Савицкий музейи мутасаддилари Музей дўстлари жамғармаси ёпилишига изоҳ берди

Савицкий музейи мутасаддилари Музей дўстлари жамғармаси ёпилишига изоҳ берди

Игорь Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи маъмурияти жума куни «Нукус музейи дўстлари» (Friends of Nukus Museum) жамғармасининг ёпилиши ҳақидаги хабарларга изоҳ берди.

Нидерландияда асос солинган инсонпарварлик жамғармасининг 2018 йил сўнгида ёпилиши тўғрисидаги хабар 6 ноябрь куни Россиянинг «Артгид» порталида эълон қилинди. Интернет манбаси жамғарма раҳбари Дэвид Пирсга таяниб, ташкилот 2001 йилдан буён Савицкий музейига моддий ёрдам, китоблар ва ускуналар тақдим этиб, ёрдам бериб келганини ёзди.

Жамғарманинг тарқатиб юборилишини Дэвид Пирс сўнгги уч йилда музейга тортиқ қилинган совғалар, жумладан аудиоускуналар ва китобларнинг йўқолгани билан изоҳлади. «Бизга маълум бўлгани шуки, улар мусодара қилинган ёки ўғирланган», — дея жамғарма раисидан иқтибос келтирар экан, «Артгид» Нукусдаги музей раҳбарияти бу ҳолатга изоҳ беришдан бош тортганини қайд этади.

Савицкий музейи маъмурияти баёнотида эса музейга тақдим этилган аудиоускуналар ва босма маҳсулотларни (китоблар, откриткалар) ўз ичига олган инсонпарварлик совғалари жамғарма кўмагида ишлаб чиқарилгани ва музейга 2015 йилга қадар муддатда тақдим этилгани айтилади.

«Барча босма маҳсулотлар ва барча аудиогидлар музейда. Бироқ 2015 йилда бошланган музейни текшириш ва инвентаризация ишлари вақтида мазкур босма маҳсулотлар [солиқ хизмати томонидан] муҳрланган ва музей маъмурияти ҳозирча тегишли органлар рухсатисиз муҳрни бузиш ва у ердаги маҳсулотларни чиқариш ҳуқуқига эга эмас», — дейилади баёнотда.

«Музей раҳбарияти мазкур масала устида ишламоқда. Умид қиламизки, тез орада барча муҳрланган маҳсулотлар жамоатчиликка тақдим этилади ва музейимиздаги дўконларда савдога чиқарилади», — дея қайд этди маъмурият.

Музей маъмуриятининг қўшимча қилишича, сўнгги уч йил ичида жамғарма музейга, жумладан моддиқ ёрдам кўрсатгани йўқ. «Бироқ биз умид қиламизки, жамғарма фаолиятини тўхтатмайди ва музей билан ҳамкорлик қилади», — дейилади баёнотда.

Янгиликка 2015 йилда музей директори лавозимидан бўшатилган Мариника Бобоназарова муносабат билдирди.

«Матбуотда „Нукус музейи дўстлари“ турли босма маҳсулотлар, оргтехникалар, ускуналар, аудиогидлар ва бошқалар йўқолгани сабабли ёпилгани ҳақида ёзишмоқда. Буни юзаки ёндашув деб ҳисоблайман. Аслида клуб бошқаруви сўнгги уч йил давомида музейнинг барча сўнгги директорлари билан учрашиб, уларга ва Маданият вазирлиги раҳбариятига ўз саволларини йўллаб, жавоб ола билишмади. Улар чин юракдан севиб, хотирловчи музей ва Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятига қўшган ҳиссаси эътиборсиз қолдирилгач, қарор қабул қилиниб, барча айтиб ўтилган инстанциялар хабардор қилинган», — деб ёзди Мариника Бабаназарова Facebook-саҳифасида.

Manba: gazeta.uz

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!