Саудиядаги саммитда Исроил ва Ҳамас ўртасида музокараларни тиклашга ҳаракат қилинмоқда

Саудиядаги саммитда Исроил ва Ҳамас ўртасида музокараларни тиклашга ҳаракат қилинмоқда

Саудия Арабистони якшанба куни Исроил ва Ҳамас ўртасида давом этаётган урушнинг глобал иқтисодиётга таъсири ҳақида огоҳлантираркан, минтақавий «барқарорлик»ка чақирди. Ар-Риёдда Жаҳон иқтисодий форумининг икки кунлик махсус йиғилиши ўтказилмоқда, унда Ғазодаги можарони тўхтатиш бўйича музокаралар олиб бораётган воситачилар ҳам қатнашмоқда.
Саммит иштирокчилари орасида АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ҳам бор, у араб етакчилари билан музокараларнинг навбатдаги раундида иштирок этиш учун Саудия Арабистонига учиб келган. Давлат департаменти у можаро кенгайишининг олдини олиш зарурлигига урғу беришини айтган.

Шунингдек фаластинлик етакчилар ҳамда Исроил ва Ҳамас ўртасида ўт очишни тўхтатишда воситачилик қилишга ҳаракат қилаётган бошқа мамлакатларнинг юқори мартабали мулозимлари таклиф этилганди.

Ғазодаги уруш, шунингдек Украинадаги ва бошқа мамлакатлардаги можаролар «иқтисодий» кайфиятга «жуда кучли» босим кўрсатмоқда, деган Саудия Арабистони молия вазири Муҳаммад ал-Жадаан форумдаги илк муҳокамалардан бирида.

«Ўйлайманки, мамлакатлар, етакчилар ва одамлар совуққонроқ бўлиб, вазият ҳақиқатан ҳам юмшатилишига ишонч ҳосил қилиши керак. Минтақага барқарорлик даркор», — деган Жадаан.

«Бугун дунё хавфсизлик ва фаровонлик ўртасидаги мувозанатни топишга ҳаракат қилиб, тор канат йўлидан юрмоқда, — деган Саудия Арабистони режалаштириш вазири Фейсал ал-Иброҳим шанба кунги матбуот анжуманида. — Биз битта нотўғри мулоҳаза, нотўғри ҳисоб ёки бирор тушунмовчилик муаммоларимизни янада чуқурлаштирганида учрашамиз».

Жаҳон иқтисодий форуми президенти Борге Бренде «гаровдагилар бўйича музокараларда, шунингдек… Ғазодаги боши берк кўчадан чиқиш эҳтимоли бўйича музокараларда янги импулс кўзга ташланаётгани»ни айтган.

Аммо Исроил саммитда иштирок этмайди ва Бренденинг қайд этишича, Қатар ва Миср иштирокидаги воситачилик саммитда расман муҳокама этилмаяпти. Ўз навбатида, Ғазодаги гуманитар вазият, шунингдек Ҳамас ва Ливандаги «Ҳизболлоҳ»ни қўллаётган Эрон масаласи муҳокама қилинади, дея қўшимча қилган у.

Шанба куни Ҳамас улар ҳали тириклигини кўрсатиш учун гаровдагиларнинг икки нафари иштирокидаги видеони намойиш этди, Исроилда эса келишув талаби билан йирик намойишлар бўлиб ўтмоқда. Ҳамас вакиллари Исроилнинг Ғазода ўт очишни тўхтатиш эҳтимоли тўғрисидаги сўнгги таклифини ўрганаётганини маълум қилган. Бир кун олдинроқ ОАВда Миср делегацияси боши берк кўчага кириб қолган музокараларни тиклашга уриниш учун Исроилга етиб келгани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди.

Рафаҳ штурми

Саммитда чиқиш қилган Фаластин мухторияти раҳбари Маҳмуд Аббос фақат Қўшма Штатлар Исроилни Рафаҳга ҳужум қилишдан қайтариши мумкинлигини айтиб, ҳужум яқин кунларда амалга оширилиши кутилаётганини қўшимча қилган.

Исроил ташқи ишлар вазири Исраел Катс агар Ҳамас гаровдагиларни қўйиб юборишга рози бўлса, Ғазо жанубидаги Рафаҳ шаҳрига режалаштирилган юриш тўхтатилиши мумкинлигини айтди.

Исроиллик ҳарбийлар ўтган ҳафта бошида агар ТсАҲАЛ миллионга яқин фаластинлик бошпана топган Рафаҳга юриш бошласа, кўпроқ тинч аҳоли вакилларини қабул қилиш мумкин бўлиши учун соҳилдаги «гуманитар зона» кенгайтирилишини маълум қилганди. Бу баёнотдан кейин Исроил ўтказилиши зарурлиги ҳақида анчадан буён айтиб келаётган, аммо амалий ҳаракатлар бошланмаган Рафаҳга юриш жаҳон ҳамжамияти босимига қарамай яқин вақтлар ичида бошланиши мумкинлиги тўғрисидаги хавотирларни пайдо қилди.

Қуддус таълим ва ёрдам жамғармаси Исроил армияси шаҳарни штурм қилишга тайёрланаётгани тўғрисида тарқалган хабарлардан кейин Рафаҳдан Хон Юнус томонга қочган фаластинликлар учун 500 та чодирдан иборат лагер ўрнатган
Исроил Ҳамасдан келаётган ҳарбий таҳдидни бартараф этиш учун Ғазо ва Миср чегарасида жойлашган Рафаҳга ҳужум қилиши зарурлигини маълум қилган. Исроиллик ҳарбийлар Ҳамаснинг 24 баталёнидан 20 тасини йўқ қилгани ва ҳозирда Рафаҳда жойлашган қолган жанговар тузилмалар ҳам йўқ қилиниши лозимлигини айтишган.

Исроилликлар Ҳамас олий ҳарбий раҳбарияти ва жангариларни йўқ қилишдан ташқари гуруҳ 7 октябрдан буён гаровда ушлаб турган 129 кишини топишни ҳам истайди, уларнинг кўпчилиги айнан Рафаҳда экани тахмин қилинади.

Байденнинг маъмурияти бир неча бор Исроилни Рафаҳда йирик ҳарбий амалиёт ўтказишдан тийилишга чақирган.

«Президент Байден жуда аниқ қилиб айтди: биз Рафаҳда йирик ҳарбий амалиёт ўтказилишини қўллай олмаймиз», — деганди ўтган ҳафтада Энтони Блинкен. Унинг сўзларига кўра, бундай қадам шаҳарда қолган тинч аҳоли вакиллари учун «даҳшатли оқибатларга эга бўлади», Исроил эса, унинг фикрича, ўз ҳарбий мақсадларига бошқа усуллар билан ҳам эришиши мумкин.

Ғазо секторига ёрдамнинг катта қисми Рафаҳ ҳудудидаги иккита назорат-ўтказиш пунктлари орқали кириб келади. Айни вақтда бу ерда БМТ агентликлари ва бошқа ёрдам гуруҳлари жойлашган, шунингдек кўплаб шифохона ва клиникалар ишламоқда. Ёрдам, айниқса озиқ-овқат етказиб берилишидаги ҳар қандай тўхталиш ҳалокатли оқибатларга эга бўлиши мумкин. БМТ ва бошқа халқаро гуманитар ташкилотлар Ғазо очлик ёқасида турганидан огоҳлантиришмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!