муваффақиятлар тилайман.

Чуқур ҳурмат ва катта эҳтиром билан,

Гурбангули Бердимуҳамедов,

Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ Маслаҳати Раиси


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!